Ўзбекистон | 20:47 / 25.02.2024
17619
5 дақиқада ўқилади

«Док-1 Макс» иши бўйича ҳукм 26 февралда эълон қилинади. Шов-шувли ишда воқеалар ривожи қандай кечди? 

«Док-1 Макс» препаратидан заҳарланиш иши доирасида бошланган судда ҳукм ўқилиши кутилмоқда. Суд 2023 йил августида бошланганди. Kun.uz бутун воқеа хронологиясига назар солди.

2022 йил 22 декабр куни ижтимоий тармоқларда «Док-1 Макс» препарати болалар ўлимига сабаб бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Самарқанддаги болалар шифохонасида «Док-1 Макс» препарати сабаб 15 нафар бола вафот этгани маълум бўлди.

Ушбу дори воситаларининг Ўзбекистондаги савдоси 2022 йил 22 декабрдан вақтинча тўхтатилди. Бирин-кетин турли ҳудудларда «Док-1 Макс»дан заҳарланиш ҳолатлари аниқлана бошлади.

Тана ҳароратини тушириш ва даволаш мақсадида «Док-1 Макс» препаратидан фойдаланган болаларда буйрак зарарланиши ва етишмовчилиги белгилари кузатилади.

26 декабрга келиб Самарқандда  препаратни ичган 18 бола вафот этгани тан олинди.

27 декабр куни ДХХ Тергов бошқармаси «Quramax Medical» МЧЖ ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатиб, гумонланувчиларни дарҳол ҳибсга олди.

Бу вақтга келиб республиканинг турли ҳудудларида ҳам болалар «Амбронол» ва «Док-1 Макс» дори воситаларидан заҳарланиш ҳолатлари аниқланаётганди.

Ҳиндистон ҳукумати «Док-1 Макс» ишлаб чиқарувчиси бўлган Marion Biotech компаниясига нисбатан тергов бошлади ва ушбу сиропни чиқаришни тўхтатиб қўйди.

«Док-1 МАКС»ни ишлаб чиқаришда ингредиентлардан бирининг фармацевтик версияси эмас, заҳарли саноат версиясидан фойдаланилгани маълум бўлди.

Ўзбекистонда олиб борилган тергов жараёнлари якунланиб, жиноят иши судга ўтказилгач, жамоатчилик ушбу сиропдан жами 65 бола заҳарланиб, вафот этганидан хабар топди.   

2023 йил 11 август куни «Док-1 Макс» иши бўйича суд жараёни бошланди. Тергов натижаларига кўра жами 21 киши, жумладан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев, Ҳиндистон фуқароси бўлган «Quramax Medikal» МЧЖ директорига айблов эълон қилингани маълум бўлди. Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл, уларнинг 7 нафари қамоққа олинганди.

Суд 2023 йил 1 декабр куни ишга алоқадор янги шахслар айбланувчи тариқасида жалб этиш учун жиноят ишини тергов органига қайтарди ҳамда ишни кўришни 1 ой муддатга тўхтатди.

2024 йил 5 январ куни, 1 ойлик танаффусдан сўнг суд иши қайта тикланди ва унда йўталга қарши сиропдан 16 нафар бола ҳаёт учун хавфли даражада жиддий жароҳатлангани, 2 нафар бола енгил жароҳат олгани, яна 3 нафар бола заҳарланиш оқибатида вафот этгани маълум бўлди.

10 январ кунги суд мажлисида прокурор яна икки шахсга нисбатан айблов эълон қилинганини маълум қилди. Улардан бири – Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказининг Фармакология қўмитасида бош мутахассис лавозимида ишлаган Фаррух Толипов эди.

11 январ куни бўлиб ўтган суд мажлисида кўрсатма берган Сардор Кариев илк бор жиддий баёнот берди. У ўзига нисбатан терговда тазйиқ, жисмоний ва руҳий қийноқлар қўлланганини, асоссиз айбланаётганини, «Док-1 Макс» препаратидан заҳарланиш воқеасида айбсиз эканини, барча ишлар ортида ўзининг ўша вақтдаги биринчи ўринбосари Улуғбек Эгамов турганини, тергов ва судда барча далиллар уни айблашга қараб кетган бўлса ҳам жавобгарликка тортмаётганини айтди.

Судда жабрланувчилар судланувчилардан 1 миллиарддан 8 миллиард сўмгача компенсация ундиришни сўради.

29 январ куни бўлиб ўтган суд мажлисида кўрсатма берган ҳиндистонлик судланувчи терговда ундан Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариевга қарши кўрсатма бериш сўралгани, «Бизга сен эмас, Сардор ва унинг оиласи керак», дейишганини айтди.

Прокурор музокара нутқида Фармацевтика тармоқларини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев ва унинг икки ўринбосари сифатида ишлаган А.А. ҳамда М.Н.га 18 йилдан, ҳиндистонлик айбланувчи, «Quramax Medical» МЧЖ директори С.Р.П.га 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси сўради.

Сардор Кариевни ҳимоя қилаётган адвокатлар болаларни заҳарлаган дориларга гувоҳномалар Кариев агентлик раҳбари этиб тайинлангунига қадар олинган бўлганини, ушбу дорилардаги заҳарли воситаларни аниқлаш ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий жиҳатдан имконсиз бўлганини, терговда Кариевга қўйилган айбловлар судда ўз исботини топмаганини айтишди.

Судда сўнгги сўз айтган аксарият судланувчилар жазо тайинлашда енгиллик сўраган бўлса, Фармагентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариев қўйилган айбловларга умуман иқрор эмаслигини, унга оқлов қўлланган тақдирдагина адолат қарор топишини маълум қилди.   

Ниҳоят, 6 ойдан ошиқроқ давом этган суд жараёнлари ўз ниҳоясига етди. Иш бўйича ҳукм 2024 йил 26 феврал куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Мавзуга оид