Иқтисодиёт | 14:11 / 02.02.2023
75247
9 дақиқада ўқилади

Бир йилда 3 гигаватт янги қувват: энергетикадаги йирик лойиҳалар

Бу йил Ўзбекистонда салкам 3 гигаватт қувватга эга янги электр станциялари ишга тушади, бу – 2022 йилга нисбатан икки баробарга кўп. Янги станцияларнинг аксариятида энергия табиатга безарар муқобил манбалардан олинади. Президент Шавкат Мирзиёев яшил энергетикага ўтишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилашга қаратилган бир қанча лойиҳалар амалга ошириляпти. Жамият ва давлат ҳаётида кузатилаётган бу каби ўзгаришлар, энг аввало, электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳам ўсишига олиб келмоқда. Республикадаги электр энергиясининг 85-90 фоизи иссиқлик электр станцияларида (ИЭС) ишлаб чиқарилади. Қурилмалар ниҳоятда эскириб кетгани ва электр энергиясини ишлаб чиқариш учун табиий газ ёқилғиси етишмаслиги охирги йилларда тез-тез кузатилаётган аномал иссиқ ва совуқ кунларда тақчилликни юзага келтирмоқда.

Энергетика – иқтисодиёт, умуман, тараққиётнинг “қон томири” ҳисобланади. Истеъмолнинг йилда йилга ошиб бораётгани, ресурслар қисқариб бориши ва қимматлашиши, импортга боғлиқлик кучайишига олиб келмоқда. Ўз навбатида, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш масаласи бугунги кундаги энг муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади. Шу сабабли қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш кун сайин муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.

Ўзбекистон яшил энергетикага қандай ўтмоқда?

Яшил энергетикани ривожлантириш учун катта миқдорда молиявий сармоя талаб этилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда энергетика соҳасига инвесторларни жалб қилиш потенциали ҳам, соҳага хорижий инвесторлар томонидан билдирилаётган қизиқиш ҳам мавжуд.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги йилларда умумий қуввати 2897 мегаваттга тенг қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича халқаро компаниялар билан 10та битим имзоланган. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларни ташкил этиб, уларнинг барчаси хорижий компаниялар томонидан тўғридан тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилади.

2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида биринчи 100 мегаватт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси, 2022 йилнинг май ойида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида ҳам худди шундай иккинчи станция ишга туширилди.

2023-2024 йил якунига қадар умумий қуввати 1197 мегаватт бўлган 5 та, жумладан Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак, Сурхондарё вилоятининг Шеробод, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон ва Навоий вилоятининг Нурота туманларида ҳам қуёш ва шамол электр станциялари фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

2024-2025 йилларда Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳамда Навоий вилоятининг Томди туманида ҳар бирининг қуввати 500 мегаваттдан бўлган 3 та шамол электр станцияси ишга туширилади.

Бундан ташқари, 2024 йил охиригача Бухоро вилоятида 250 мегаватт, Хоразм вилоятида 100 мегаватт қувватлик фотоэлектр станциялар қурилиб, ишга туширилади.

Ҳозирда Наманган вилоятида умумий қуввати 150 MW бўлган қуёш фотоэлектр станцияси; Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 300 MW қувватли қуёш электр станцияси ва энергия сақловчи тизимлар; Қорақалпоғистон Республикасида 200 MW қувватли шамол электр станциясини қуриш бўйича тендер танловлари давом этяпти.

Режа бўйича, 2026 йилга бориб Ўзбекистонда умумий қуввати 8 000 мегаваттга тенг қуёш ва шамол электр станциялари, 868 мегаватт қувватга эга гидроэлектр станциялари ишга туширилиши кутилмоқда.

“2030 йилгача 30 фоиз электр энергияси қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқарилади”

Европанинг EU Reporter ахборот-таҳлил портали ёзишича, Ўзбекистон 2026 йилгача қайта тикланадиган манбалардан электр энергиясининг 25 фоизини ишлаб чиқариш мажбуриятини олган ва 2050 йилга бориб карбонат ангидрид чиқиндиларини нолга тенглаштириш бўйича ўз олдига мақсад қўйган.

«Ҳукумат қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш орқали энергетика секторини ўзгартириш тарафдори. Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 2026 йилга бориб 8 ГВтга, 2030 йилга бориб эса 12 ГВтга ошириш ниятида», дея Ўзбекистон энергетика вазири биринчи ўринбосари Азим Аҳмадхўжаев сўзларидан иқтибос келтиради EU Reporter.

Euronews'нинг қайд этишича, Ўзбекистон 2030 йилгача 30 фоиз электр энергиясини қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ўзбекистонда қуёш йилига ўртача 330 кун нур таратгани боис бу ерда қуёш энергиясидан фойдаланиш имконияти жуда катта. Мамлакат келгуси йилларда қуёш энергиясидан максимал даражада фойдаланишга интилмоқда, деб хулоса қилади Euronews.

Ўзбекистон гидроэнергетик салоҳиятнинг атиги 24 фоизидан фойдаланмоқда

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таҳлилларига кўра, Ўзбекистондаги дарё оқимларининг назарий гидроэнергетика салоҳияти йилига 88,5 млрд кВт соатни, техник гидроэнергетика салоҳияти эса 27,4 млрд кВт соатни ташкил этади. Ҳозирда ушбу имкониятларнинг 24 фоизидан фойдаланилмоқда.

Гидроэнергетика соҳасида йилига ўртача 6 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Унинг аҳоли жон бошига улуши 168 кВт соатни ташкил этади.

2022 йилда жами электр энергиясининг 9 фоизи (6,5/74,3 млрд кВт соат) ва амалдаги қувватларнинг қарийб 12,9 фоизи (2 072/16 030 MW) гидроэлектр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳудудларда инновацион технологиялар (сув тўлқинлари, турбулент оқимли гидротурбина, шнекли турбиналар)дан фойдаланган ҳолда қўшимча электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятлари бор. Мисол учун, суғориш каналларидаги барча сув олиш нуқталарига 18,5 минг дона турбулент оқимли гидротурбиналарни ўрнатиш натижасида 1,1 миллион уй хўжалигини соф электр энергияси билан таъминлаш мумкин. Бу жами уй хўжаликларининг 15 фоизини ташкил этади.

Президент Шавкат Мирзиёев 19 январ куни энергия таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди ҳамда гидроэнергетика тармоғидаги режалар тақдимоти билан танишди.

Тақдимот ҳақидаги расмий хабарда айтилишича, сўнгги йилларда гидроэнергетика йўналишида 500 миллион долларлик 27 та лойиҳа амалга оширилиб, қўшимча 260 мегаваттли қувватлар яратилди. “Ўзбекгидроэнерго” тизимидаги станцияларнинг умумий қуввати 2 минг мегаваттдан ошди. Бу йилига 2 миллиард куб метр табиий газ тежалмоқда, дегани.

2023 йилда гидроэнергетикада 197 мегаваттли 7 та лойиҳа ва 10 та микро ГЭС ишга туширилиши режалаштирилган. Кейинги бир неча йилда Фарғона водийсининг ўзида 100 та микро ГЭС қурилиши кутилмоқда (Андижонда 41 та, Наманганда 32 та ва Фарғонада 27 та).

Водий вилоятларида, шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари ва саноат корхоналарига 160 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда 1 феврал куни Андижонга ташрифида айтиб ўтган президент Шавкат Мирзиёев яшил энергетикага ўтишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берди.

2023 йил учун қандай лойиҳалар мавжуд?

Жорий йил якунига қадар республикада умумий қуввати 2910,6 MW бўлган 7та электр станция (1та ИЭС, 1та шамол, 3та қуёш ва 2та ГЭС) ишга туширилиши (ягона электр тармоғига уланиши) режалаштирилган. Хусусан:

  • Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут туманлари ҳудудида қуввати 1500 MW бўлган замонавий иссиқлик электр станцияси;
  • Навоий вилоятининг Томди туманида қуввати 500 MW бўлган шамол электр станцияси;
  • Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қуввати 457 MW бўлган қуёш фотоэлектр станцияси;
  • Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида қуввати 220 MW бўлган қуёш фотоэлектр станцияси;
  • Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида қуввати 220 MW бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилиши (ягона электр тармоғига уланиши) режалаштирилган.

Аҳамиятлиси, ушбу электр станциялар хорижий компаниялар томонидан 100 фоиз тўғридан тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилмоқда.

Шунингдек, гидроэнергетикада:

  • Самарқанд вилоятида умумий қуввати 13,6 MW бўлган 2 та гидроэлектр станция ишга туширилади;
  • Тўпаланг ГЭС модернизация қилинади ва унинг қуввати амалдаги 30 MWдан 175 MWга оширилади.
Энергетика вазирлиги тақдим этган маълумотлар асосидаги диаграмма

Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, 2017-2022 йилларда умумий ҳисобда 5021 MW янги қувватлар ишга туширилган. Таққослаш учун, 1991-2016 йилларда бу кўрсаткич 3300 MWни ташкил қилган.

2022 йилнинг ўзида умумий қуввати 1474 MW бўлган 7 та янги электр станция ишга туширилган.

Муаммоли жиҳатлар нимада?

Биринчидан, соҳага етарли даражада инвестиция жалб қилиш учун эркин бозор яратиш талаб этилади.

Бозорни бир кунда яратиб бўлмайди, бу жуда мураккаб иш, аммо амалга ошириш имконсиз бўлган вазифа ҳам эмас. Кўплаб мамлакатлар бу йўлни босиб ўтган, Ўзбекистон уларнинг тажрибаларини ўрганиши керак.

Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил якуни бўйича парламентга қилган анъанавий мурожаатномасида табақалаштирилган тарифларга ва умуман эркин бозорга ўтиш босқичма-босқич бўлишини таъкидлади.

Иккинчидан, мулк ҳуқуқини таъминлаш. Инвесторлар маблағларини хавф-хатарга қўйган ҳолда, барча рискларни инобатга олиб, Ўзбекистонда станция қуради ва мижозларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқарган электр энергиясини етказиб беради. Бу борада уларга ҳуқуқий кафолатлар бўлиши керак.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид