Исроил бош вазири матбуот хизмати маълум қилишича, у Венгрияга қилган ташрифидан сўнг, Трамп таклифи билан АҚШга учиб кетган.
Журналистлар учун қилган баёнотида Нетаняҳу томонлар божлар масаласини, Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув музокараларини, Исроилдаги маҳкумлар ҳолатини, Сурияда Туркия ва Исроил ўртасидаги кескинликнинг ўсиши ҳамда Эрон масаласини муҳокама қилганини маълум қилган.
Трамп Нетаняҳуни Оқ уйдаги Овал кабинетда қабул қилди ва матбуот учун қўшма баёнот берди.
Исроил матбуотининг таъкидлашича, Трамп матбуот камералари олдида Нетаняҳуни таҳқирлаган ва учрашув якунларига кўра Нетаняҳунинг қўллари бўш қолган.
Шармандали ва таҳқиромуз
Walla сайтида Барак Равид томонидан чоп этилган таҳлилий мақолада таъкидланишича, Нетаняҳу Вашингтондан ўзи истаган ҳеч бир натижани қўлга киритмаган.
Унинг сўзларига кўра, Нетаняҳу «шармандали ва таҳқиромуз» ҳолатга тушиб қолган ва «у Эрон ядровий дастури, Исроилга нисбатан жорий этилган 17 фоизлик бож масалалари ва Суриядаги Туркия мавқейини ҳал қилиш каби энг муҳим масалаларда Трампга таъсир ўтказиш имкониятидан маҳрум бўлган».
7 апрелдаги учрашувни Исроил бош вазирининг Трамп билан энг муваффақиятсиз учрашуви деб баҳолар экан, Равид: «Нетаняҳу камералар олдида шунчаки кулиб турди ва Трампнинг баёнотларига кўникишга мажбур бўлди», деб ёзади.
«Нетаняҳу Доналд Трамп саҳнасининг статистига айланди. АҚШ президенти ярим соатдан зиёд саволларга жавоб берди —унинг меҳмони эса студия саҳнасидаги декорациянинг бир қисми каби турди. Ёки, Нетаняҳунинг ўзи машҳур видеосида айтганидек, гултувакдек ўтирди», — деб ёзади у.
Нетаняҳунинг «АҚШ билан савдо мувозанатини бартараф этиш» бўйича ваъдаси Трампга таъсир қилмади. АҚШ раҳбари Исроил бош вазирини ҳарбий ёрдам масаласида танқид қилди.
Равиднинг таъкидлашича, февралда бўлиб ўтган учрашувдаги кўтаринки кайфиятдан фарқли равишда бу сафар «Нетаняҳу худди тилини ютгандек кўринган».
Учрашувнинг кўзга кўринмас томонлари тўғрисидаги мулоҳазаларини баён этар экан, Равид шундай ёзади: Нетаняҳу учрашув вақтида Туркиянинг Суриядаги фаолиятидан хавотир билдирган ва АҚШдан президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанга босим ўтказишни сўраган, бироқ бу илтимос эшитилмаган. Қайтага, Трамп Эрдўғанни мақтаб кетган.

















