Ўзбекистон | 00:17 / 18.05.2020
53506
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда кучли шамол бинолар томига зарар етказди

17 май куни соат 17:00 атрофида Хоразм вилоятида кучли шамол эсиши кузатилди. Натижада бир нечта бинолар томига зарар етди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, шамол тезлиги сониясига 15-25 метрни ташкил этган.

Натижада айрим корхона, ташкилот ва кўп қаватли турар жойларнинг том қисмига зарар етган.

Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги

«Ҳодисалар оқибатларини бартараф этиш мақсадида Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 3та махсус техника ва 20 нафар шахсий таркиб жалб этилиб, зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», – дейилади ФВВ хабарида.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

«Айни дамда «Хоразм худудий электр тармоқлари» АЖ ҳам юзага келган аварияларни бартараф этиб, навбатма-навбат электр узилишларини бартараф қилишмоқда. Қисқа муддатда аварияларни бартараф қилиб, электр энергияси етказилади», – дейилади Хоразм вилояти ҳокимининг Telegram`даги каналида.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги

Бу йилги баҳор Ўзбекистонда қатор талафотлар билан кечмоқда. 27 апрель куни Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида кузатилган кучли шамол оқибатида бир киши вафот этиб, 41 киши жароҳат олган эди.

Табиий офат Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларига етказган зарар давлат бюджетига камида юз миллиард сўмга тушди.

Бундан ташқари, қатор ҳудудларда сел келиб, аҳоли хонадонларини сув босди, инфратузилма объектлари, хусусан йўллар ва кўприкларга зарар етди.

Жиззах вилоятида бир ҳафта ичида уч нафар вояга етмаган ўғил-қиз сел қурбонига айланди. Сўнгги бир ҳафта ичида Жиззах вилоятининг Жиззах ва Шароф Рашидов туманларида, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой ва Бойсун туманларида, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ҳам сел кузатилди.

Мавзуга оид