Ўзбекистон | 23:31 / 12.09.2025
4014
4 дақиқада ўқилади

Аҳолини рўйхатга олиш тадбири ва жарима балларини олган 60 минг ҳайдовчи – маҳаллий дайжест

2026 йилда Ўзбекистон аҳолиси ва қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолати, чорва моллари ва паррандалар сонини рўйхатга олиш жараёни бўлиб ўтади. Пойтахтдаги экологияга зарар етказаётган корхоналар Тошкент вилоятига кўчирилади. Уч ойда 60 мингдан зиёд ҳайдовчи жарима балларини олди. Самарқанд боғчаларига музлатилган ва ҳидланган гўшт етказилгани айтилмоқда. «Ташаббусли бюджет»да яна 35 та лойиҳа қўшимча ғолиб деб топилди. Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

2026 йилда аҳолини рўйхатга олиш жараёни ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишларини самарали ташкил этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

Қайд этилишича, 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар Ўзбекистон аҳолиси ва қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолати, чорва моллари ва паррандалар сонини рўйхатга олиш жараёни бўлиб ўтади. Тадбирнинг дастлабки 17 куни интернет орқали, кейинги бир ой мобайнида эса «маҳалла еттилиги» иштирокида уйма-уй юриб амалга оширилиши белгиланмоқда.

Рўйхатга олиш натижасида 38 миллион аҳолининг таркиби ва миграцияси, оилавий ҳолати, фаолият тури, даромад манбалари тўғрисида ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.

Пойтахтдаги экологияга зарар етказаётган корхоналар Тошкент вилоятига кўчирилади

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Қайд қилинишича, Тошкент вилоятидаги айрим бўш ерлар «Тошкент инвест» компанияси ва шаҳарнинг саноат зоналари дирекциясига ажратилиб, пойтахтда экологияга зарар келтираётган корхоналар шу жойларга кўчирилади.

Вилоятда 2 миллиард 500 миллион долларлик инвестициявий лойиҳалар ишлаб чиқилган. Агар улар бажарилса, 11 мингдан зиёд аҳоли бандлиги таъминланади, 434 миллион долларлик экспорт қуввати яратилади.

Уч ойда 60 мингдан зиёд ҳайдовчи жарима балларини олди

1 июндан бошлаб, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тизими ишга туширилган эди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг хабар беришича, ўтган уч ой ичида 60 мингдан ортиқ ҳайдовчи жарима балларини олган.

Шунингдек, уч ой ичида қоидабузарликлар ва йўл-транспорт ҳодисалари сезиларли даражада камайган. Хусусан, июн-августда 167 мингта қоидабузарлик аниқланган бўлиб, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан (285 мингта) 58 фоизга кам. Бу даврда ҳайдовчи айби билан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 2024 йилдаги 531 тадан жорий йилда 338 тагача — 36 фоизга қисқарган.

Самарқанд боғчаларига музлатилган ва ҳидланган гўшт етказилгани айтилмоқда

9 сентябрдан Самарқанд вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотлари янги аутсорсинг компанияси билан ишлай бошлади. Аммо дастлабки кунданоқ ижтимоий тармоқларда норозиликлар пайдо бўлди.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги кўплаб боғчаларга етказиб берилган маҳсулотлар, айниқса гўшт сифати ҳақида шикоятлар кўпайди. Хабарларга кўра, боғчаларга музлатилган ва ҳатто ҳидланган гўшт тарқатилган. Kun.uz ушбу ҳолат бўйича журналистик суриштирув олиб борди.

«Ташаббусли бюджет»да 35 та лойиҳа қўшимча ғолиб деб топилди

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан ғолиб бўлмаган навбатдаги лойиҳаларни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 47 млрд 657 млн сўм ажратилиб, 35 та лойиҳа қўшимча равишда ғолиб деб топилди.

Амалдаги тартибга кўра, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан қўшимча тарзда ғолиб лойиҳаларни эълон қилиш ваколати берилган.

«Ташаббусли бюджет»нинг 2025 йил иккинчи мавсумида 18734 та лойиҳа иштирок этди, улар учун жами 11 млн 137 мингта овоз берилган ва қиймати 3,1 трлн сўмдан ортиқ бўлган 2332 та лойиҳа ғолиб деб топилган.

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид