Спорт | 20:05 / 28.05.2026
4300
5 дақиқада ўқилади

Мундиал чипталари нега рекорд даражада қимматлашиб кетди?

Фото: Jonathan Ernst/Reuters

ФИФАнинг янги бизнес модели мухлисларни ранжитяпти. Инфляцияни ҳисобга олган тақдирда ҳам, АҚШ, Канада ва Мексикада ўтадиган бу галги жаҳон чемпионати чипталари нархи 2022 йил Қатардаги турнирдан икки баравар, 1994 йил АҚШдаги мусобақага нисбатан эса қарийб тўрт баравар қимматроқ. The Economist’нинг ёзишича, ўзгарган нарх сиёсати катта таваккалга асосланган. Чипталар ҳали тўлиқ сотилиб бўлингани йўқ ва мезбон шаҳарлардаги меҳмонхоналар тўлмаган. Юқори нархлар савдо пасайиши оқибатида юзага келган зарарни қопласа ҳам, ФИФАнинг кўпроқ даромад келтирадиган бошқа манбаларига салбий таъсир қилиши мумкин.

Халқаро футбол федерацияси президенти Жанни Инфантино ФИФАни “дунёга бахт улашувчи ташкилот” дея таърифлайди. Аммо, бу йил Шимолий Америкада ўтадиган Жаҳон чемпионатида бу “бахт” қимматга тушиши мумкин, деб ёзади The Economist.

Мундиал гуруҳ босқичи ўйинлари учун энг арзон чипталар нархи ўртача 200 долларни, финал учрашуви чипталари эса камида 2030 долларни ташкил этади. Бу эса 2026 йилдаги чемпионатни тарихдаги энг қиммат маданий тадбирга айлантириши мумкин.

Одатда жаҳон чемпионати ўйинлари учун чипталар бозор кўтара оладиган нархдан анча арзон сотиб келинган. Турнир тарихи давомида талаб ҳар доим таклифдан юқори бўлиб келади. Шундай бўлса-да, кўпроқ пул ишлаш ўрнига, ФИФА нархларни оддий мухлислар сотиб оладиган даражада ушлаб келган ва чипталарни лотерея кўринишида тарқатган. Ташкилот молиявий барқарорлиги  учун чипта тушумидан кўра, трансляция ва ҳомийлик ҳуқуқлари анча муҳимроқ аҳамият касб этади.

Бу йил эса вазият бошқача. Илк бор ФИФА чипталар савдосини маҳаллий ташкилотчиларга топшириш ўрнига, бевосита ўз назоратига олди. Ташкилот “динамик нархлаш” тизимини жорий қилди, яъни талаб ошгани сари чипталар нархи ҳам кўтарилади. Шунингдек,  расмий қайта сотув платформаси ишга туширилди ва у ерда харидор ҳам, сотувчи ҳам амалга оширилган савдо учун 15 фоизлик комиссия тўлайди.

Инфляцияни ҳисобга олган тақдирда ҳам, АҚШ, Канада ва Мексикада ўтаётган бу галги Жаҳон чемпионати чипталари нархи 2022 йил Қатардаги турнирдан икки баравар, 1994 йилги АҚШ турнирига нисбатан эса қарийб тўрт баравар қимматроқ.

Финал ўйини учун айрим чипталар қайта сотув бозорида ҳатто 2 миллион долларгача қимматлашган. Беш карра жаҳон чемпиони — Бразилия терма жамоаси мухлислари ўз футболчиларининг гуруҳ босқичидаги учта ўйинини томоша қилиш учун қайта сотув бозорида тахминан 3 800 доллар сарфлашига тўғри келади — бу барча мамлакатлар ичида энг юқори кўрсаткич. Ҳатто Жаҳон чемпионатида илк бор қатнашаётган Кабо-Верде мухлислари ҳам қарийб 1000 доллар тўлаши керак. Таққослаш учун, бу йилги Европа Чемпионлар лигаси финалининг катталар учун энг арзон чиптаси 200 доллардан таклиф этилди.  

The Economist’нинг қайт этишича, ФИФАнинг янги нарх сиёсати катта таваккалга ўхшаб кўриняпти. Биринчидан, чипталар ҳали тўлиқ сотиб бўлингани йўқ ва мезбон шаҳарлардаги меҳмонхоналар тўлмаган. Айрим ўйинлар учун қайта сотувдаги нархлар кейинчалик пасайиши мумкин. Аммо чипталар арзонлашгунча, кўплаб мухлислар сафарга бориш умидидан воз кечиш эҳтимоли бор. Энергетика инқирози сабаб авиачипталар нархи кескин ошиб боряпти.

Юқори нархлар савдо пасайиши оқибатида юзага келган зарарни қопласа ҳам, бу ФИФАнинг янада даромадлироқ манбаларига салбий таъсир қилиши мумкин. Тўла стадионлар телеэкранда ўйинларни жозибадор қиладиган шовқин ва ажойиб атмосферани яратади. Халқаро футбол федерацияси ўтган йил клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати вақтида ҳам ноқулай ҳолатга тушганди: томошабин кам келган ўйинларда мухлислар телевизион камералар томон кўчирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бойроқ мухлислар сокинроқ бўлишади ва стадионда ҳиссиётларини камроқ намоён қилади. Масалан, 2022 йилги американча футбол лигаси муҳити “корпоратив кечки овқат”га ўхшатилганди.

Тўғри, бойлар тобора кўпроқ пулларини қимматбаҳо буюмларга эмас, балки “ҳаётда бир марта бўладиган” жараёнлар учун сарфлашни афзал кўра бошлашган. Бу ФИФА учун яхши янгиликдек туюлади. Муаммо шундаки, айнан шу бой мухлисларнинг ўзи улар излаётган ўша ноёб жараённинг жозибасини камайтириб юбориши мумкин.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид