Ижтимоий тармоқларда “Док-1 МАКС” препарати болалар ўлимига сабаб бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда
Самарқанддаги болалар шифохонасида Док-1МАКС препарати сабаб 15 нафар бола вафот этгани айтилмоқда. ССВ матбуот хизмати вазият ўрганилаётганини маълум қилди. Ушбу дори воситаларининг Ўзбекистондаги савдоси 22 декабрдан вақтинча тўхтатилди.
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари М.Қ. Азизовнинг вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовга йўллаган расмий хати тарқалди. Унда айтилишича, охирги пайтда болалар ўртасида нафас йўллари вируси касалликлари кўпайган. Шундай вазиятда беморларга шифокорлар ёки оналарнинг ўзи Док-1МАКС препаратини беришяпти.
Хатда бу препаратнинг таркиби ҳақида ҳам маълумот берилган. Унга кўра, Док-1МАКС препаратида 500 мг парацетамол, 200 мг гвайфенизин БФ ва 10мг фенилефрина гидрохлорид БФдан бор.
«Док-1МАКС препарати қўлланганда жуда кўп ҳолатларда ножўя таъсири оқибатида бизга мурожаат қилмоқда. Асосан болаларда буйрак зарарланиши ва етишмовчилиги белгилари билан намоён бўлмоқда», – деб ёзган марказ бош врачи М.Қ. Азизов.
Маълум қилинишича, марказга охирги 2 ойда 21 нафар бемор шу дорини қабул қилгандан сўнг ножўя таъсири билан мурожаат қилган. Бемор болаларда асосан анурия кузатилган.
«Булардан 17 нафарида касаллик ниҳоятда оғир кечди, ҳатто бир нечта гемодиализ сеанслари ўтказишга ҳам тўғри келди. 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилди», – дейилган тарқалган хатда.
ССВ матбуот хизмати «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситалари билан боғлиқ вазият ўрганилаётгани ҳақида хабар қилди.
«Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги дорихоналардан харид қилинган «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситаларини қабул қилгандан сўнг беморларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ушбу вазиятни дарҳол назоратга олди. Беморлар аҳволини ўрганиш ва ҳолат сабабларини аниқлаш мақсадида тезкор мутахассислар гуруҳи тузилди.
Унинг таркибига агентлик ҳамда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат марказининг малакали мутахассислари киритилди.
Самарқанддаги дорихоналардан харид қилинган Ҳиндистонинг Marion Biotech Pvt. Ltd компаниясига тегишли «Док-1 Макс» таблетка ва лимон ва асал таъмли сироп дори воситалари ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилмоқда. Лаборатория таҳлиллари якунлангач, унинг натижалари ҳақида эълон қилинади», дейилади вазирлик ахборотида.
Фармацевтика агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, бу дори воситаларининг Ўзбекистондаги савдоси 2022 йил 22 декабрдан вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақда «Quramax Medical» МЧЖ томонидан реализация қилинган ташкилотларга хабар юборилган.
Мавзуга оид
21:24 / 23.11.2024
Олимлар бактериялардан янги антибиотик яратди
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
17:57 / 19.11.2024