Ўзбекистон | 16:44 / 11.10.2022
14735
6 дақиқада ўқилади

Навбатдаги ваъдалар: Самарқандга янги автобус ва электробуслар келади, бекатлар «ақлли» бўлади

Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти билан боғлиқ ҳолат оғирлигича қолмоқда. Шу пайтгача ваъда қилинган ишларнинг бирортаси амалга оширилгани йўқ. Ишлар ҳамон режалигича қолмоқда.

Самарқанд шаҳрида жамоат транспортининг абгор аҳволи, уни яхшилаш йўлида қилинажак ишлар ҳақида Kun.uz’да аввал ҳам хабар берилган. Хусусан, Россиянинг «SIMETRA» компанияси Самарқанд шаҳри ва шаҳарнинг 40 км радиусидаги ҳудудида транспорт ҳаракатини тартибга келтириш бўйича режа устида ишлаётгани маълум қилинган, шаҳар депутатлар эътиборига ҳавола этилганди.

Вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Акобир Ашуров журналистлар билан ўтказган ушбу матбуот анжуманида ҳам қилинган ишлар эмас, кўпроқ мўлжалланган режалар ва бўлажак лойиҳалар ҳақида гап борди.

Касод бўлаётган автокорхоналар

Акобир Ашуровнинг ҳисобот беришича, Самарқанд шаҳрида транспорт қатнови 100 фоиз хусусий қўлларда. Пандемия даврида, шунингдек, ҳокимлик томонидан субсидия маблағлари тўлаб берилмаётгани сабабли бир неча рентабелсиз йўналишларда автобус қатновлари тўхтаган, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган корхоналар қарзга ботган, банкдан олган кредитлари эвазига уларнинг автотранспорт воситалари мусодара қилинган.

Шаҳарда 60 та йўловчи ташиш йўналишларидан 21 таси ўз сарф-харажатларини қопламаганлиги учун ёпилган. Вилоят миқёсида эса жами 201 та йўналишдан 67 таси фаолиятини якунлаган.

«Аҳволнинг мана шундайлиги ҳам соҳага инвестиция кириб келиши учун катта тўсиқ бўлмоқда», — деди А.Ашуров.

Маълумки, жамоат транспорти соҳаси бутун дунёда зиёнга ишлайдиган соҳадир. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Шу сабабли ҳукумат қарорлари билан шаҳар ичида ва шаҳарлараро йўловчи ташиш билан шуғулланадиган корхоналарга субсидия ажратиш назарда тутилган. Бунинг эвазига йўлкира ҳақи 1400 сўм қилиб белгиланган. Зарар қисми давлат бюджетидан йўловчи ташувчи корхоналарга қоплаб берилади.

Акобир Ашуров, Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи

«Йўловчи ташувчи корхоналар томонидан 1 млрд сўм учун субсидияга сўров тайёрлангани билан унинг атиги 140 миллион сўми тўлаб берилди. Чунки корхоналар ҳужжатларни тегишли равишда расмийлаштиришмаган. Шу сабабли уларга молия бошқармаси томонидан рад жавоби берилди», деди А.Ашуров.

Йўлкира икки хил бўлади

Субсидияни қўлга киритиш учун нималар қилиниши керак. Аввало тушумлар бўйича аниқ ҳисоб-китоблар керак. Транспорт бошқармаси томонидан берилаётган таклифга кўра, Самарқанд шаҳрида йўлкира агар нақд пулда тўлов қилинса 2000 сўм, электрон кўринишда тўлов қилинса, 1500 сўм қилиб белгиланиши мумкин. Бундан кўзланган мақсад кўпроқ нақдсиз кўринишда тўлов қабул қилиш. Чунки нақд тўлов қилинганда маблағларнинг ҳайдовчилар ва кондукторлар томонидан ўғирланиш ҳолатлари мавжудлиги қайд этилди.

Йўлкира учун электрон тўлов тизимининг кўпроқ жорий этилиши бундай субсидия маблағларининг аниқ ва ўз вақтида ажратилиши учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. Йўловчилар ATTO транспорт картаси, HUMO карталари ёки телефондаги ATTO иловаси орқали барча транспортларда осонгина тўлов қилишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

А.Ашуровга кўра, яқин 1 ойнинг ичида «Maroqand Trans 777» МЧЖ 9 метр узунликда «King Long» русумидаги 80 та автобус келтириб, Самарқанд шаҳри ичидаги йўналишларга қўяди.

Бундан ташқари, 2023 йил давомида давлат томонидан 350 та электробуслар келтирилади. Бунинг учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг маблағлари ажратилган. Собиқ 2531-автожамлама ҳудудида автобуслар учун депо ҳам ташкил қилинаётгани қайд этилди.

Яқин келажакдаги режалар

Янги автобуслар келтирилиб, шаҳарда жамоат транспортини тартибга солиш борасида жиддий ишлар бошлангани эътироф этилди. Шу йилнинг июн ойидан бошлаб Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги шаҳар жамоат транспорт тизимини бошқариш бўйича «Лойиҳа офиси» фаолият кўрсата бошлади.

«Лойиҳа офиси» раҳбари, Вилоят транспорт бошқармаси бош инспектори Отабек Раҳимовнинг ҳикоя қилишича, ҳозир шаҳарнинг Чўпонота массивида 6 гектар майдонда марказий автошоҳбекат барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу автошоҳбекат шаҳар ичи йўналишларининг сўнгги бекати вазифасини бажариш билан бирга, шаҳарлараро автобуслар қатновини йўлга қўйиш имконини ҳам беради. Бу ердан келгусида Самарқанд шаҳридан Россия Федерацияси ва Тожикистонга ҳам автобуслар қатнайди.

Отабек Раҳимов, Вилоят транспорт бошқармаси бош инспектори, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги шаҳар жамоат транспорт тизимини бошқариш бўйича «Лойиҳа офиси» раҳбари

Бундан ташқари, Мотрит массивида, А-380 йўлининг Оҳалик айланмасида, Чумчуқли массивида ҳам автошоҳбекатлар барпо этилмоқда, барча автобуслар GPS қурилмаси билан таъминланиб, барча бекатлар «ақлли» бўлиши ваъда қилинмоқда.

Жума шаҳридан Булунғургача Самарқанд шаҳри орқали электропоезд қўйиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда.

О.Раҳимов Самарқанд шаҳрининг 2030 йилгача мўлжалланган транспорт тизими харитаси билан ҳам таништирди. Шаҳарда қурилажак магистрал ва боғловчи йўналишлар, янги қуриладиган иккита трамвай йўналишлари ҳақида сўзлаб берди. Шаҳарда барпо этиладиган жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган линиялар, велойўлаклар ҳақида ҳам мутахассислар айтиб ўтишди.

2030 йилгача Самарқанд шаҳрининг умумфойдаланувдаги транспорт йўналишлари схемаси

Россиянинг «SIMETRA» компанияси томонидан лойиҳаланган ҳужжатлар тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамаси эътиборига ҳавола этилгани ҳам таъкидлаб ўтилди.

Қизғин мунозара тусида ўтган матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб берилди. Қизиқарли маълумотлар тақдим этилди. Шаҳар жамоат транспорт тизимини яхшилаш ва режалаштирилаётган ишлар борасида яна ваъдалар берилди.

Бундай режалар ва ваъдаларни сўнгги йилларда кўп эшитдик, ҳозирча амалий ҳаракатларнинг гувоҳи бўлганимиз йўқ. Самарқандда жамоат транспорти билан боғлиқ ҳолат эса ҳамон ҳавас қиларли ҳолатда эмас. Умид қиламизки, келгуси йилнинг охирига қадар берилган ваъдалар ниҳоят бажарилади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид