Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Реновацияда қўшимча компенсация ва ҳайкални ўпган аёлга жарима – маҳаллий дайжест
Реновацияда мулкдорларга етказилган ноқулайлик учун қўшимча компенсация тўланиши мумкин. Хивада ҳайкални ўпган аёл жаримага тортилди. Футбол бўйича Суперлига ўйинларини соат 19:00 дан кейин белгилаш чоралари кўрилади. Автомобил йўлларида сунъий тўсиқ ва нотекислик яратиш тақиқланиши мумкин. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Реновацияда мулкдорларга етказилган ноқулайлик учун қўшимча компенсация тўланиши мумкин
Сенатнинг навбатдаги мажлисида «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди ва маъқулланди.
Қонунда мулкдорларга бериладиган компенсациянинг тўрт хил шакли назарда тутилмоқда. Жумладан, компенсация шаҳарсозлик реновацияси ҳудудидаги янги ёки бошқа жойдаги турар ва нотурар тоифадаги объектни мулк қилиб бериш, пул маблағлари ёхуд келишув битимида назарда тутилган бошқа шакллар орқали амалга оширилиши мумкин. Компенсация шакли мулкдор ва Шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш дирекцияси ўртасидаги келишувга мувофиқ ихтиёрий равишда танланади. Шунингдек, мулкдорларга етказилган ноқулайликлар учун компенсация миқдорининг ўн икки фоизи миқдорида бир марталик пул маблағлари берилиши белгиланмоқда.
Хивада ҳайкални ўпган аёл жаримага тортилди
ЖИБ Хива шаҳар суди Ичан-қалъадаги ҳайкаллардан бирини ўпган аёлга маъмурий жазо қўллади.
Суд қарорига кўра, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида яшовчи 25 ёшли М.Г. саёҳат қилиш учун Хива шаҳрига борган. У 21 феврал куни Ичанқалъадаги Хоразм миллий мусиқа санъати намояндаларига бағишланган ҳайкални ўпиб, тасвирга олган. Сўнгра уни ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасига жойлаштирган.
Суд қарори билан М.Г. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 64-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш ҳуқуқбузарлигини содир этган деб топилди. Унга БҲМ 5 баравари (2 млн 60 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Футбол бўйича Суперлига ўйинлари соат 19:00 дан кейин белгиланиши мумкин
Шавкат Мирзиёев раислигида 7 апрель куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда футбол бўйича миллий чемпионат ўйинлари баъзида иш вақтида ўтказилаётгани, шу боис, мухлислар давомати кутилганидек бўлмаётгани кўрсатиб ўтилди. Таъкидланишича, агар ўйин вақти дам олиш куни ёки иш кунлари кечки соат 19:00 дан кейин белгиланса, стадионлар атрофида аҳолига қизиқарли қўшимча хизматлар, мусиқий ва кўнгилочар тадбирлар ташкил қилинса, ўйин кунлари мухлислар учун қулай транспорт қатнови йўлга қўйилса, рақиб жамоа мухлисларига арзон футбол турпакетлари таклиф қилинса, клублар учун 2-3 карра кўп тушум, мухлислар учун мазмунли ҳордиқ, тадбиркорларга қўшимча даромад бўлади. Мутасаддиларга мана шу ишлар орқали стадионларга мухлислар ташрифини кескин ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Автомобил йўлларида сунъий тўсиқ ва нотекислик яратиш тақиқланиши мумкин
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида янги таҳрирдаги «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди ва маъқулланди.
Қайд қилинишича, қонунда йўл ҳаракати хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, автомобил йўлларида сунъий тўсиқлар ва нотекисликлар яратиш тақиқланмоқда, оғир вазнли ва йирик габаритли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши эса фақат махсус рухсатнома асосида амалга оширилиши назарда тутилмоқда. Қонунда пулли йўлларни ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик асосида молиялаштириш, тўловларни автоматлаштирилган тарзда ундириш, фойдаланувчи ва оператор ўртасидаги оммавий шартнома каби муносабатлар ҳам тартибга солинмоқда.
Мавзуга оид
19:39 / 09.04.2026
Янгиланган Темурийлар тарихи музейи ва банк иловалари бўйича ўзгарган тартиб – маҳаллий дайжест
19:48 / 07.04.2026
Газ қуйиш шохобчасида портлаш ва хусусийлаштириладиган “UzAuto Motors” – маҳаллий дайжест
19:33 / 06.04.2026
Тошкентдаги Бешқўрғон бозорида йирик ёнғин ва «участкавой»ларга дайди топиш режаси – маҳаллий дайжест
20:26 / 03.04.2026