Жаҳон | 14:03 / 31.12.2024
11841
16 дақиқада ўқилади

Сайловлар, урушлар, суиқасдлар — жаҳонда 2024 йилнинг асосий 10 воқеаси

2024 йил якунланмоқда. Ортда қолаётган йил дунё сиёсатида воқеаларга бой бўлди. Видеода йил давомида дунёда содир бўлган баъзи муҳим воқеаларни ёдга оламиз.

Икки уруш ҳам тугагани йўқ

Видео аввалида эслатиб ўтишимиз керак. Инсоният силласини қуритган, фақат менинг айтганим бўлади дейдиган икки зўравон давлат қўшнисига қарши урушларни давом эттирмоқда.

Америкага орқа қиладиган Исроил ўзига қарши уруш очганлар билан уришиш ўрнига Фаластинда тинч аҳоли вакилларини ўлдиришда давом этмоқда. 2023 йил 7 октябрда бошланган уруш бутун минтақага ёйилди ва ер юзидаги одамлар энг зич яшайдиган Ғазо бўлгасида норасида болалар, ҳимоясиз аёллар ва ночор қариялар ўлишда давом этмоқда. Ваҳоланки, уларнинг Исроилга қилинган ҳужумга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Исроил ҲАМАСнинг барча лидерларини ўлдирди, ҳозирги раҳбарият эса катта эҳтимол Қатардаги люкс меҳмонхоналарда дипломатлик билан шуғулланмоқда. Қизиғи, Исроил шунча ҳужумларига қарамай, ҲАМАСнинг тармоқдаги каналлари видеолар эълон қилишда, Ғазода Исроилга қарши диверсион ҳужумлар уюштиришда давом этмоқда.

Охирги бир неча ойда Орешник деган овунчоқ топиб олган Путин эса энг яқин қўшниси, ўзи бир неча марта руслардан ҳеч қандай фарқ қилмаслигини айтган украинларга босқинни давом эттирмоқда. Россия Украина шаҳарлари, қишлоқларини ер билан битта қилишда давом этиб, буни Донбассни озод қилиш операцияси деб аташда давом этмоқда. «Озод қилинган» вайроналарда ҳеч ким «русский мир» келганини байрам қилмаётгани, украинлар ўз ватанини тиш-тирноғи билан ҳимоя қилаётгани ҳам Путинни «украинларни озод қилиш» фикридан қайтара олмаяпти.

Навалний ўлди

16 феврал куни дунёдаги диктаторлардан холи, соғлом жамият тарафдорлари учун машъум хабар тарқалди. Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалний ҳалок бўлди. Уч йилдан буён Сибирдаги қамоқхонада сақланаётган Владимир Путиннинг энг асосий танқидчисининг ўлими Россиядаги амалдаги ҳукуматга мухолиф кайфиятдаги инсонларни шок ҳолатига туширди. Чунки Навалний уларга қамоқхонада туриб, ташқи дунёдан узилган ночор ҳолатида ҳам умид бераётганди.

Кейинчалик маълум бўлдики, Алексей Навалний жамоаси уни асирлар алмашинуви доирасида озод қилиш бўйича Европа давлатлари воситачилигида келишувга эришган экан. Путин Такер Карлсон билан интервюда Германиядаги қамоқхонада сақланаётган ФСБ киллери Вадим Красиковни асирлар алмашинувига жалб қилинса, келишувга рози эканини очиқ айтганди. Кейинчалик маълум бўлдики, ўша келишувдаги асосий одам Алексей Навалний бўлган. Аммо бу кунларга етиб боролмаган Алексей совуқ Сибирда ҳалок бўлди. Унинг жасадини узоқ вақт онасига беришни исташмади. Лекин Сибирдаги қамоқхона ва моргдан узоққа кетмаган Людмила Навалная баҳорнинг илк кунида ўғлини она шаҳри Москвага дафн этишга муваффақ бўлди.

Алексей Навалнийнинг ўлими инсоният учун катта йўқотиш бўлди. Ишонинг, зулмга қарши курашда бунчалик мард образни энг зўр режиссёр ўз киносида ҳам ярата олмайди. Ахир ўзига ҳукм ўлароқ хизмат қилган Путиннинг саройи ҳақида суриштирувни Германиядан Россияга келганидан кейин эълон қилиш учун фақат Алексей Навалний бўлиш керак.

Крокус теракти

2024 йилнинг март ойи Москва областидаги даҳшатли теракт билан ёдда қолди. Инсон дейишга тил бормайдиган бир гуруҳ ваҳшийлар автомат билан Москвадаги Crocus City Hall концерт залига бостириб кириб, «Пикник» гуруҳи концертини томоша қилишга борган 6 мингга яқин россияликларга қарата ўқ узади. Оқибатда 145 киши ҳалок бўлади. 500 дан ортиқ одам яраланади. Бу охирги 20 йилликда Россияда содир бўлган энг даҳшатли теракт эди.

Терактда гумондор деб 4 нафар Тожикистон фуқароси қўлга олинди. Ҳозиргача уларга ҳукм ўқилгани йўқ. Россия ҳукумати терактни Украина гарданига юкламоқчи бўлди.

Гумонланувчилар терактни қилиб бўлгач, Киевга қочиши керак бўлгани, у ерда 1 миллион рублдан пул ваъда қилинганини айтиб чиқди. Лекин бу версия унчалик ишонарли чиқмади, 1 миллион рубл учун Москвада 145 кишини ўлдириб, кейин дунёдаги энг қаттиқ қўриқланадиган сарҳадлардан бўлмиш Россия Украина чегараси орқали Киевга қочиш версиясига ишониш чиндан қийин. Бундан ташқари, ИШИДнинг вилоят Хуросон террорчилик ташкилоти қотиллар одамларни отиб ташлаётгани акс этган боди камерада олинган кадрларни эълон қилиб, Крокус теракти учун жавобгарликни ўз гарданига олиб бўлганди.

Бу терактдан кейин Россияда мигрантларга, айниқса тожикистонликларга босим кучайди. Вазият шунчаликка бордики, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Путинга бу борада эътироз билдирди.

Эрон ва Исроил уруши

Эрон 1979 йилдаги ислом инқилобидан кейин Исроилни расман душман давлат деб эълон қилади. Эрон ислом республикаси ўз мавжудлигининг сабабларидан бири Исроил давлатини йўқ қилиш эканини доктринасида қайд этган. Лекин 45 йиллик душманлик тарихида илк марта Эрон 2024 йил 13 апрел куни Исроилга тўғридан тўғри ҳужум қилди. Исроил томонга 170 та дрон, 30 та қанотли ракета ва 120 та баллистик ракета учирилди. Аммо уларнинг 99 фоизи АҚШ, Исроил, Британия ва Иордания ҳарбийлари томонидан уриб туширилди.

Шундай бўлса-да, бу Эроннинг Исроилга ўз тарихида илк марта ҳужум қилиши бўлиб тарихга кирди. Бунгача Эрон Исроилга қарши фақат Фаластин, Сурия, Ливан, Ямандаги прокси кучлари ёрдамида курашарди.

Иброҳим Раисий ўлди

Теҳроннинг Исроилга ҳужумидан бир ой ўтиб Эрон президенти Иброҳим Раисий авиаҳалокатга учраб вафот этди. Унинг вертолёти Озарбойжондан қайтаётганда тоғликда қулаб тушди. Воқеа жойи ўрганилганда Иброҳим Раисийдан ташқари Эрон ташқи ишлар вазири Амир Абдуллоҳиён, шунингдек, вертолётда бўлган яна 6 киши ҳалок бўлгани аниқланади.

Исроил ва Эрон ўртасидаги муносабатлар максимал кескинлашган даврда содир бўлгани учун кўпчилик вертолёт ҳалокатини Исроил махсус кучлари операцияси деб ҳисоблади, лекин Эрон томони эълон қилган расмий хабарда ҳалокат техник носозлик сабаб содир бўлгани айтилди.

ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ» лидерлари ўлдирилди

Ёзда Исроил ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ» лидерларига қарши серияли суиқасдлар уюштирди. 13 июл куни ЦАҲАЛ Ғазодаги дарахтзор ичидаги уйлардан бирига ракета зарбаси уюштириб, унинг нишони Ғазо туннеллари асосчиси, ҲАМАСнинг жанговар қаноти Ал Қассам бригадаси етакчиси Муҳаммад Дейф бўлганини хабар қилди. Дейф ҲАМАСнинг мияси деб аталар ва Қассам ракетаси яратувчиларидан экани айтилади. Исроил унга қарши ўнлаб суиқасдлар уюштирган ва меҳмон лақабли Дейф доим тирик қолган. Аммо ноябр ойига бориб ҲАМАС Дейф 13 июлдаги зарбалар вақтида ҳалок бўлганини тасдиқлади.

31 июл куни эса ҲАМАСнинг сиёсий қаноти лидери Исмоил Ҳания Теҳронда ўлдирилди. Хания шу куни Эрон пойтахтига мамлакат янги президенти Масъуд Пизишкиённинг инаугурация маросимига борганди. Турли нашрлар Ҳания Исроил махсус хизмати Моссад томонидан ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқатди. Исроил декабр ойига келиб Ҳанияни ўлдирганини тан олди. Ҳақиқатга яқин версияга кўра, Моссад агентлари Ҳания бўлган хонага Эрон махсус хизмати зобитларини ёллаш орқали портловчи модда жойлаштирган.

Сентябр ойида Моссад ва ЦАҲАЛ яна иккита операция ўтказди. Аввалига Моссад Ливандаги шиалар ҳаракати «Ҳизбуллоҳ» ҳарбийлари қўлида бўлган пейжерларни масофадан туриб портлатиб юборди. Оқибатда камида 41 киши ҳалок бўлди ва уларнинг аксари «Ҳизбуллоҳ» жангчилари бўлган. Операция доирасида 5 мингга яқин пейжер портлатилган. 500 киши жиддий жароҳат олган. Кейинчалик маълум бўлишича, Моссад «Ҳизбуллоҳ» лидерлари жангчиларга телефондан воз кечиб пейжерга ўтишга буйруқ берганидан хабар топган. Сохта компания очиб «Ҳизбуллоҳ»нинг тендерини ютиб олади ва уларга масофадан бошқариладиган бомбалар жойлар Ливанга етказиб беради. Кейин барча қурилмаларга кодланган СМС юбориб, портлатади.

Сентябр охирига бориб Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг 1992 йилдан буён лидери бўлиб келаётган Ҳасан Насруллоҳни ҳам ўлдиради. Насруллоҳ билан бирга «Ҳизбуллоҳ»нинг энг юқори мартабали қўмондонлари ва эронлик генерал Аббос Нилфурушон ҳам ўлдирилади. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондонининг ўринбосари бўлган Нилфурушон Теҳроннинг «Ҳизбуллоҳ» бўйича масъул мулозими бўлгани айтилади. Баъзи хабарларга кўра, Эрон олий раҳнамоси Али Хоминаий генерал Нилфурушон орқали Ҳасан Насруллоҳга унга суиқасд тайёрланаётгани ҳақида хабар юборган ва катта эҳтимол генерал Насруллоҳни Теҳронга олиб кетиши керак бўлган.

Октябр ойида эса Исроил ҲАМАС лидери, 7октябрдаги операция ташкилотчиси ва илҳомлантирувчиси Яҳё Синварни ўлдиради. Синвар Ғазодаги уйлардан бирида бўлганида дрон унинг жойини аниқлайди ва танк ўққа тутиши оқибатида вафот этади. Исроил кейинчалик Синварнинг охирги дақиқалари акс этган видеоларни эълон қилганди.

Курск операцияси

Украина бу йил Ғарбдаги иттифоқчиларидан аввалги йилларда бўлгани каби кўп қурол ололмади. Шу боис Донбасс мудофаасида муаммолар юзага келиб, украинлар кўп ерларни бой беришди. Фронтда русларга кучи етмаётган украинлар жанг ҳолатини ўзгартириш учун янги режа ўйлашди. 6 август куни Украина қуролли кучлари Россиянинг Курск областига бостириб кирди ва қисқа вақт ичида 1000 км квадрат майдонни эгаллаб олди. Бу аввалига диверсион ҳаракатдек туюлганди, лекин украинлар эгаллаган ҳудудларида окоплар қазиб, истеҳком яратишди.

Шу тариқа Россия ва Украина ўртасидаги урушда янги фронт очилди. Табиийки, Украина Курскка бостириб кириш орқали руслар Донбассдаги кучларини Курск йўналишига ташлашига умид қилади. Лекин Зеленский ва Сирский ўйлаганидек бўлиб чиқмайди. Афтидан Владимир Путинга навбатдаги украин қишлоғини эгаллаш Россиянинг тан олинган чегарасида жойлашган Курскни озод қилишдан муҳимроқ кўринади.

Курск йўналишига қўшимча кучлар ташланади, лекин Донбассдан бутун эътибор Курскка қаратилмайди. Шундан Путин бошқа бир янгилик ўйлаб топади. Курскка Шимолий Корея ҳарбийларини ташлайди. Ҳа, урушда ўз армияси иштирок этаётган учинчи давлат пайдо бўлади. Шимолий Корея Россияга 12 минг ҳарбийсини юборади ва улар Курскка жойлаштирилади. Бу урушнинг энг эсда қоларли воқеаларидан бирига айланди.

Трампнинг қайтиши

Ноябрда АҚШда президентлик сайловлари ўтказилди. Унда республикачи Доналд Трамп демократ Камала Ҳаррисни енгиб президентликка қайтди. Шу тариқа Трамп АҚШ тарихида амалдаги президенти вақтида сайловни ютқазиб, кейинчалик яна бир сайловни ютган иккинчи президентга айланди. Сайловгача интрига кучли эди, чунки Трампга қарши очилган жиноий ишлар, унинг аввалги муддати вақтида кўрсатган томошалари натижаларга таъсир этиши мумкин дейилаётганди. Бироқ Трамп сайловда жуда ишончли тарзда ғалаба қозонди.

Сайлов атрофида яна икки воқеага тўхталмасак бўлмайди. Биринчиси Трампга амалга оширилган суиқасд. 13 июл куни Пенсилванияда чиқиш қилаётган Трампни Томас Метю Круск исмли киллер яқин атрофидаги бино томидан туриб снайперда ўлдиришга ҳаракат қилади. У Трампни аниқ нишонга олиб ўқ узади, лекин ўша онда Трамп бошини қимирлатгани сабаб ўқ унинг қулоғига тегиб ўтиб кетади. Снайпер 8 та ўқ узишга улгуради, оқибатда митингда қатнашаётган бир киши ҳалок бўлади. Махсус хизмат мерганлари қотилни ҳам отиб ўлдиришади.

Бу суиқасд Трампнинг рейтингини ҳаддан ташқари ошириб юборади. Республикачилар ўша куни Трамп сайловни ютиб бўлгани ҳақида гапириб чиқишади. Кўп ўтмай Трамп ва Байден ўртасида CNN студиясида дебат ўтказилади. Бу воқеа эса сайлов тақдирига Трампга суиқасддан ҳам жиддийроқ таъсир қилади. Жонли эфирда кечган дебатда Байден алжираб қолади ва унда қарилик аломатлари яққол билинади. Бу дебатдан кейин Байден аввалига сайлов кампаниясини давом эттиришини айтади, лекин демократлар босимидан кейин барибир курашдан чиқади. Унинг ўрнини эгаллаган Камала Ҳаррисни эса Трамп сайловда осонгина мағлуб этади.

Башар Асаднинг ағдарилиши

Йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири Сурияда ҳукумат ағдарилиши бўлди. Узоқ йиллардан буён Эрон ва Россия қўллови билан ҳукуматни ўз қўлида сақлаб келаётган диктатор Башар Асад 11 кун ичида исёнчи гуруҳлар томонидан ағдарилади. Абу Муҳаммад ал Жўланий бошчилигидаги Ҳайъат Таҳрир аш-Шом гуруҳи Асадни ағдаришда асосий ишни қилади. Натижада, ҳозир Жўланий амалда Суриянинг янги ҳукмронига айланди.

Башар Асад исёнчилар пойтахт Дамашққа яқинлашиб келганда оиласи билан пушти паноҳи Владимир Путиндан сиёсий паноҳ сўраб, Россияга қочади. Сурия армияси, мамлакат махсус кучлари Башар Асадни ҳимоя қилмай, тўғри келган томонга қочади.

Асад ағдарилишига бир нечта сабаблар бор. Аввало, Асад режимини ушлаб турган икки устин Россия ва Эрон, Украина ва Исроилга қарши курашларда ўзи билан ўзи бўлиб қолади. Сурияда Асадни ҳимоя қилган «Ҳизбуллоҳ» эса Исроилга қарши курашда деярли йўқ бўлди. Жўланий бошчилик исёнчилар бу қулай вазиятдан фойдаланиб, ҳужумга ўтади ва Асад режими қулайди.

Жўланий Асад ағдарилганидан кейин энди Сурияда барча миллат ва дин вакиллари ҳуқуқлари таъминланадиган дунёвий давлат тузишга ишора қилди. Жўланий жанговар тахаллусидан воз кечиб, яна Аҳмад ал-Шараъ бўлди, дунё сиёсатчилари каби кастюм ва галстукда юришни одат қилди. Дамашқда Ғарб вакиллари, хусусан, АҚШ делегацияси Жўланий билан учрашувлар ўтказди.

Оқтовдаги ҳалокат

Йил якунида эса дунёда кетма-кет авиаҳалокатлар содир бўлди. Улардан бири 25 декабр куни Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрида содир бўлди. Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига тегишли бўлган Embraer E190 самолёти Бокудан Грознийга учаётганда Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрига қулади. Аввалига Бокудан Грознийга учаётган самолёт Оқтовда нима қилиб юрибди деб ҳайрон қолди, чунки Озарбойжон пойтахтидан Чеченистон пойтахтига учиш учун самолёт Каспийга чиқиши шарт эмас, лекин Оқтов денгизнинг нариги соҳилида.

Ҳалокатга учраган самолёт бортида 67 киши бўлган ва улардан 29 киши омон қолади, 38 киши ҳалок бўлади. Самолёт ерга қулаши билан тармоқда унинг фюзелажида ўқ излари борлиги кўрингани акс этган видеолар тарқалади. Россия томони аввалига самолёт ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашганини сабаб қилиб келтиради. Лекин кейинчалик самолёт Грозний осмонидан Россия ҳарбийлари томонидан ўққа тутилгани маълум бўлади. Бу ҳақда Илҳом Алиев Боку Озарбойжон телеканалига берган интервюсида ҳам айтди. Алиев Россия айбини тан олиши, айбдорларни жазолаши ва ҳалок бўлган озарбойжонликларга компенсация тўлаши кераклигини айтди.

Лекин ҳозиргача нимага адашиб ўққа тутилган самолётга энг яқин Россия аэропортларидан бирортасига қўнишга рухсат берилмагани тушунарсиз. Илҳом Алиев ўқ еган самолётни Оқтовга олиб бориб, бортдаги ярим йўловчилар омон қолишига сабаб бўлган учувчиларни қаҳрамонлар деб атади.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери