Ўзбекистон | 22:30 / 28.11.2025
5166
4 дақиқада ўқилади

Real Sanjik қамоққа олинди, чанг ҳаво ҳали давом этади – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Президент сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш бўйича янги режаларни эълон қилди

Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект (СИ) соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган қатор йирик ташаббусларни эълон қилди. Унга кўра, Nvidia компанияси билан ҳамкорликда суперкомпьютер кластери ишга туширилади, АҚШ Кремний водийсида Миллий трансфер офиси очилади, мактаб, касб ва олий таълим тизимларига сунъий интеллект фанлари босқичма-босқич интеграция қилинади.

Мактаблар ўртасида ҳар йили сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап ғоялари бўйича танлов ўтказилади. Ҳар бир ҳудудда ғолибликни қўлга киритган мактабда энг замонавий СИ лабораторияси ташкил этилади.

СИ бўйича Президент танлови ташкил этилади. Ҳар йили 100 нафар энг иқтидорли ёш саралаб олиниб, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари ва Европанинг илғор технологик компанияларига стажировкага юборилади.

Ўзбекистонда стейблкоин расман тўлов воситасига айланади

2026 йил 1 январдан тўлов воситаси сифатида барқарор токен (стейблкоин) айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режими жорий этилади. Режим доирасида тўлов тизими ишлаб чиқилиб, токенлаштирилган акция ва облигациялар бозори яратилади.

Шунингдек, Ўзбекистон резиденти бўлган юридик шахс томонидан токенлаштирилган акция ва облигацияни эмиссия қилишга рухсат берилади.

Ўзбекистон ҳудудида биржа фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган фонд биржаларида токенлаштирилган акция ва облигацияларни жойлаштириш ҳамда уларнинг муомалада бўлиши учун алоҳида савдо майдончаси ташкил этилади.

Инверсия ҳодисаси кутилганидан узоқроқ давом этади

Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб совуқ антициклон таъсири 29 ноябрдан янада кучайиши ва 5 декабрга қадар сақланиши кутилмоқда. Бу ҳаво ҳароратининг пасайиши, эрталабки туман ва инверсия ҳодисаларининг узоқроқ давом этишига сабаб бўлади.

Юқори босимли майдоннинг таъсири кейинги 10 кун давомида сақланиб туриши прогноз қилинмоқда. Узоқ муддатли инверсия чанг, тутун ва майда заррачалар концентрациясининг ошишига, қуюқ туман ҳодисалари кўпайишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистонда «Бюрократияни бартараф этиш – 2030» дастури старт олади

Президент фармойишига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган «Бюрократияни бартараф этиш – 2030» дастури амалга оширилади. Дастур орқали давлат хизматларини соддалаштириш, ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш, рақамли мулоқотни кучайтириш ва суиистеъмолчилик хавфини камайтириш кўзда тутилган.

Фармойишга кўра, Дастурнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

- фуқароларнинг ҳаёт сифатини давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш орқали яхшилаш;

- тадбиркорликни рағбатлантириш, мамлакатнинг хорижий инвестициялар учун жозибадорлигини ошириш;

- рақамли бошқарув ва давлат бошқаруви соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий халқаро имижини шакллантириш;

- ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш, жараёнлар шаффофлигини ошириш орқали суиистеъмоллик хавфини камайтириш.

Блогер Санжар Каримов қамоққа олингани айтилмоқда

Ижтимой тармоқлардаги хабарга кўра, Real Sanjik номи билан танилган блогер Санжар Каримов қўлга олинди.

Санжар Каримов 26 ноябр куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган махсус рейдда ушланган. У товламачилик ҳамда ўқотар қуролларни қонунга хилоф равишда сақлаш сингари жиноятларни содир этишда гумонланмоқда.

Санжар Каримов «Қочоқ куёв ва алданган келин» иши бўйича таниш. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судяси 21 ноябр куни блогер Реал Санжикнинг ушбу фирибгарлик ишидаги иштирокини текшириб, хатти-ҳаракати қонунийлигига баҳо бериш учун прокуратурага хабарнома юборганди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид