2023 якунланмоқда. Украинадаги уруш бу йилда ҳам асосий диққат марказида турди, аммо дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам можаролар, кескинликлар, табиий ва техноген офатлар етарлича бўлди. Kun.uz якунланаётган йилда дунё трендида турган энг асосий 10 воқеани эслаб ўтади.

Туркия ва Суриядаги даҳшатли зилзила

Жорий йил бошида сўнгги йиллардаги энг даҳшатли фожиалардан бири рўй берганди. 6 феврал куни тонгда ва куннинг биринчи ярмида Туркиянинг жанубий-шарқий қисмида бир неча соат фарқи билан 7,8 ва 7,5 магнитудали иккита зилзила содир бўлганди. Табиий офат мамлакатнинг ўндан ортиқ вилоятларини қамраб олади, хусусан Ҳатай, Қаҳрамонмараш, Ғозиантеп, Адияман ва Малатя каби ҳудудлар энг кўп зарар кўрганди.

Қурбонлар сони соат сайин кўпайган, интернетда ер қимирлаши вақтида олинган ва бинолар қулаётгани акс этган сон-саноқсиз видеотасвирлар пайдо бўлганди.

Қулаб тушган бино остидан қутқарилаётган аёл. Фото: GETTY IMAGES

Зилзила Туркиянинг қўшниларидан бўлган Суриянинг шимолий қисмига ҳам катта талофат келтиради. Ҳалаб ва Латақияда кўп қаватли уйлар тупроққа қоришади ва одамлар харобалар остида қолиб кетади. Ҳалокатдан омон қолган юз минглаб туркияликлар эса совуқ кунларда оғир шароитларда яшашга мажбур бўлади.

Жаҳон ҳамжамияти тезда жабрдийдаларга ёрдам қўлини чўзади, дўст-у душман ҳалокат ҳудудидаги одамларни қутқаришга ошиқади. Хусусан, Ўзбекистондан ҳам қутқарувчилар, ҳарбийлар ва шифокорлар Туркия ҳудудига етиб бориб, палаткалар тикишади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ва аҳолиси туркиялик биродарларга инсонпарварлик ёрдамлари етказиб беришга киришади.

8 феврал куни Туркия президенти табиий офат ҳудудига келади бошпанасини йўқотганлар вақтинча меҳмонхоналарга жойлаштирилиши, кейинроқ уларга турар жойлар қуриб берилишини ваъда қилади.

Зилзила қурбонлари сони ҳаддан ташқари кўп бўлгани сабабларидан бири сифатида янги қурилган биноларнинг зилзилага бардошлилик даражаси етарли бўлмагани келтирилди. Кейинги кунларда мамлакат бўйлаб қатор қурилиш фирмалари раҳбарлари ҳибсга олинди.

Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офат қурбонлари сони Туркиянинг ўзида 50 мингдан ошган, 10 мингдан ошиқ киши жароҳатланган, Сурияда эса зилзила 8 мингдан ошиқ кишини ҳаётдан олиб кетган, яна ўн минглаб кишилар жабрланган. Туркия расмийларига кўра, 100 мингдан ортиқ бинолар вайрон бўлган ёки зарарланган.