Ўзбекистон | 16:36 / 14.02.2025
6488
10 дақиқада ўқилади

Хусусий ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганадиган ёшлар рағбатлантирилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида мамлакат ёшлари билан мулоқоти чоғида инсон учун она тили билан бирга хорижий тилларни билиш дунёга чиқишда жуда муҳимлиги, айниқса, тижоратда бунинг ўрни беқиёслигини таъкидлади. 

Энди, хорижий тиллардан “С1” даражасига эга бўлган ёшлар ташаббус кўрсатиб, олис ва чекка ҳудудларда чет тилларига ихтисослашган ўқув марказларини очса, уларга 120 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади.

Шунингдек, меҳнат бозорига тил биладиган ёшлар кириб келишини рағбатлантириш учун хусусий ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганадиган ёшларга харажатлари “2+6” шаклида қоплаб берилади. Бунда ўқув харажатларининг дастлабки 2 ойи ўқувчиларнинг ўз маблағидан, қолган 6 ойи давлат ҳисобидан тўлаб берилади.

Жорий йил IT соҳаси экспортини 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бунда асосий куч, албатта, ёшлар экани таъкидланди.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳасига қўшимча 300 минг ёшлар жалб этилади. “Coursera” платформасида 3 мингдан ортиқ курсларда сунъий интеллект ёрдамида ёшлар учун ўзбек тилида таълим олиш имконияти йўлга қўйилади.

Бу йил "Муҳаммад Хоразмий ворислари" лойиҳаси Қорақалпоғистонда ҳам жорий этилиб, яна 1 минг нафар ёшлар қамраб олинади.

Бирлашган Араб Амирликлари билан Ўзбекистонда "Бир миллион сунъий интеллект фойдаланувчилари" лойиҳасини амалга оширишга келишилган. Рақамли технологиялар вазирлигига бу борадаги ишларни бошлаш топширилди.

Ўтган йили 25 минг нафар қизлар IT бўйича бепул ўқитилди. Бу йил дастурчи қизлар сони 2 баробар оширилиши режа қилинди. 1 минг нафар иқтидорли қизлар IT оромгоҳларида халқаро олимпиадаларга тайёрланади.

Ёшларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларини барвақт аниқлашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, салоҳиятини монетизация қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларга жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Мутасаддиларга рақамли ижтимоий экотизимни жорий этиш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш топширилди.

Мулоқотда камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали ечими таълим экани таъкидланди.

Шунинг учун кам таъминланган оилада ҳеч бўлмаганда битта фарзанд олий маълумотли бўлиши учун зарур шароитлар яратилади.

Эндиликда камбағал оиланинг фарзандига таълим кредити фоизсиз берилади, қўшимча грант ажратилади, контракт тўловининг бир қисми қоплаб берилади.

Яна бир янгилик – иқтидорли, билимга чанқоқ, лекин оғир оилавий шароити сабабли ўқиш имкониятига эга бўлмаган ёшларни хорижда ўқитиш бўйича янги тизим – “Ёрқин истеъдод” лойиҳаси жорий этилади. 

Бунда ҳар бир маҳалладан ижтимоий ҳимояга муҳтож, билимга чанқоқ ёшлар саралаб олиниб, иқтидори аниқланади. Уларнинг салоҳиятига мос хорижий олийгоҳ танланиб, тайёргарлик курсларида ўқитилади.

Хорижда таълим олиб қайтган ёшлар Миллий кадрлар захирасига тўғридан-тўғри киритилади, улар давлат органларига танловсиз ишга олинади.

Ҳар йили саралашдан ўтган 1 минг нафар ёшлар дунёнинг “топ-100” олийгоҳларига юборилиб, ўқиш ва яшаш харажатлари қоплаб берилади.

Энергетика, транспорт, урбанизация, замонавий архитектура, тиббиёт йўналишларида “Эл-юрт умиди” жамғармаси квоталари кўпайтирилади.

Бундан ташқари, дунёнинг нуфузли “топ-100” олийгоҳларида илмий даража олган 35 ёшгача бўлган ёш олимларга уй-жой учун 10 йил муддатга 800 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади.

Нуфузли халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўлганлар учун бир марталик пул мукофоти миқдори 5 карра оширилади.

Ҳарбий олийгоҳларнинг намунали тингловчилари учун “Олий бош қўмондон” давлат стипендияси жорий этилади.

Ёшларни илмга қизиқтирувчи медиа контентлар, энг яхши интеллектуал шоулар яратишга Ёшлар агентлиги томонидан 100 миллион сўмгача грантлар ажратилади.

Ёшларда табиатга меҳрни ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун “Яшил ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ташкил қилинади.

Бугунги кунда физика, кимё, биология, технология, муҳандислик, математика, бир сўз билан айтганда, STEM фанларининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Олмазор туманида 10 та мактабда муҳандислик лабораториялари ташкил қилинди. Бугун ушбу лабараторияларда 2 минг ўқувчи робототехника ва илғор технологияларни ўрганмоқда.

Барча туманлар ҳокимларига бу тажрибани ўрганиб, оммалаштириш, ўз ҳудудида 5 тадан мактабни шундай лабораториялар билан жиҳозлаш топширилди.

Тошкент давлат техника, ахборот технологиялари, кимё-технология, Турин, Инха каби 36 та техника олийгоҳи ректорлари сунъий интеллект, робототехника, дрон, киберхавфсизлик каби ихтирочилик йўналишларида “Олийгоҳ кубоги”ни эълон қилади. Энг яхши стартап лойиҳалари тижоратлаштирилади. 

Келгуси ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар ўртасида муҳандислик олимпиадалари ва танловларини ўтказиш йўлга қўйилади. Ғолиб бўлган битирувчи ёшлар техника олийгоҳларига грант асосида ўқишга киради.

Бугунги кунда мафкуравий хавф-хатарлар аллақачон кибермаконга кўчиб ўтгани қайд этилди.

Шу муносабат билан ёшларимизда интернетдан фойдаланиш маданиятини янада юксалтириш, улар ёлғон маълумотлар қурбонига айланиши, дунёқараши салбий ғоялар таъсирида шаклланишини олдини олиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Фарзандларимизнинг маънавий тарбияси ва мафкуравий иммунитетини кучайтириш, уларни ёт ғоялардан асраш ҳар биримизнинг вазифамизга айланиши шартлиги таъкидланди.

Шу боис мутасаддиларга ёшларнинг мафкуравий хавфсизлигини таъминлаш, уларни дардига малҳам бўлиб, муаммосини ҳал қилиб, турли ғоявий хуружлардан асраш, зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш ишларини кучайтириш топширилди.

Илм-фан ва таълим йўналишидаги фойдали маҳаллий интернет ресурслари реестри шакллантирилиб, улардан бепул интернет тармоғи орқали фойдаланиш йўлга қўйилади.

Нуронийларимиз иштирокида “Аждодлар меросига муносиб авлод” ғояси остида ёшларни бирлаштириш бўйича янги тизим жорий этилади. Шунингдек, ёшларда ватанпарварлик ҳиссини ошириш мақсадида “Мен буюк эл фарзандиман” умуммиллий ҳаракатини йўлга қўйиш бўйича ёшларнинг ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Ёшлар маънавиятини юксалтиришда бадиий адабиётнинг роли жуда катта экани таъкидланди. Бундан қирқ йил олдин устоз шоир Эркин Воҳидов ташкил этган “Ёшлик” журнали фаолиятини кучайтириб, уни яна ёшларимиз севиб ўқийдиган журналга айлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Тарбияси оғир ёшлар билан ишлаш бўйича тизим яратилгани натижасида салкам 1 миллион ушбу тоифадаги ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маиший муаммолари ҳал қилинди.
 
Жорий йилда ҳам 150 мингга яқин ёшлар вазирлик ва ҳудуддаги раҳбарларга номма-ном бириктирилади. Бу раҳбарлар ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, касбга ва хорижий тилларга ўргатиш, ишга жойлаштириш, тадбиркорлик қилиши учун ёрдам кўрсатишга масъул бўлади. 

Ёшлар агентлигининг туман бўлимлари ёшлар етакчилари билан бирга ўз ҳаракат дастурини ишлаб чиқади.

Ҳокимлар эса ёшлар муаммоларини ҳал қилиш, бандлигини таъминлаш бўйича ҳар ой улар билан учрашиш тизимини жорий қилади.

Ёшларимизда ватанпарварлик руҳини кучайтириш бўйича 10-11-синф ўқувчилари ўртасида бошланган “Ватан таянчи” ҳаракати касб-ҳунар мактаби, техникум ва хусусий таълим ташкилотларида ҳам йўлга қўйилиши белгиланди.

“Ватан таянчи” отрядлари ўртасида “мактаб – туман – вилоят – республика” даражасида спорт мусобақалари ва ижодий танловлар ташкил этилади.

Шу каби ҳар бир маҳаллада ёшлар ўртасида “маҳалла – сектор – туман – вилоят – республика” даражасида “Шижоат ва ғайрат” спорт ўйинлари ўтказилади. Ғолиб маҳаллаларга спорт иншооти қуриб берилади, зарур анжомлар билан таъминланади. 

“Ватан таянчи” ҳамда “Шижоат ва ғайрат” мусобақалари ғолибларига ҳарбий олийгоҳларга кириши учун тавсия берилади.

Ёшлар масаласи парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятида ҳам муҳим йўналиш сифатида қаралиши лозимлиги таъкидланди. 

Ёшларга дахлдор қонун лойиҳаларини Ёшлар парламенти аъзолари билан бирга муҳокама қилиш ва ялпи мажлисда лойиҳа бўйича ёшлар вакилларининг фикрини ҳам эшитиш мақсадга мувофиқ экани кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, маҳаллий кенгаш сессияларида ёшлар масалалари бўйича масъул органлар раҳбарларининг ахборотини эшитиш, барча маҳаллий кенгашлар ҳузурида ёшлар гуруҳларини ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилди.

Маҳаллаларда ёшлар етакчилари тизими йўлга қўйилганидан кейин ёшлар сиёсати тубдан ўзгариб, мутлақо янги босқичга кўтарилгани эътироф қилинди.

Лавозимга киришаётган ёшлар етакчиларининг касбий кўникмаларини шакллантириш мақсадида уларни тизимли равишда ўқитишни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Сўнг президент фаол ёшлар билан мулоқот қилди.

Турли ҳудудлардаги олий таълим муассасалари ва нодавлат ўқув марказлари, корхона ва фермер хўжаликлари вакиллари, ёш олим ва спортчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди, таклифлари кўриб чиқилди.

“Бугунги кунда Ватанимиз ўз тараққиётининг янги бир тарихий босқичига қадам қўймоқда. Бу даврда олдимизда илгари дуч келмаган мураккаб вазифалар, ғов ва тўсиқлар пайдо бўлиши табиий, албатта. Лекин қанчалик қийин бўлмасин, биз олдимизга қўйган улкан мақсадларга албатта етамиз.

Чунки бизнинг олис ва яқин тарихда не-не синовлардан ўтган, донишманд халқимиз бор, бугун барча соҳа ва тармоқларда майдонга дадил чиқаётган ғайрат-шижоатли ёшларимиз бор. 

Сизлар билан маслаҳат ва мулоқотни ўз фаолиятимизда асосий мезонлардан бири, деб биламиз.

Сизлар ҳам бундай юксак ишончга муносиб бўлиб, жонажон Ватанимизни ҳар томонлама ривожланган, гўзал ва фаровон мамлакатга, Учинчи Ренессанс диёрига айлантиришда олдинги сафларда бўласиз, деб ишонаман”, - деди президент сўзининг якунида.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери