Ўзбекистон | 19:30 / 20.04.2021
13360
2 дақиқада ўқилади

Ким ҳақ? — Автомобил йўллари қўмитаси Сенатнинг йўллар носозлиги оқибатида юз берган автоҳалокатлар бўйича маълумотини рад этди

Автомобил йўллари қўмитаси бўлим бошлиғи Маҳмуд Олимовга кўра, 2019-2020 йиллар давомида Ўзбекистондаги автоҳалокатларнинг бирортаси йўллар носозлиги туфайли рўй бермаган. У бу ҳақда бугун, 20 апрел куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Тадбирда Kun.uz мухбири томонидан Сенат ахборотига асосланиб, йўлларни таъмирлашга масъул шахсларнинг эътиборсизлиги оқибатида 2019 ва 2020 йилнинг 8 ойи давомида 532та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 511 нафар фуқаро жароҳатлангани ва 191 киши вафот этгани билдирилди.

Бу борада вафот этган ва жароҳатланганларга тўланган компенсациялар ҳақида маълумот бериш сўралди.

Бунга жавобан, Маҳмуд Олимов 2019-2020 йиллар давомида Ўзбекистондаги автоҳалокатларнинг бирортаси йўллар носозлиги туфайли содир бўлмаганини билдирди.

Маҳмуд Олимов

«Бунинг ҳисоботини Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва тергов идоралари олиб боради. Тергов идоралари маълумотига асосан, 2019-2020 йиллар давомида йўлнинг айби билан содир бўлган транспорт ҳодисаси қайд этилмаган.

Ҳисоботни биз олиб бормаймиз. Бунинг ҳисоботи тергов идораларида бўлади. Мен Сенатнинг ҳисоботини билмайман», – деди у.

Kun.uz мухбири тадбирдан сўнг Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг бош маслаҳатчиси Умид Жўраев билан боғланди ва хабарга аниқлик киритишни сўради.

Умид Жўраев эса Сенат сайтида берилган маълумот тўғрилиги, бу борада ўзида ҳам Йўл ҳаракати хавфсизлиги идораларидан олинган аниқ маълумотлар борлигини маълум қилди.

Абгор йўллар буюк келажакка олиб бормайди

Мавзуга оид