Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янгиланган Темурийлар тарихи музейи ва банк иловалари бўйича ўзгарган тартиб – маҳаллий дайжест
Темурийлар тарихи давлат музейи реконструкция қилинди, президент уни кўздан кечирди. Маҳалла профилактика инспектори ортиқча вазифалардан халос этилиши айтилди. Банк ва тўлов компаниялари иловасидан фойдаланиш бўйича янги тартибга тушунтириш берилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги нишонланди
Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги нишонланмоқда. Сана муносабати билан мамлакатда маънавий-маърифий, илмий ва маданий тадбирлар ўтказилди.
Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонига ташриф буюриб, машҳур давлат арбоби, саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Сўнгра реконструкция қилинган Темурийлар тарихи давлат музейини кўздан кечирди. Давлат раҳбари янгиланган экспозиция ва бошқа шароитлар билан танишар экан, аждодлар меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этишнинг нақадар муҳим эканига урғу берди. Шунингдек, музейнинг меҳмонлар китобида дастхат қолдирди.
Маҳалла профилактика инспектори ортиқча вазифалардан халос этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди. Давлат раҳбари бугунги таҳликали замонда мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш энг устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Маҳаллаларда профилактика ишларини ташкил этиш ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Уларни ортиқча вазифалардан халос этиб, бевосита ўзига юклатилган ишга – маҳаллада хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли муаммолари билан манзилли ишлашга тўлиқ йўналтирилган тизим яратиш зарурлиги таъкидланди.
Банк ва тўлов компаниялари иловасидан фойдаланиш бўйича янги тартибга тушунтириш берилди
Марказий Банк 22 апрелдан масофавий молиявий хизматларда хавфсизлик бўйича жорий этилган янги тартиб ҳақида тушунтириш берди. Қайд қилинишича, ўзгаришлар фақат янги мижозларга тааллуқли.
Агар мижознинг телефон рақами, ЖШШИР ва банк картаси эгалиги бир-бирига мос келса, у иловадан фойдаланиши мумкин бўлди. Муаммо фақат битта ҳолатда пайдо бўлади: агар телефон рақам ёки банк карта мижозга умуман алоқаси бўлмаган бегона шахс номида бўлса. Масалан, бегона одам номига расмийлаштирилган телефон рақам; бошқа одамнинг банк картаси.
Янгийўлда 121 туп дарахт ноқонуний кесилгани аниқланди
Тошкент вилояти, Янгийўл шаҳрининг Лаззат маҳалласида тадбиркор 121 туп дарахтни ноқонуний қўпориб ташлаган. Оқибатда ўсимлик дунёсига 1,68 млрд сўмга яқин зарар етказилган. Таъкидланишича, тўпланган ҳужжатлар Тошкент вилояти прокуратурасига юборилган.
Тошкентда автобус йўл ҳақини тўламаган 32 минг киши жаримага тортилди
Январ, феврал, март ойларида Тошкент шаҳри автобусларида йўлкирани тўламасдан ҳаракатланган 32 мингдан ортиқ йўловчи жавобгарликка тортилди.
Транспорт инспекциясига кўра, қайси йўналишдаги автобусларда рейдлар кучайтирилса, шуларда йўл ҳақини тўлаш даражаси ошиши кузатиляпти. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасига асосан, жамоат транспортида йўлкира тўламаган йўловчилар БҲМ ўндан бир қисми (ҳозир 41 200 сўм) миқдорида жаримага тортилади.
Мавзуга оид
19:36 / 08.04.2026
Реновацияда қўшимча компенсация ва ҳайкални ўпган аёлга жарима – маҳаллий дайжест
19:48 / 07.04.2026
Газ қуйиш шохобчасида портлаш ва хусусийлаштириладиган “UzAuto Motors” – маҳаллий дайжест
19:33 / 06.04.2026
Тошкентдаги Бешқўрғон бозорида йирик ёнғин ва «участкавой»ларга дайди топиш режаси – маҳаллий дайжест
20:26 / 03.04.2026