Алимент миқдорини белгилаш тартиби ўзгариши мумкин — бу ҳақда президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Тошкентда жарима майдончасидан автомобилни олиш тартиби ўзгаради. Тошкентдаги рецидивист «қуёнлар» - автобус йўловчиларининг айримлари 10 мартадан ортиқ жаримага тортилди. Тошкентдаги айрим мактаблар велосипед билан таъминланади. Ўқув марказига босқинчилик қилишга тайёргарлик кўрган уч нафар шахс ушланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Алимент миқдорини белгилаш тартиби ўзгариши мумкин

Миллий дастурларни амалга ошириш бўйича 2027–2031 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурида вояга етмаган болага тўланадиган алимент миқдорини яшаш харажатларига мувофиқ тарзда адолатли белгилаш тизимини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди. Мазкур йўналишда Президент қарори лойиҳасини 2027 йил июнига қадар ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Қайд этиш жоиз, ҳужжатда алиментнинг аниқ янги миқдори ёки уни ҳисоблаш формуласи келтирилмаган. Ҳозирча янги тизимни жорий этишга қаратилган қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.

Амалдаги тартибга кўра, алимент миқдори асосан алимент тўловчининг ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларига нисбатан фоиз ҳисобида белгиланади. Бу тартиб Оила кодексининг 99-моддасида кўрсатилган.

Тошкентда жарима майдончасидан автомобилни олиш тартиби ўзгаради

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун ушланган транспорт воситаларини эвакуация қилиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби такомиллаштирилди. Қарор 2026 йил 24 декабрдан кучга киради.

Янги тартибга кўра, автомобил эвакуаторга юкланишидан олдин ҳайдовчи етиб келиб, қоидабузарликни бартараф этса, транспорт воситаси жарима майдончасига олиб кетилмайди. Бироқ автомобилни эвакуаторга қисман ёки тўлиқ юклаш бошланган бўлса, ҳайдовчи етиб келган тақдирда ҳам эвакуация тўхтатилмайди.

Транспорт воситасини сақлаб туриш муддати автомобил эвакуаторга жойлаштирилган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Сақлаш харажатлари эса амалда сақланган тўлиқ суткалар учун ундирилади. Автомобиллар QR-код орқали қайтарилади.

Тошкентдаги рецидивист «қуёнлар» - автобус йўловчиларининг айримлари 10 мартадан ортиқ жаримага тортилди

Тошкентда автобус йўловчиларининг айримлари чиптасиз юргани сабаб бир неча марта жаримага тортилди. Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармасининг маълум қилишича, 2025 йил октябрь ойидан 2026 йил 10 ноябрга қадар пойтахт автобусларида чиптасиз юриш ҳолатлари бўйича жами 170937 та Маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ушбу даврда жавобгарликка тортилган шахслар орасида 461 нафари — 5–9 марта, 9 нафари — 10 ва ундан ортиқ марта жавобгарликка тортилган.

Йўл ҳақини тўламаган йўловчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси (транспортда чиптасиз юриш) 5-қисмига асосан маъмурий жарима қўлланади. Унга кўра, йўловчининг шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусда чиптасиз юриши БҲМ 10 дан бир қисми (44 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Тошкентдаги айрим мактаблар велосипед билан таъминланади

Тошкентдаги зарур инфратузилмага эга умумтаълим мактаблари 2027–2028 йилларда босқичма-босқич велосипедлар билан таъминланади. Бу президентнинг 11 ноябрдаги «Велосипед спорт турларини янада оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, 2027 йил мартдан бошлаб пойтахтда тажриба-синов тариқасида «Тошкент тажрибаси» жорий этилади. Унинг доирасида зарур инфратузилмага эга умумтаълим мактабларини велосипед билан таъминлаш ва велоспорт тренерлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш назарда тутилган.

Мазкур ишлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўқув марказига босқинчилик қилишга тайёргарлик кўрган уч нафар шахс ушланди

Тошкент шаҳар ИИББ ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари пойтахтдаги ўқув марказларидан бирига режалаштирилган босқинчилик ҳужумининг олдини олди.

Маълум қилинишича, 1995 йилда туғилган марказнинг собиқ қўриқчиси муассасада катта миқдорда пул сақланишини билган ва жиноятни амалга ошириш учун танишларини жалб қилган. Режага кўра, гуруҳ аъзолари ниқобда марказга орқа эшикдан кириб, пулни қопларга жойлаштириши ва ижарага олинган автомашинада олиб чиқиб кетиши керак бўлган. Улардан бири электр таъминотини узиши, яна бири эса гувоҳларни чалғитиш учун аёллар кийимини кийиши режалаштирилган. Гумонланувчилар жиноятдан кейин Фарғона вилояти орқали қўшни давлатга чиқиб кетишни ҳам режа қилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уч нафар гумонланувчини жиноятни амалга оширишидан олдин қўлга олди. Улардан ниқоблар, болға, қоплар, қўлқоплар, рациялар, эшик очиш мосламалари ва калит нусхалари олиб қўйилган.