Ўзбекистон | 18:40 / 01.03.2023
17977
6 дақиқада ўқилади

Тадбиркорга миллиардлар, болаларга чириган олма – “бепул нонушта”нинг мазасини ким тотяпти?

Кегейлида бошланғич синф ўқувчиларига чириган олма едирган фирма Қорақалпоғистондаги қарийб 350 та мактабга нонушта тарқатиши маълум бўлди. У мазкур йўналишда ўтказилган тендерларда жами 64 лотдан 25 тасини ютган ҳамда миллиардлаб сўмлик шартномаларни қўлга киритган.

Фото: Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги тегишли қарори билан жорий 2022-2023 ўқув йилидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизими йўлга қўйилганди. Кегейлидаги ҳолат кейтеринг ташкилотлари томонидан болаларни овқатлантиришда қатор камчиликларга йўл қўйилаётганини кўрсатиб қўйди.

Бир болага 4700 сўм

Бошланғич синф ўқувчиларини овқатлантириш қандай амалга оширилади? Ҳукуматнинг юқоридаги қарори билан “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини кейтеринг усулида ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.

Мазкур Низомга кўра, санитария-гигиена меъёрларидан келиб чиқиб, битта ўқувчини бир маҳал озиқ-овқат билан таъминлашнинг ўртача нархи Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда ҳар ўқув йили учун тасдиқланади. Бунда ўртача нарх санитария-гигиена меъёрларида белгиланган миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотларини тегишли ҳудуддаги маҳсулотларнинг ўртача бозор нархига кўпайтирган ҳолда аниқланади. Ушбу сумма ҳозирги кунда 4700 сўмни ташкил этади.

Кейтеринг хизматларига ҳақ тўлаш миқдори барча харажатларни (солиқлар, ходимларнинг иш ҳақи, транспорт хизматлари ҳамда асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш ва бошқаларни) ўз ичига олган ҳолда 20 фоизгача миқдорда белгиланади.

Егулик қандай ҳолатда етказилиши керак?

Албатта, кейтеринг ташкилотига бир қатор талаблар қўйилган. Жумладан, ташкилот тайёр таомларни қадоқланган, бир марта ишлатиладиган қутиларда совиткич мосламаси ўрнатилган махсус автотранспорт воситаларида мактабларга етказиши зарур.

Кейтеринг ташкилоти узоқ ва олис ҳудудлардаги мактабларга қадоқланган тайёр таомларни ўз вақтида, сифати бузилмаган ҳолда етказиб бериш мақсадида ўша ерда жойлашган мактабларнинг бирида тайёр маҳсулотларни сақлашни ташкил этади. Бунда етказиб берилган қадоқланган тайёр таомлар уларнинг сифатига таъсир қилмаган ҳолда техник воситаларда (музлаткич, вакуум мосламалари, овқат учун мосланган контейнерлар) сақланишини таъминланади. 

Қарийб 350 та мактабга 1 та фирма

Кейтеринг ташкилотлари тендер ўтказиш орқали танлаб олинади. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли 716 та мактабда 143 минг нафардан ортиқ бошланғич синф ўқувчисини овқатлантириш учун 64 та лотда тендерлар ўтказилган. Ушбу лотларнинг 25 тасида “Tabassum Nukus” МЧЖ ғолиб бўлган ва миллиардлаб сўмлик шартномаларни қўлга киритган. Бу қарийб 350 та мактабнинг бир неча ўн минг ўқувчиларини овқатлантириш дегани.

Кегейли туманида камчиликлар аниқланган – ўқувчиларга чириган олма ҳамда зараркунандалар билан зарарланган маҳсулотлар берилган мактабларга ҳам “Tabassum Nukus” МЧЖ хизмат кўрсатади. 

Очиқ маълумотларга кўра, 601 млн сўм устав капиталига эга бўлган “Tabassum Nukus” МЧЖга 100 фоизлик улуш билан Шаҳноза Шамуратова эгалик қилади.

“Tabassum Nukus” МЧЖ қўлга киритган лотлардаги мактаблар Қорақалпоғистоннинг бир нечта туманлари ҳудудида жойлашган. Улар орасидаги масофа анчагина. Таомлар совиткич мосламаси ўрнатилган махсус автотранспорт воситаларида мактабларга етказилиши зарурлиги белгилаб қўйилган вазиятда битта фирма 350 га яқин мактабга ушбу талабни бажарган ҳолда нонушта етказиши имконсиз. Шу сабабли, Кегейлидаги текширув жараёнида озиқ-овқат маҳсулотлари махсус транспортларда эмас, йўловчи ташувчи машиналар орқали етказиб берилгани аниқланган.

Болаларни қурувчи овқатлантирмоқда

Танловда иштирок этиб, ғолиб деб топилган тадбиркорлик субъектларидан айримларининг фаолият тури овқатлантириш ёки озиқ-овқат билан боғлиқ эмас.

Масалан, ўтказилган танловларда 12 та лот бўйича ғолиб деб топилиб, 100 дан ортиқ мактабнинг бошланғич синф ўқувчиларига нонушта етказиб бераётган “Alliance Aral-S” МЧЖнинг фаолият тури турар жой бинолари қуриш деб кўрсатилган.

Бу каби маълумотлар танловларнинг шаффоф ва адолатли ўтказилганини шубҳа остига қўяди.

Бир кунда миллиардлар ўмарилиши мумкин

Кегейлидаги ҳолат Қорақалпоғистонда ўқувчиларга сифатсиз озиқ-овқат маҳсулоти берилган илк ҳолат эмас: аввалроқ Тўрткўл ва Беруний туманларида ҳам болаларга сифатсиз егуликлар берилган ва бу ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлганди. Эътиборлиси, мазкур ҳолатда кейтеринг хизмати асосида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчи корхона раҳбари ота-оналарга камчиликни бартараф этишини айтиб, узр сўраш билан қутулиб қолган.

Аслида бундай ҳолатларда жазо кескин бўлиши керак. Чунки, бу масалада бир кунгина назоратнинг сусайтирилиши миллиардларнинг ўмарилишига сабаб бўлади.

Оддий ҳисоблаб кўрилганида, Қорақалпоғистонда бир кунда 143 500 нафардан ортиқ боланинг ҳар бирига 4 700 сўмлик егулик берилиши керак. Агар сифатсиз егулик етказиб бериш эвазига ҳар болага ажратилган маблағдан 1500 сўм ўмарилса, умумий ҳисобда бу 200 млн сўмдан ортиқни ташкил қилади. Янги ўқув йилидан эса республика миқёсида бу сумма миллиардларга айланади.  

Болаларнинг ҳаққи масъулларнинг ошқозонига тушмасин

Ҳозирча Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари бепул овқатлантирилмоқда. Президент фармони билан 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади.

Гап болаларни овқатлантириш ҳақида кетар экан, бунинг назорати ҳам жиддий бўлиши керак. Айниқса, кейтеринг ташкилотини танлаб олиш учун ўтказиладиган танловлар ҳаққоний ва адолатли ўтказилиши зарур. Шунда болаларнинг ҳаққи масъулларнинг ошқозонига бориб тушмайди.   

Руслан Сабуров
Kun.uz

Мавзуга оид