Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов “Шовот–Тошҳовуз” қўшма чегараолди савдо зонасини ишга тушириш маросимида иштирок этди.

Мазкур ҳудудда дирекция, божхона, карантин, фитосанитария ва ветеринария хизматларининг маъмурий бинолари, савдо павильони ва омборлар жойлашган.
Зонада “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатилади. Шунингдек, интерфаол тизимлар, банк, тиббиёт ва меҳмонхона хизматлари учун зарур инфратузилма, катта автотураргоҳ ҳам ташкил этилган.


Янги савдо зонаси умумий аҳолиси 3,5 миллиондан зиёд бўлган иккита муҳим ҳудуд – Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
















