Ўзбекистон | 15:25 / 20.05.2024
6175
2 дақиқада ўқилади

Малайзиянинг Petronas компанияси Ўзбекистон газ саноатига қайтади

Малайзиянинг Petronas компанияси Ўзбекистон бозорига қайтади ва газни қайта ишлаш бўйича иккита йирик лойиҳани амалга оширишда иштирок этади. Ушбу компания 2014 йилда Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпиб, мамлакатдан чиқиб кетганди.

Фото: AP

Ўзбекистон Малайзиянинг Petroliam Nasional Bhd (Petronas) компанияси билан ҳамкорликда газни қайта ишлаш бўйича иккита йирик лойиҳани амалга оширишни режалаштиряпти. Бу ҳақда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

“Малайзиянинг нефт ва кимё соҳасидаги энг катта Petronas компанияси билан иккита йирик лойиҳани амалга оширишга келишиб олдик. Биринчиси MTO технологияси асосида газни чуқур қайта ишлаб, ундан полимер ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлади. Иккинчиси газдан “яшил” аммиак ишлаб чиқариш лойиҳаси. Ҳозирда Европа, АҚШ каби давлатларда яшил ўғитларга жуда катта талаб бор. Шунинг учун, бу иқтисодиётимиз учун жуда аҳамиятли лойиҳалар”, деди Лазиз Қудратов.

Унинг қўшимча қилишича, ўзаро ҳамкорлик асосида Сирдарё вилоятида IT соҳасида қўшма корхона ва ўқув маркази ҳам ташкил қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим ўтган ҳафта Тошкентга ташриф буюрди, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бу ташриф икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очишини таъкидлади.

Маълумот учун, Petronas компанияси олдин ҳам Ўзбекистон газ саноатида ишлаган. Хусусан, Малайзия компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан Устюрт минтақаси Урга, Қуаниш ва Акчалак гуруҳи конларини ўзлаштиришда маҳсулот тақсимлаш ҳамда Сурхондарё вилоятидаги Бойсун инвестицион блоки конларини ўзлаштириш бўйича маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги келишувларга эга бўлган. Аммо, компания 2013 йил ўрталарида мазкур келишувлардан чиққан ва кейинги йил Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпган.

Мавзуга оид