Telegram 2024 йилда 1 миллиард доллар даромад қилди
Мессенжер асосчиси Павел Дуровга кўра, 2024 йилда Telegram илк марта даромадга чиқиб, крипто-активларни ҳисобга олмаганда йилни 500 млн доллардан ортиқ нақд пул захираси билан якунламоқда. Компания охирги 4 йилда 2 миллиард долларга яқин қарзларини ёпган.
2024 йилда Telegram мессенжери ўзининг 3 йиллик монетизацияси давомида илк марта даромадга чиқди, дея маълум қилди мессенжер асосчиси Павел Дуров.
«Telegram Premium обуначилари сони уч баробар кўпайиб, 12 миллиондан ошган. Рекламадан фойдаларимиз ҳам бир неча марта ошди. Натижада 2024 йилда Telegramʼнинг умумий даромади 1 миллиард доллардан ошди ва крипто-активларни ҳисобга олмаганда, йилни 500 миллион доллардан ортиқ нақд пул захираси билан якунлаймиз», — деган Дуров.
Сўнгги тўрт йилда Telegram 2 миллиард долларлик қарзларини ёпган. Уларнинг катта қисми жорий йил кузда чиқарилган Telegram облигациялари ҳисобига қопланган.
Монетизациядан мақсад — биз учун фойдаланувчилар асосий приоритет бўлишини кафолатлашдир, дейди Павел Дуров.
Павел Дуров август ойининг охирида Париж аэропортида қўлга олинганди. У уюшган жиноятчилик билан боғлиқ жиноятларда, жумладан, гиёҳванд моддалар ва болалар порнографиясини тарқатишда иштирок этганлик ҳамда ваколатли органларга маълумот беришдан бош тортганликда айбланган эди. Ҳибсга олинганидан кейин бир неча кун ўтгач, Дуров гаров эвазига қўйиб юборилди.
Айни вақтда Дуровга Францияни тарк этиш тақиқланган. Кейинроқ Павел Дуров мессенжер фойдаланиш шартлари ва махфийлик сиёсати ўзгарганини, ушбу сиёсатни бузганларнинг телефон рақамлари ва IP-манзиллари қонуний талабларга жавобан тегишли органларга ошкор этилишини маълум қилган.
Шунингдек, халқаро нашрлар мессенжер нафақат Франция, балки бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари сўровига кўра маълумотларни тақдим қила бошлаганини ёзди.
Мавзуга оид
20:56 / 31.12.2024
Павел Дуров рус медиа каналларига Европа Иттифоқи санкция киритганини тан олди
21:30 / 30.12.2024
Telegram Малайзияда лицензия олиш учун ариза берди
00:26 / 29.12.2024
Европада бир қатор Россия оммавий ахборот воситаларининг Telegram каналлари блокланди
20:54 / 12.12.2024