Жаҳон | 13:08 / 04.01.2016
8047
3 дақиқада ўқилади

Independent: Саудия Арабистонида ижро этилган қатллар Ғарб олдига янги муаммони қўйди

The Independent нашри журналисти Роберт Фискнинг таъкидлашича, “Ғарб Саудия Арабистонида амалга оширилган оммавий қатллардан кейин ҳам ушбу мамлакат олдида паст кетишда давом этади”.

Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни Саудия Арабистони ИИВ террорчиликда айбланган 47 кишига нисбатан ўлим жазосининг ижро этилгани борасида баёнот тарқатди. Қатл қилинганлар сирасида шиа илоҳиётчиси, 2012 йили ҳибсга олинган Нимрон ан-Нимр ҳам бор эди. Бу Эрон ва Саудия ўртасидаги жанжални келтириб чиқарди. 3 январь куни эронликлар Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси биноси олдида норозилик намойишлари ўтказишди. Улар бинони остин-устун қилиб, ёнғин келтириб чиқаришди. Полиция 40 кишини ҳибсга олди. Шу воқеадан сўнг Риёд Теҳрон билан дипломатик алоқаларни тўхтатишга қарор қилди.

“Саудия Арабистонида ўтган йили амалга оширилган барча 158 қатл ИШИДнинг ваҳҳобийлик таълимотига мувофиқ келади, - деб ёзади Фиск. – Макбетнинг “қонга қон” шиорини, шубҳасиз, саудияликларга нисбатан ҳам қўлласа бўлади: уларнинг “террорга қарши уруши” эндиликда, афтидан, ҳар қандай, ҳам сунний, ҳам шиа қонини оқлайди”.

Шайх ан-Нимр оддий илоҳиётчи бўлмай, Саудиянинг Шарқий вилоятидаги энг нуфузли ва ҳурматли шиа етакчиларидан бири эди. У бирор-бир партияга қўшилмаган бўлса-да, расмий ҳокимиятга қарши чиққани боис тез-тез қийноққа солинарди. Фискнинг эътироф этишича, Саудия ҳукумати “ИШИД руҳида” қатлнинг мазҳаблар ўртасидаги курашга алоқадор эмаслигини иддао этиши шубҳали.

Журналистнинг тахмин қилишича, Риёднинг бундай қадами Яманда хусийларнинг янги исёнини келтириб чиқаради, ваҳоланки Саудиянинг ўзи у ерда шиаларнинг норозиликларига чек қўйишга қаратилган ҳарбий коалицияга бошчилик қилмоқда.

“Бу қатл Ғарбни Яқин Шарқнинг энг нозик муаммоси олдида ожиз қолдиради, яъни у Қироллик душманларининг ваҳима билан қатл этилишига юмшоқлик билан норозилик билдириш ўрнига Форс кўрфазининг бой ва автократик монархиялари олдида паст кетиб, қуллуқ қилишга мажбур бўлади”, - дея хулоса қилди колумнист.