Исроилда сайлов

Ҳафтанинг энг муҳим сиёсий воқеаси Исроилдаги сайловлар бўлди. Чунки охирги йилларда бу давлат содир этаётган ишлар Яқин Шарқдаги мувозанатнинг оёғини осмондан қилиб юборди. Сайловнинг асосий интригаси Нетаняҳу кетиш-кетмаслигида эди. Парламент сайлови якунларига кўра ҳозирча ғолиб аниқ эмас. Нетаняҳу блоги ҳам, мухолифат ҳам керакли 61 овозни ололмади. Лекин Исроил араблари ҳаммани ажаблантириб 18-19 ўрин олиши кутилмоқда. Бу араб партиялар учун яққол рекорд.

Сайловнинг расмий натижалари 4 ноябргача эълон қилинади. Кейин 11 ноябргача қайсидир томон коалиция тузса, ҳукуматни қўлга олади. Воқеалар турлича ривожланиши мумкин. Масалан, генерал Гади Айзенкот бошчилик мухолифат араб партиялари билан бирлашиб, керакли 61 овозни олган ҳолда ҳукумат тузиши ва Нетаняҳу кетиши мумкин. Амалдаги бош вазир эса Айзенкотнинг ўзи билан келишиб аралаш ҳокимият тузиши ҳам мумкин. Ҳеч ким ҳукумат тузолмаса, қайта сайлов ўтказилади.

Мағлуб бўлдингми – қоч!

Бразилияда ҳам сайлов қизғин ўтди. Амалдаги президент Лула да Силва яна кичик фарқ билан ғалаба қозонди. Сайловнинг иккинчи турида 80 ёшли Лулага 51 фоиздан кўпроқ, Флавио Болсонарога 49 фоизга яқин одам овоз берди. 4 йил аввал ҳам шунга ўхшаш натижа қайд этилган, фақат унда Лула ҳозир қамоқда бўлган катта Болсонарони мағлуб этганди. 80 ёшли Лула сайловда енгса, кичик Болсонарони ҳам қамашини айтганди, лекин улгурмади. Афтидан, отасининг тақдири бошига тушишидан қўрққан Флавио АҚШга қочиб кетди.

Бу оила Трамп билан яқин, АҚШ унинг номзодини қўллаганди. Луланинг ғалабасини Вашингтонда ёмон қаршилашди, Трампнинг тарафдорлари «Бразилия билан алоқаларни узиш кераклигини» айтиб чиқди, лекин табиийки Бразилиядаги сайловлар демократик ўтмаганига ҳеч қандай исбот келтира олишмади.

Эронда яна уруш бўладими?

Эронда яна уруш бўлиши ҳақида хабарлар ҳафта давомида тобора кўпайди. 3 ноябр куни АҚШда оралиқ сайловлар ўтказилади, эртасига жавоблар чиқади. Ўша куни Исроилдаги сайловлар ҳам бирёқлик бўлади. Трамп ва Нетаняҳу ҳукуматини сақлаб қолса, катта эҳтимол Эронга қарши навбатдаги йирик операциялар бошланадигандек. Бунга ишора қиладиган воқеалар жуда кўп.

Албатта, АҚШ Эронга қуруқликдан бостириб кирмайди, бу катта таваккал, океан ортига тобутлар оқиб бориши Трамп ҳукумати учун жиддий хавф. Бу гал ҳам янги раҳбарият, ядровий объектлар, муҳофизлар корпуси тизимларига зарба берилиши мумкин. Лекин Америка ва Исроилдаги сайлов натижалари янги урушга тўсқинлик қилиши ҳам мумкин.