Жаҳон | 21:30 / 17.11.2025
3011
4 дақиқада ўқилади

Бизнесни 15 дақиқада бошлаш тизими ва ўзбек-туркман чегараолди савдо зонаси – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

1 январдан «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тизими ишга тушади

2026 йил 1 январдан эътиборан «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойили жорий этилиб, ўз бизнесини рўйхатдан ўтказаётган тадбиркорларга шу вақтнинг ўзида электрон рақамли имзо калитини бериш, банк ҳисобварақларини очиш, кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси гувоҳномасини олиш, онлайн назорат-касса машиналарини масофадан туриб сотиб олиш ва уларни солиқ органларида онлайн тарзда рўйхатдан ўтказиш ва бошқа хизматлар тақдим қилинади.

Бу хизматлардан фойдаланиш тадбиркор учун ихтиёрий бўлади. Танланган хизматлар бўйича ягона QR код орқали тўловни амалга ошириш имконияти яратилади.

«Шовот–Тошҳовуз» чегараолди савдо зонаси ишга туширилди

Президент Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов олий даражадаги музокаралардан сўнг «Шовот–Тошҳовуз» қўшма чегараолди савдо зонасини очиш маросимида иштирок этди. Янги савдо ҳудуди Хоразм ва Тошҳовуз вилоятлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Мазкур ҳудудда дирекция, божхона, карантин, фитосанитария ва ветеринария хизматларининг маъмурий бинолари, савдо павильони ва омборлар жойлашган.

Зонада «ягона дарча» тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатилади. Шунингдек, интерфаол тизимлар, банк, тиббиёт ва меҳмонхона хизматлари учун зарур инфратузилма, катта автотураргоҳ ҳам ташкил этилган.

Якка тартибдаги тадбиркорларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади

Президент фармони билан, Ўзбекистонда бизнес юритишни соддалаштириш чоралари белгиланди.

Амалдаги тартибга кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳужжатларда тўлиқ исм-шарифи билан атаб келинади. 2026 йил 1 январдан бошлаб эса улар ўз фирма номига эга бўлиши мумкин – президент фармони асосида бунга рухсат берилди. Шунингдек, юридик шахслар лицензия қоидаларини бузгани учун жаримага тортилганида, уларнинг мансабдор шахсларини алоҳида маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби бекор қилинади.

«Credit House» иши судга оширилди: 9 киши айбланмоқда

Тошкентда осон шартлар билан уй олиб беришни ваъда қилган «Credit House» ва «In Fin Strоy Invest» билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари якунланиб, иш мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилди.

Маълум бўлишича, иш доирасида айбланаётганлар 9 киши. Улар уюшган гуруҳ томонидан жуда кўп миқдорда фирибгарлик, мулкий зарар етказиш, жуда кўп миқдорда валюта қимматликларининг қонунга хилоф муомаласи, чет эл валютасини яшириш, жуда кўп миқдордаги солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа моддалар билан айбланмоқда.

ИИВ «Криминал» дастурида эълон қилинган дастлабки маълумотда 860 нафардан ортиқ фуқаро жабрланувчи сифатида эътироф қилинган ва аниқланган зарар миқдори 182 млрд сўм экани айтилганди.

Ўзбекистонда илк бор она ва ўғил ўртасида вена трансплантацияси амалга оширилди

Миллий тиббиёт марказида Ўзбекистон тиббиёти тарихида илк бор бир инсондан бошқасига тери ости йирик вена (vena saphena magna) трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди.

Қирғизистонлик 71 ёшли аёл оёқларидаги оғир қон етишмовчилиги туфайли ампутация хавфи остида эди. Унинг 43 ёшли ўғли эса онасини сақлаб қолиш мақсадида донор бўлиб, венаси беморнинг пастки оёқ артериясига шунт сифатида кўчириб ўтказилди... Ушбу тарихий операция беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш билан бирга, Ўзбекистон тиббиётида янги саҳифа очилганини яна бир бор тасдиқлади. Ҳозир беморнинг ҳам, донорнинг ҳам аҳволи барқарор.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид