Иқтисодиёт | 20:59 / 23.04.2021
26614
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар ўсимлик ёғини ҚҚСдан вақтинча озод қилиш ҳақида қонун қабул қилиб, Сенатга юборди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлашнинг қўшимча чоралари тўғрисида» қонун қабул қилди.

Қонун пандемия давом этаётган даврда аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжини таъминлаш ва нарх-наво ўсиб кетишига йўл қўймасликка қаратилган. Бу ҳақда депутат Фарҳод Зайниев маълум қилди.

Қонун Сенатда маъқулланиб, президент томонидан имзоланса, 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш;
  • ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланмалар.

Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларга ўзлари импорт қилган кунгабоқар ёғи ва кунгабоқар уруғларини қайта ишлаш натижасида ишлаб чиқарилган ўсимлик ёғининг 50 фоизидан ошмаган қисмини экспорт қилишга рухсат берилади.

Давлат божхона қўмитаси хўжалик юритувчи субъектлар томонидан импорт қилинган кунгабоқар ёғи ва кунгабоқар уруғларини қайта ишлашдан олинган ўсимлик ёғи ҳажмига нисбатан экспорт шартномалари доирасида амалга оширилган экспорт ҳажми 50 фоиздан ошишига йўл қўйилмаслиги бўйича назорат ўрнатади.

Депутат Дониёр Ғаниевга кўра, қонун 1 майдан кучга кирса-да, унинг эълон қилиниши бозорга ўз таъсирини эртаданоқ ўтказади.

«Нархлар камида 10 фоиз, тахминан 2000 минг сўм тушади, деб прогноз қилинмоқда», – деди Ғаниев Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

  • Aввалроқ, Kun.uz йилнинг 1-чорагида кунгабоқар ёғи, апрел ойида эса пахта ёғининг нархи кескин ошиб кетгани борасида таҳлилий мақолалар эълон қилганди.
  • Иқтисодчи Отабек Бакиров ўсимлик ёғи нархи ошиб кетмаслиги учун тезкор чоралар кўришга чақирган эди.

Мавзуга оид