Гольф бўйича Қозоғистон очиқ чемпионатида Ўзбекистон вакили учинчи ўринни олди
Жорий йилнинг 28-30 август кунлари Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида жойлашган «Nurtau» гольф клубида ҳаваскор спортчилар ўртасидаги Қозоғистон очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси гольф усталари ҳам иштирок этишди, деб ёзади review.uz нашри.
Манбанинг Ўзбекистон гольф федерацияси берган маълумотларга таяниб ёзишича, аёллар ва эркаклар ўртасида ташкил этилган мазкур турнир якунида ўзбекистонлик Роман Тен умумий ҳисобда учинчи ўринни эгаллаган. Яна Тягай «Бест грос» категорияси бўйича иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, Евгений Ли ва Канат Курбаналиев ҳам кучли ўнликдан жой олишган.
Мазкур турнирда Қозоғистон ва Ўзбекистондан ташқари Қирғизистон, Корея, Япония ва АҚШ вакилларидан иборат 100 нафарга яқин ҳаваскорлар иштирок этишди.
Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон гольф федерацияси жорий йилнинг бошида Гольф Ассоциацияси қошида ташкил қилинганди.
Ўзбекистонда мазкур спорт турини ривожлантириш мақсадида 1 июндан бошлаб 7-14 ёшли болалар учун бепул ўқув курслари ташкил қилина бошланган. Ўтказилган синов натижаларига кўра, 50 нафар бола орасидан 14 нафар энг яхшилари танлаб олиниб уларга мазкур спорт тури бўйича сабоқ бериш давом эттирилмоқда. Улар спортни ўрганиши билан биргаликда 100 минг миқдорида стипендия ҳам олишади.