Иқтисодиёт | 21:42 / 13.04.2023
87420
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Алишер Усмоновнинг икки синглисига санкция қўллади

Ўзбекистоннинг 5 нафар фуқароси (Алишер Усмоновнинг қариндошлари) АҚШнинг Россияга қарши киритган янги санкциялари рўйхатига тушди. Рўйхатдан Ucell'га эгалик қилувчи Digital Invest ва Ўзбекистоннинг учта компанияси ҳам жой олган.

Фото: Facebook

12 апрел куни АҚШ ҳукумати Россиянинг Украинага босқини билан боғлиқ санкциялар рўйхатини кенгайтирди. АҚШ Молия вазирлигининг санкцион рўйхати 20 та мамлакатдаги 120 та юридик ва жисмоний шахслар билан тўлдирилди. Улар орасида 5 нафар Ўзбекистон фуқароси ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган 3 та компания ҳам бор.

SDN List'га қўшилган ўзбекистонлик жисмоний шахслар – миллиардер Алишер Усмоновнинг қариндошлари. Улар қуйидагилар:

  • Исмоилова Гулбаҳор Бурҳоновна – Алишер Усмоновнинг синглиси. Акаси билан The Sister Trust'га эгалик қилади. АҚШ ҳукуматига кўра, Гулбаҳор Нарзиева Ўзбекистондан ташқари, Россия ва Кипр фуқаролигига ҳам эга. Унга нисбатан аввалроқ Европа Иттифоқи, Британия ва Швейцария ҳам санкция қўллаган. Тошкентда жойлашган Федорович номидаги клиника таъсисчиларидан бири (82,1 фоиз, қолган улуш Зуннур Исмоиловга тегишли).
  • Нарзиева Саодат Бурҳоновна – Алишер Усмоновнинг синглиси. Акушер-гинеколог, тиббиётда 30 йилдан ортиқроқ стажга эга. Аввалроқ унинг Швейцариядаги Credit Suisse банкида 1,8 млрд франк маблағи бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган, Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати буни рад этганди.
  • Кочарова Гулноз Зуннуровна – Ўзбекистондан ташқари Россия ва Кипр фуқаролигига ҳам эга. Кипрдаги Almenor Holdings директори. АҚШ ҳукумати бу компания Алишер Усмоновнинг “Кипрдаги тармоғи”га киришини қайд этган.
  • Носирхўжаев Шоҳрух Олимжонович – БААда жойлашган, Алишер Усмоновнинг “Металлоинвест”ига қарашли Hamriyah Steel металлопрокат заводи бош директори.
  • Нарзиева Насиба Эркиновна – Шоҳрух Носирхўжаевнинг турмуш ўртоғи, Саодат Нарзиеванинг қизи.

Бундан ташқари, санкцион рўйхатга Алишер Усмоновнинг ўгай ўғли Винер Надан Ададиевич ҳам киритилган. Бизнесмен Москвада бир қатор компанияларга эгалик қилиши, Латвияда элит тоифадаги кўчмас мулк эгаси экани кўрсатилган.

Алишер Усмоновга дохил АҚШ санкциялари, шунингдек, Ўзбекистондаги Ucell алоқа операторининг 51 фоиз улушига эгалик қилувчи Digital Invest'ни ҳам қамраб олган (Ucell'нинг 49 фоизи Ўзбекистон ҳукуматига қарашли). Алишер Усмоновнинг USM Telecom компаниясига қарашли Digital Invest Ўзбекистонда Ucell'дан ташқари CRPT Turon (маркировкалаш оператори), Pervaya Bashennaya Kompaniya ва New Solutions компанияларига ҳам эгалик қилади.

Бироқ АҚШ Молия вазирлиги Digital Invest ва “МегаФон” фойдасига истиснони ҳам эълон қилди. Унга кўра, Америка фуқаролари ва компаниялари Россиянинг бу иккита компанияси билан ҳар қандай битимлар тузиши, хусусан Америка маҳсулотлари ва технологияларини уларга сотиши мумкин, лекин шарти шуки, бу ҳамкорлик Тожикистон ва Ўзбекистонда телекоммуникация хизматларини кўрсатишга қаратилган бўлиши керак.

Юқорида келтириб ўтилган, АҚШ Молия вазирлиги томонидан киритилган санкцияларга қўшимча равишда, АҚШ Савдо вазирлиги ҳам бир қатор компаниялар билан ҳамкорлик қилишга чекловлар жорий этди. Савдо вазирлигининг қора рўйхатида Ўзбекистондан Alfa Beta Creative ва GFK Logistic Asia компаниялари жой олган. Улар санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Америка товарларини Россия мудофаа саноати эҳтиёжлари учун сотиб олишга уринганликда айбланмоқда.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона реестрига кўра, бу икки МЧЖ бир манзилда – Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Навоий кўчаси 16А-уйда жойлашган.

Alfa Beta Creative 2022 йил 6 июнда рўйхатга олинган. Устав капитали – 2 млн сўм. Асосий фаолият йўналиши – “бошқа турдаги офис техникалари ва ускуналарининг улгуржи савдоси”. Таъсисчиси – Светлана Каримовна Ҳайдари.

GFK Logistic Asia 2018 йил 28 мартда рўйхатдан ўтказилган. Устав капитали – 200 млн сўм. Асосий фаолият йўналиши – “қуруқлик транспорти соҳасидаги хизматлар”. Таъсисчилари – GFK Logistic Asia (80%) ва Шукуров Алберт Абдусаматович (20%).

Эслатиб ўтамиз, кеча Kun.uz АҚШ санкцияларининг мазкур пакетидан Ўзбекистондаги йирик солиқ тўловчилардан бири – “Оҳангаронцемент” заводи ва унинг таъсисчиси Akkermann Cement CA ҳам жой олгани ҳақида хабар берганди. Akkermann Cement CA Алишер Усмоновнинг USM ҳолдингига кирувчи Akkerman Cement томонидан ташкил этилган.

Аввалроқ, Ўзбекистон Европа Иттифоқидан Алишер Усмоновга қўйилган санкцияларни бекор қилишни сўраётгани, ушбу миллиардер туфайли Германия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик баҳс юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Мавзуга оид