Гуржистон ҳукумати 2026 йилнинг учинчи чорагида миграция қонунчилигини бузган 109 нафар Россия фуқаросини мамлакатдан депортация қилди. Бу бутун 2025 йил давомидаги кўрсаткичдан деярли бир ярим баробар юқори.

Шу билан бирга, июл–сентябр ойларида Гуржистондан Беларуснинг 15 нафар фуқароси ҳам чиқариб юборилган.

Бу ҳақда 8 ноябр, якшанба куни Россия ва Беларус оммавий ахборот воситалари Гуржистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.

Жами июл–сентябр ойларида Гуржистондан 1134 нафар хорижий фуқаро депортация қилинган.

Улар орасида энг кўпини Туркия фуқаролари ташкил этган — 306 нафар. Россия фуқаролари эса депортация қилинганлар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллаган.

Таққослаш учун, 2025 йил давомида Гуржистон ҳукумати мамлакатдан жами 1311 нафар ноқонуний мигрантни чиқариб юборган. Улар орасида 73 нафар Россия фуқароси бўлган.

Йил бошидан буён Гуржистондан 254 нафар Россия фуқароси депортация қилинди

2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида миграция қонунчилигини бузган 3170 нафар хорижий фуқаро Гуржистондан чиқариб юборилди.

Улар орасида 791 нафар Туркия, 306 нафар Ҳиндистон, 274 нафар Эрон ва 254 нафар Россия фуқароси бор.

Шундай қилиб, 2026 йилнинг январ–сентябр ойларида депортация қилинган россияликлар сони 2025 йил давомидаги кўрсаткичдан уч баробардан зиёд ошган.

Оммавий ахборот воситаларининг қайд этишича, Гуржистон 2025 йилдан бошлаб ноқонуний миграцияга қарши курашни кучайтирган.

Мамлакат парламенти миграция қонунчилигини қатъийлаштириб, депортация қилиш ва тинтув ўтказиш тартиб-таомилларини соддалаштирган.

Шундан буён Гуржистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда бўлиш қоидаларини бузган хорижий фуқароларнинг чиқариб юборилиши ҳақида мунтазам равишда ҳисобот бериб келмоқда.