Ўзбекистон | 22:41 / 08.04.2024
7706
4 дақиқада ўқилади

Қизилтепада “замҳоким”нинг босими билан овоз тўпланган ташаббуслар ғолиб лойиҳалар рўйхатидан чиқарилиши мумкин

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Навоий вилояти ҳамда Қизилтепа тумани ҳокимликларига йўллаган хатида мажбурий тарзда овоз тўпланган лойиҳаларга аниқлик киритишни ҳамда вазирликка маълумот тақдим этишни сўраган. “Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йил биринчи мавсуми бўйича Қизилтепа туманидан ғолиб бўлган лойиҳалар бошқа ҳудудлардан фарқли равишда ҳозиргача эълон қилингани йўқ.  

Қизилтепа тумани ҳокими ўринбосари ташкилот раҳбарларига мажбурий тарзда овоз йиғдирган ташаббус “Ташаббусли бюджет”нинг ғолиб лойиҳалари рўйхатидан чиқариб ташланиши мумкин. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қизилтепа тумани ҳокимига хат жўнатган.  

Вазирлик 8 апрел куни Навоий вилояти ҳамда Қизилтепа тумани ҳокимлигига хат билан мурожаат қилиб, мажбурий тарзда овоз тўпланган лойиҳаларга аниқлик киритишни ҳамда 1 кунда вазирликка маълумот тақдим этишни сўраган.  

“Айрим ҳудудларда “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида баъзи ташкилотларнинг раҳбарлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича топшириқ бериш ҳолатлари кузатилди.

Маълумот учун, президентнинг 2023 йил 10 апрелдаги ПҚ-117-сонли қарори билан “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида бюджет ташкилотларининг раҳбар ходимлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ беришлари тақиқланиши, шунингдек, овоз йиғишга мажбурлаш тегишли ташкилот ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланиши белгиланган.

Жумладан Kun.uz интернет нашрида Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокими ўринбосарининг бюджет ташкилотлари раҳбарларига йиғилиш ўтказган ҳолда мажбурий овоз тўплаш юзасидан кўрсатма бераётгани тасвирланган овозли хабар эълон қилинди.

Бош прокуратура ҳамда Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, ташаббусли бюджет лойиҳасига овоз йиғишга мажбуран жалб этилганлиги ҳолати ўз тасдиғини топган бўлиб, тегишли мансабдор шахсга нисбатан чора кўрилгани таъкидланди.

Жорий йил 5 апрел куни “Очиқ бюджет” ахборот порталида “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2024 йилдаги биринчи мавсуми доирасида ғолиб бўлган лойиҳалар эълон қилинди. Бунда, Қизилтепа туманида “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида мансабдор шахслар томонидан мажбурий овоз тўплаш бўйича ташкилот раҳбарларига топшириқ бериш ҳолати кузатилгани сабабли ушбу ҳудуд бўйича ғолиб лойиҳаларнинг эълон қилиниши кечиктирилди.

Шу билан бирга кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари томонидан мажбуран овоз тўпланган лойиҳалар ғолиб лойиҳалар рўйхатидан чиқарилиши масаласи кўриб чиқилиши лозимлиги таъкидланмоқда”, дейилади вазирлик хатида.

Вазир ўринбосари А.Ҳайдаров томонидан имзоланган хатда Қизилтепа тумани ҳокими Б.Бобомуродовдан туманда “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида мажбурий тарзда овоз тўпланган лойиҳаларга аниқлик киритиш ҳамда 1 кун муддатда вазирликка маълумот тақдим этиш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ўлмас Истамов Zoom орқали ўтказилган онлайн мажлисда ташкилот раҳбарларига кечгача 50 тадан овоз йиғишни буюрган, акс ҳолда ким бўлишидан қатъи назар ишдан бўшатиб юбориш билан таҳдид қилганди.

Унинг бу хатти-ҳаракатидан сўнг Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилди. Прокуратура ва меҳнат инспекцияси ўтказган ўрганишда ҳоким ўринбосарининг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан жарима жазоси тайинланган.

Мавзуга оид