Муҳим ҳудудларни назорат қилолмайдиган расмий ҳокимият, вайрона шаҳарлар, беш миллиондан ортиқ қочқинлар, диний бўлинишлар ва мақсадли қуроллантирилган радикализм. Сурия замини қандай қилиб бу ҳолга келиб қолди? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Сурияда 2011 йилдан бери давом этаётган фуқаролик уруши ҳақида сўз юритди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Суриядаги ҳарбий ҳаракатларни асосан учта гуруҳга бўлиш мумкин: ғарб коалициясининг ИШИДни тўлиқ мағлуб этиш ҳаракатлари, Сурия ҳукумати ва исёнчи кучлар ўртасидаги зиддиятлар ҳамда турли этник гуруҳлар ўртасидаги ўзаро низолар.

Мамлакат аҳолисининг аксариятини сунний мусулмонлар ташкил этади, давлатни идора этувчи элита эса шиалардан иборат. Ҳудуди нефтга жуда бой Сурия – араб дунёси, Эрон, Исроил, Туркия, АҚШ бошчилигидаги коллектив ғарб ва Россия манфаатлари тўқнашган нуқта ҳисобланади.

Араб баҳори вақтидаги намойишларни қонли бостиргани ортидан санкцияларга учраб, Араб лигасидан четлатилган Сурия ўтган йили лигага қайта қабул қилинди – араб дунёси Башар Ал-Ассад ўз ҳокимиятини бундан кейин ҳам сақлаб қолишини тан олди. Уруш давомида расмий Дамашқни қулашдан Россия қўшинлари сақлаб қолган эди.

Сурия фуқаролар уруши қайси воқеалар натижасида бошланди ва асосий сабаблари нима эди?

Фарҳод Каримов: — Сурия инқирозининг бошланиши 2011 йилга тўғри келади. 2010 йилда Тунисда бошланиб, бошқа араб давлатларига ҳам ёйилган Араб баҳори Сурияни ҳам четлаб ўтмади. Тинч намойишлар секинлик билан бетартибликка айланди, буни бостириш учун Башар Асад ҳукумати куч ишлатди, тўқнашувлар бўлди. 2011 йилда бутун Сурияга ёйилди жараёнлар. 2012 йилда алавийлардан иборат, ҳукуматга ёрдам берувчи “Шабиҳа” ва бошқа қуролли ташкилотлар кўчага чиққан суннийларни бостирди, бир неча минг одам қурбон бўлди. Шундан кейин Сурияда ҳарбий ҳаракатлар бошланиб, қуролли гуруҳлар кўпайди.

Нега 2011 йилда бу намойишлар бўлди, Араб баҳори айнан Сурияда қаттиқроқ ўтди? 2006-2007 йилларда бутун араб давлатларидаги каби Сурияда ҳам қурғоқчилик бўлади. Қишлоқ хўжалигининг ЯИМдаги ўрни катта эди, аҳолининг асосий машғулоти эди. Қурғоқчилик натижасида қишлоқларда ҳаёт тўхтаб қолади, 1,5 млн атрофида аҳоли шаҳар ва унинг атрофларига жойлашади. Шаҳарларда зиддиятлар бошланади, ҳукуматга норозилик кучаяди. Параллел равишда Ироқда коллектив ғарб томонидан ҳарбий операциялар ўтказилаётган эди, кўпроқ ироқликлар Сурияга қочиб ўтади. Ишсизлик, бетартибликлар ортиб кетади. Ҳукуматга бўлган норозилик радикаллашувга ҳам сабаб бўлади, бунга диний мотив берилади. Шундай бир ҳолат бўлиб турганда, қўшни мамлакатларда бошланган Араб баҳори беқарорликни авж олдириб юборди.