Иқтисодиёт | 13:56 / 26.09.2025
2384
2 дақиқада ўқилади

БААнинг GSU компанияси Ўзбекистонда яшил энергетикани ривожлантиришга 27 млн доллар инвестиция киритади

Инвестиция “Яшил энергия” компаниясига киритилади. Маблағлар кичик қувватли қуёш ва гидроэлектр станциялари ҳамда электромобилларни юқори тезликда зарядлаш станцияларини қуришга йўналтирилади.

Фото: Энергетика вазирлиги

Энергетика вазирлигида BAAнинг Global South Utilities (GSU) компанияси бош ижрочи директори Али Алшиммари ва Masdar компанияси бош менежери Мадди Нираж Кумар билан учрашув бўлиб ўтди.

Вазирлик хабарига кўра, кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари улушини янада ошириш, бу борадаги ишларни жадаллаштириш, соҳада янгича ёндашувларни татбиқ қилиш мақсадида GSU компанияси билан шартномалар имзоланган.

Унга кўра, GSU компанияси “Яшил энергия” МЧЖга 27 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритади.

“Яшил энергия” компанияси ижтимоий соҳа объектлари, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг бино ва иншоотларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналарини ўрнатиш ҳамда эксплуатация қилиш ишларини олиб боради.

“GSU компанияси билан ҳамкорликда кичик қувватли қуёш ва гидроэлектр станциялари ҳамда электромобилларни юқори тезликда зарядлаш станцияларини қуриш ишлари жадаллаштирилади. Шунингдек, ушбу “яшил” энергия манбаларига замонавий техник хизмат кўрсатиш ишлари олиб борилади”, — дейилади расмий хабарда.

Вазирликнинг маълум қилишича, бугунги кунда қуёш ва шамол электр станциялари ишлаб чиқарган электр энергияси ҳажми 8 млрд кВт соатдан ошган.

Аввалроқ, Ўзбекистонда «яшил» энергия ишлаб чиқариш умумий ҳажмнинг 20 фоизидан ошгани хабар қилинганди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид