Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Машҳурлар ҳаётидан: Агата Кристи - Детектив жанрининг қироличаси
Шахсий турмушда у қадар бахтли бўла олмаган Агатанинг ижоди адабиёт ва айниқса, детектив жанри шайдолари учун битмас-туганмас хазинанинг ўзгинаси. Келинг, «Детектив жанрининг қироличаси” номига сазовор бўлган Агата Кристи ҳаёти билан боғлиқ бир қанча қизиқарли жиҳатларга юзланамиз.
Агата Кристидан сўрашибди: “Нега ҳажм жиҳатидан тенг бўлган, воқеалари ҳам ўхшаш бўлган икки романингиз турли хил миқдорда сотилмоқда?”. Ақлли Кристи: “Чунки улардан биридаги қотилликлар сони иккинчи китобдаги қотилликлар сонидан иккитага кўпроқ!” - деб жавоб берган экан;
Агата Кристининг “Қопқон” пьесаси ҳалигача театрларда қизиқиш билан кутиб олинади. Пьеса эндигина саҳнада қўйила бошлаган вақтларда шундай одат бўлган: Спектакль тугагач, бир инсон саҳнага чиқиб, томошабинларга келганлиги учун миннатдорчилик билдирган. Сўнгра … қотил аслида ким эканлиги ҳақида бошқаларга (ҳали асарни томоша қилмаганларга) гапирмасликларини қаттиқ илтимос қилишган;
Агата Кристининг “Марҳум Миссис Макгинти” асарида Эркюл Пуаро чекка ва хароба бир қишлоққа бориб, ҳақиқий қотилни топади. 1964 йилда бу асар асосида фильм суратга олинади. Фильм ижодкорлари бир жиҳатга диққат қилишади. Доимо ўзига қараб юрувчи, кибор, нозиктабиат Пуаронинг харобалар орасида юриши нотабиий ҳолатдай туюлади. Шунда улар ажойиб йўл топишади: Пуаронинг ўрнини Кристининг бошқа бир қаҳрамони - оддийликни хуш кўрувчи Мисс Марпл эгаллайди;
Агата Кристи ўзининг ягона набирасини ажойиб усулда сийлаган. Унга “Қопқон” пьесасининг муаллифлик ҳуқуқини совға қилган. Ишонаверинг, бу совға бир неча миллионлик меросдан афзал. “Қопқон” пьесаси даромад келтириш бўйича саҳна асарлари орасида юқори ўринларда туради;
1970-йилларда қопқонлар ишлаб чиқарувчи фирма ўз қопқонларидан бирини Агата Кристи деб номлашга рухсат олади. Албатта, бу рекламанинг ажойиб кўриниши эди. Сабаби, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Агатанинг “Қопқон” асари жуда ҳам машҳур;
Агата Кристи эри билан турмуш қурганига 25 йил тўлганида шундай деганди: “Энг яхши эрлар - археологлардир! Чунки сенинг ёшинг қанчалик катта бўлса, у сени шунчалик қадрлайди”;
Агата Кристи баъзи асарлардаги деталларни ўз ҳаётидан олган. Масалан, 1930 йилда эрининг ёнига, Мисрга йўл олади. У йўлнинг асосий қисмини “Шарқий экспресс” да босиб ўтади. Кейинчалик у машҳур “Шарқий экспресс”даги қотиллик” асарини ёзади;
Юқорида фикрни давом эттирамиз. Агата бир қанча муддат Лондон четидаги Саннингдейлда истиқомат қилган. Бу жой ўзининг гольф майдонлари билан машҳур эди. “Гольф майдонидаги қотиллик” асари шунинг натижасидир балки…
Яна бир мисол. 1-Жаҳон уруши вақтида Агата Торки шаҳри аптекасида ишлаган. Иш жараёнида эса заҳарларни синчиклаб ўрганган. Бу иши кейинчалик унга жуда кўплаб асарларида қўл келган;
Агата Кристи бир нарсадан афсусланган. “Мен илк китобимда Эркюл Пуарони истеъфодаги ёш офицер сифатида тасвирлашим керак экан. Агар шундай қилганимда умримнинг охиригача у ҳақидаги асарларни ёзишим мумкин эди” - деган эди Агата. Илк китобдаёқ Пуаро катта ёшли инсон сифатида кўрсатилган;
Агата Кристига “Нега Пуарони айнан белгиялик қилиб тасвирлагансиз?” - қабилидаги саволни кўп беришган. Ёзувчининг жавоби эса анча қизиқарли: “Чунки белгияликлар жуда мазали ширин кулчалар пиширишади”;
2-Жаҳон уруши вақтида Англия жуда кучли ҳаво ҳужумлари гирдобида қолади. Бундай маҳалда тасодифий ўлим ҳар қандай одамга хавф соларди. Буни яхши англаган Агата Мисс Марпл ва Эркюл Пуаро туркумларининг якунловчи қисмларини ёзишга киришади. Агата бу иши билан бир амалий мақсадни ҳам кўзлаганди: сўнгги асарлардан келувчи даромад яқинларини моддий таъминлашга хизмат қилиши керак эди...
Интернет маълумотлари асосида Баҳодир Аноров тайёрлади.