Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жанубий Корея ҳукумати КХДРдаги технопаркка киришни максимал даражада чеклайди
Жанубий Корея ҳукумати КХДРнинг Кэсон шаҳри яқинидаги технопаркка киришни максимал даражада чеклаш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу Шимолий Кореянинг ядро синовини амалга оширганига жавоб тариқасида амалга оширилади, дея хабар бермоқда Рёнҳап агентлиги.
“Кэсондаги технопаркка киришни чегаралаш қарори қабул қилинди, бунда технопарк таркибига кирувчи корхоналар билан тузилган шартнома бўйича энг кам миқдордаги керакли ходимлар истисно этилади”, - дея Рёнҳап агентлиги Корея Республикаси ҳукуматидаги ахборот манбаси сўзларидан иқтибос келтирди.
Унинг маълумотига кўра, “энг кам миқдордаги керакли” жанубий кореялик Кэсон саноат зонаси ходимлари қуролсизлантирилган ҳудуддан шу куннинг ўзида ишлашга бориб-келишади.
Корея ярим оролидаги вазият 6 январь куни КХДР томонидан тўртинчи бор ядро синови ўтказилганидан сўнг кескинлашди. Пхеньян мазкур портлаш водород бомбаси синови натижаси эканини маълум қилди. Жанубий Корея эса бунга жавоб тариқасида чегара бўйлаб 11 ҳудудга овоз кучайтирувчи карнайлар ёрдамида радиоташвиқотларни бошлаб юборди.
“Эшиттиришларнинг қайта йўлга қўйилиши ортидан қуролсизлантирилган ҳудудда кескинликнинг ортиши эҳтимоли ошди, шу муносабат билан фуқароларимизнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш учун чораларни кўриш зарурияти пайдо бўлди”, - деди агентлик суҳбатдоши.
Агентлик маълумотига кўра, Жанубий Корея Кэсондаги технопаркка киришни биринчи марта чеклаётгани йўқ. 2009 йилда КХДР иккинчи марта ядро синовини ўтказганида, 2010 йилда шимолликлар Сариқ денгиздаги Йонпхёндо оролини ўққа тутганида ҳам Кэсондаги жанубликлар сони энг миқдорга туширилган эди.
Кэсон яқинидаги Жанубий Корея саноат зонасида 2004 йилдан буён Корея Республикасининг 120та кичик ва ўрта бизнес корхонаси Шимолий Кореянинг арзон, аммо малакали ишчи кучидан фойдаланган ҳолда ўз маҳсулотини ишлаб чиқаради. Айни пайтда саноат зонасида 53 минг нафар КХДР фуқароси ойига 70,35 доллар маош олиб меҳнат қилмоқда.