Ўзбекистон | 11:20 / 25.05.2026
5061
7 дақиқада ўқилади

Мақсад пулни айлантириш(ми?) – самарқандча "хорижда иш" схемасидан одамлар жабрланмоқда

Самарқандда кўплаб инсонлар хорижга ишга юборишни ваъда қилган икки фирма – “HUMO GROUP CORPARATION” ва “HUMO GROUP CENTRAL” офислари олдида сарсон бўлмоқда. Уларнинг айтишича, шартномада кўрсатилган олти ойлик муддат тугаганига қарамай, фирма ҳали ҳам “кутинг” деган жавоб билан вақтни чўзмоқда. Қизиғи шундаки: ташқарида одамлар “пулимизни беринг” деб турса, ичкарида янги мижозлар билан шартнома тузиш давом этмоқда.

Kun.uz воқеа тафсилотларини ўрганди.

Жабрланганлардан бири Бекзод Абдуллоевнинг айтишича, “HUMO GROUP CORPARATION” МЧЖ билан ишлаш мақсадида Канада давлатига кетиш учун шартнома қилинган. Бироқ белгиланган олти ойлик муддатда фирма томонидан бирор бир шарт бажарилмаган.

“Мен уларнинг фаолиятидан шубҳаланиб бошладим ва пулимни қайтариб беришларини сўраб, ариза қолдирдим. Менга қўпол муносабатда бўлишди, ҳақоратлашгача боришди. Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилдим. Аммо ҳозирча ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ, масъуллар қўлингдан ҳеч иш келмайди, деб пулни қайтармаяпти”, деди у.

Рекламанинг “кучи”

Мурожаатчилар орасида нафақат самарқандликлар, балки Хоразм, Сурхондарё, Сирдарё ва бошқа ҳудудлардан келганлар ҳам бор.

Хоразм вилоятидан келган фуқаролардан бири Германияга ишчи визаси учун оилавий ҳужжат топширганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Instagram орқали тарқатилган рекламага ишониб, уч нафар оила аъзоси учун тўлов қилинган.

“2025 йилнинг 6 ноябр куни ҳужжат топширганмиз. Етти ой бўлди, сўрайверганимиздан сўнг бир марта онлайн суҳбат ўтказилди холос. У ҳам рус тилида ўтди. Лекин мен ўша суҳбат ҳақиқатан ҳам Германиядаги иш берувчи билан бўлганига ишонмадим”, - дейди Муродбек Ҳожиев.

Унинг айтишича, шартномага кўра, уч ой ичида суҳбат бўлиши керак эди. Аммо суҳбат олти ой ичида ташкил қилинган. Ҳозир эса фирма колл-марказига қўнғироқ қилишнинг иложи йўқ.

“700 километр йўл босиб келдим. “Кутинг” дейишдан бошқа жавоб йўқ. Унда пулни қайтаринг десак, “2 миллион 300 минг сўм ушлаб қолинади” дейишяпти. Нега? Шартномани мен эмас, улар бузган-ку”, - дейди у.

Сурхондарёдан келган яна бир мурожаатчи ҳам худди шундай ҳолатга тушганини айтади. Уларнинг сўзларига кўра, фирма олти ой ичида виза чиқмаса, пул қайтарилишини ваъда қилган.

“6 апрел куни пулни қайтариш бўйича ариза ёздик. Шартномада 10 иш кунида қайтарилиши кераклиги кўрсатилган. Лекин ҳозир 40 иш кунидан ҳам ошиб кетди. Ҳар сафар келсак, яна бир ойга чўзишяпти”, - дейди Маҳмуд Шодиев.

Мурожаатчилар орасида фарзандини хорижга жўнатиш учун қарз олиб тўлов қилган отахон-онахонлар ҳам бор.

“Ўғлим 14 миллион сўм тўлади. Уч ойда кетади дейишганди. Етти ой кутдик, ҳеч нарса бўлмади. Кейин бошқа агентлик орқали хорижга кетди. Бу ердагилар эса “картангизга ташлаймиз” деб юраверди. Бир ой, икки ой ўтди, натижа йўқ”, - дейди Зулайҳо Ғаниева.

Яна бир мурожаатчи эса эри фирмага тўлов қилиш учун қарз олганини айтади.

“Эрим пулни қарзга олган эди. Кейин иш чиқмагач, Россияга ишлашга кетди. Энди қарз берган одам пул сўраяпти. Биз эса бу ердан пулни қайтариб ололмаяпмиз”, - дейди у.

Онлайн суҳбатларнинг ўзига ҳам шубҳа қилиняпти

Мурожаатчиларни шубҳага солаётган яна бир жиҳат – “хорижлик иш берувчи” билан ўтказилган онлайн суҳбатлар.

Айрим фуқароларнинг фикрича, бу жараёнларнинг барчаси агентликнинг ўзи томонидан бошқарилган бўлиши мумкин.

“Мен тиббиёт соҳасида ишлайман. Рус тилида эркин гаплаша оламан. Лекин “суҳбатдан ўтмадингиз” дейишди. Нима учун ўтмаганимни ҳеч ким тушунтирмади. Менимча, у ерда ўзларининг одамлари ўтирган”, - дейди мурожаатчилардан бири.

Яна бир фуқаро эса унга “уйда шпатлёвка қилаётганингизни видеога олиб юборинг, шунга қўшиб юборамиз”, дейишганини айтади.

“Мен видеони ташладим. Кейин ўтдингиз дейишди. Бу қанчалик қонуний, билмадим”, - дейди у.

Икки фирма, бир раҳбар

Kun.uz ушбу фирмалар ҳақидаги маълумотларни ҳам ўрганди. Orginfo.uz маълумотларига кўра, “HUMO GROUP CORPARATION” 2025 йил 24 июнда, “HUMO GROUP CENTRAL” эса 2025 йил 4 августда рўйхатдан ўтган.

Иккаласи ҳам Самарқанд туманидаги бир маҳалла ва бир кўчада жойлашган. Ҳозир ҳам амалда ёнма-ён фаолият юритмоқда.

Энг қизиқ жиҳати, ҳар икки фирма раҳбари сифатида бир шахс: Шерали Отақулов Облоқул ўғли кўрсатилган. Таъсисчилар бошқа-бошқа бўлса ҳам, раҳбарнинг бир хил экани, манзиллар яқинлиги ва фаолиятнинг ўхшашлиги табиий равишда саволларни кўпайтирмоқда. Мурожаатчилар эса бу иккисини амалда “битта тизим” деб ҳисобламоқда.

Пуллар қайтарилади, қачонлиги номаълум...

Kun.uz мухбирлари фирма масъуллари билан ҳам суҳбатлашди. Ўзини иш бошқарувчи деб таништирган Бекзод Бекмирзаев ҳолатга изоҳ берди.

“Биз мижозларнинг анкеталарини тўлдирамиз, ҳужжатларини таржима қиламиз ва интернетдаги иш эълонларига жойлаштирамиз. Агар иш берувчидан жавоб келмаса, мижоз олти ойдан кейин шартномани бекор қилиб, пулини қайтариб олиши мумкин”, - деди масъул.

У шартномада пул 10 иш куни ичида қайтарилиши белгиланганини ҳам тасдиқлади. Бироқ нега одамлар ойлаб пул ололмаётгани ҳақидаги саволга аниқ жавоб берилмади.

“Ҳозир ҳисобрақамда маблағ етарли бўлмаган бўлиши мумкин. Лекин ҳамманинг пули қайтарилади”, - деди Бекзод Бекмирзаев.

ИИБга кўплаб аризалар тушган

Kun.uz мухбирлари воқеа жойида бўлган вақтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам келди. Ҳудудга масъул ИИБ ходимига кўра, мазкур фирмалар устидан ҳақиқатан ҳам кўплаб мурожаатлар тушган.

Ўша жойнинг ўзида яна янги аризалар қабул қилинди.

Бу ҳикоя ҳали тугагани йўқ. Чунки бу ерда гап фақат пул ҳақида эмас. Одамларнинг ишончи, умиди ва тақдири ҳақида кетмоқда.

Kun.uz ушбу ҳолат бўйича расмий муносабат олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига сўров юборди.

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид