«Мичиган, биз буни уддаладик»: АҚШ Сенатига илк бор мусулмон сайланди
|17:221 3508 мин
Мичиган штатида прогрессив демократ Абдул Ал-Саид республикачи Майк Рожерсни енгиб, АҚШ тарихида Сенатга сайланган илк мусулмонга айланди. Штатдаги энг қиммат сайловолди кураши унинг дини ва исмига қаратилган ҳужумлар билан кечганди.
Абдул Ал-Саид ва унинг рафиқаси Сара Жукаку сайловлардаги ғалабадан сўнг саҳнада / Фото: ReutersАбдул Ал-Саид ва унинг рафиқаси Сара Жукаку сайловлардаги ғалабадан сўнг саҳнада / Фото: Reuters
3 ноябр куни бўлиб ўтган оралиқ сайловларда Мичиган штатидан АҚШ Сенатига номзод, прогрессив демократ Абдул Ал-Саид республикачи Майк Рожерсни енгиб чиқди. 42 ёшли Ал-Саид АҚШ тарихида Сенатга сайланган илк мусулмон бўлди, у январда лавозимга киришади.
AP маълумотларига кўра, овозларнинг 96 фоизи саналганида Ал-Саид 2 миллион 480 мингдан кўпроқ – 52,4 фоиз, Рожерс эса 2 миллион 154 мингдан ортиқ – 45,6 фоиз овоз тўплаган. Либертарлар партиясидан Лидия Кристенсен 1 фоиз овоз олган.
Ал-Саид қайта сайловда қатнашмаган демократ сенатор Гери Питерс ўрнини эгаллайди. Шу тариқа демократлар 1979 йилдан бери ўз қўлида бўлган ўринни сақлаб қолди.
Сўнгги сўровномалар Ал-Саидни бироз олдинда кўрсатган бўлса-да, пойга охиригача кескин ҳисобланган. AP харитасига кўра, Ал-Саид Детройт, Гранд-Рапидс, Лансинг ва Флинт каби йирик шаҳарлар жойлашган округларда устунлик қилган. Штатнинг қишлоқ ҳудудлари эса асосан Рожерсга овоз берган.
«Сиз нафратни танладингиз, Мичиган эса умидни»
Собиқ соғлиқни сақлаш амалдори Абдул Ал-Саид ғалабасини AP ва йирик телеканаллар натижани эълон қилишидан бир соатча олдин нишонлади. У Детройтда Мичиган демократлари уюштирган тадбирда саҳнага чиқди ва «Мичиган, биз буни уддаладик», деди.
Reuers’нинг ёзишича, унинг нутқ одатий ғалаба нутқларига ўхшамади: Ал-Саид бирлик ва икки партия ҳамкорлигига чақирмади. У ўз кампаниясини умид кампанияси, рақиби – собиқ конгрессмен ва ФҚБ агенти Майк Рожерс кампаниясини эса корпорациялар пули билан юритилган реклама кампанияси сифатида тасвирлади. «Сиз нафратни танладингиз, Мичиган эса умидни танлади», деди у ва рақибига «Майк, нафақангиздан роҳатланинг»
Мавзуга оид
деб мурожаат қилди.
У бу ғалабани Мичиганда бир ярим йил давом этган сайловолди кампаниясида шаклланган ҳаракатнинг хизмати, деб билди. Шунингдек, энг оғир дамларида сайловчилар унга куч бағишлаганини айтди.
Ал-Саиднинг айтишича, уни қораловчилар бензин ва озиқ-овқат нархлари масаласига эътибор қаратиш ўрнига жамиятни бўлишни танлаган. Улар буни ўзлари келтириб чиқарган муаммоларга жавоб топа олмагани учун қилган.
«Улар баъзиларимиз учун жуда тор бўлган Американи истайди. Биз эса Америка барчамизга сиғадиган даражада кенг эканини биламиз», деди Ал-Саид.
Ўз нутқида Ал-Саид АҚШ президенти Доналд Трампнинг «Американи яна буюк қиламиз» шиорига ҳам ишора қилди. Унинг фикрича, Американинг буюклиги ўтмишда эмас, ўзини яхшилай олиш қобилиятида. «Бизга яна буюк бўлиш шарт эмас. Бизни доим буюк қилиб келган нарсани - янада мукаммал бўлиш иродасини қабул қилишимиз керак. Ҳозир бу тизимни жуда узоқ вақтдан бери бизга қарши бузиб келган корпорациялар, миллиардерлар ва махсус манфаатдор гуруҳларга қарши чиқиш демакдир», деди у.
Мичигандаги энг қиммат сайлов
Бу сайлов Мичиган тарихидаги энг қиммат сайлов бўлди. AdImpact компанияси маълумотига кўра, телевидение ва интернетдаги рекламага 278 млн доллар сарфланган, The Detroit News газетаси эса пойгадаги жами харажатларни 400 млн доллардан ошган, деб ҳисоблаган.
Ал-Саид июл ўртасидан сентябр охиригача 30,7 млн доллар тўплаб, штат рекордини янгилади, Рожерс эса бу даврда 9,7 млн доллар йиққан. Бироқ ташқи гуруҳлар Рожерсга кўпроқ пул сарфлади: Bridge Michigan нашрининг ҳисобига кўра, октябр ўрталарига келиб республикачиларга яқин гуруҳлар Рожерс учун 95 млн долларга яқин, Ал-Саидни қўлловчи гуруҳлар эса 42 млн доллар сарфлаган.
Ал-Саид ким ва уни кимлар қўллайди?
Ал-Саид сиёсатга тиббиёт ва жамоат саломатлиги соҳасидан кириб келган. У 1984 йилда Мичиганда, Мисрдан кўчиб келган муҳожирлар оиласида туғилган. Мичиган университетини битирган, Оксфордда жамоат саломатлиги бўйича докторлик даражасини, Колумбия университетида эса тиббиёт дипломини олган.
2015 йилда Детройт мери уни шаҳар соғлиқни сақлаш департаментига раҳбар этиб тайинлаган. 2018 йилда эса губернаторликка номзод бўлиб, партия ичидаги дастлабки сайлов — праймеризда ҳозирги губернатор Гретчен Уитмерга ютқазган. Сўнг подкаст, китоб ва телевидение орқали аудиториясини кенгайтирди. 2023–2025 йилларда Уэйн округининг соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва фахрийлар хизматлари департаментини бошқарган.
Фото: Reuters
Питерс Сенатдан кетишини маълум қилгач, Ал-Саид 2025 йил апрелида Сенатга номзодлигини эълон қилди. «Дунёдаги энг бой ва энг қудратли мамлакатда яшаб қолиш ҳаддан ташқари қийин. Кун кўриш бунчалик оғир бўлмаслиги керак», деганди у ўшанда AP’га. Уни биринчи кундан сенатор Берни Сандерс, 2026 йил июлидан эса Вакиллар палатаси аъзоси Александрия Окасио-Кортес қўллаб-қувватлаб келмоқда.
4 августдаги праймеризда Ал-Саид ўз партиядоши, Вакиллар палатаси аъзоси Ҳейли Стивенсни бир фоизга яқин фарқ билан ортда қолдирди.
Стивенсни Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер ва губернатор Уитмер қўллаганди. Associated Press маълумотига кўра, уни қўллаган ташқи гуруҳлар 60 миллион доллардан ортиқ сарфлаган. Шундан 30 миллиондан ортиғи исроилпараст AIPAC лобби ташкилоти (Америка-Исроил жамоатчилик ишлари қўмитаси) ва унга алоқадор тузилмаларга тўғри келган.
Обама ва Ал-Саид / Фото: AP
Праймериздан сўнг партиянинг йирик вакиллари ҳам Ал-Саидга қўшилди. 12 октябрда собиқ президент Барак Обама реклама роликида уни очиқ қўллаб-қувватлади, 24 октябрда эса у билан Детройтда митинг ўтказди. Бироқ праймериздаги рақиби Стивенс сайловдан икки кун олдин, 1 ноябр куни Рожерсни қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Бу қадам партияда кенг қораланди.
Ал-Саиднинг рақиблари ва Исроил масаласи
Мичиганда Ал-Саиднинг рақиби Доналд Трамп қўллаб-қувватлаган ва унинг яқин иттифоқчиси сифатида сайловга чиққан собиқ конгрессмен Майк Рожерс бўлди. Рожерс Ал-Саидни Мичиган учун ҳаддан ташқари радикал номзод сифатида кўрсатди ва унга берилган овоз социализмга берилган овоз эканини айтди. Бироқ сўнгги ҳафталарда у Эрон билан урушни ва Канада билан савдо низосини тўхтатишга чақириб, президентдан узоқлашди.
Майк Рожерс ва Трамп / Фото: AP
The Guardian’нинг ёзишича, Ал-Саид кампания давомида ирқчилик ва исломофобик ҳужумларга дуч келди. Рақиби ва уни қораловчилар, жумладан, президент Трамп кўпинча унинг исми ва динига ишора қилган. Трамп уни «коммунист» ва «жиҳодчи» деб атаган ва Сенатга кириши учун металл детектордан ўтишига тўғри келишини даъво қилган. Ал-Саид бу айбловларни рад этди.
Ал-Саиднинг Исроил ҳақидаги қарашлари демократлар сафларини ҳам иккига бўлиб юборди. У Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб атайди ва АҚШнинг Исроилга ҳарбий ёрдамини тўхтатиш тарафдори. Ал-Саид умуман хорижий армияларни молиялашга қарши: бу талаб Исроил билан бирга Миср, Иордания ва Саудия Арабистонига ҳам тегишли.
Ғалаба нутқида ҳам у бу мавзуга тўхталди: «Биз солиқларимиз шу ерда — шу ердаги мактабларга, шу ердаги соғлиқни сақлашга ва шу ердаги инфратузилмага сарфланишини истаймиз. Пулимиз апартеид, геноцид ёки уруш қилиш учун юборилишини истамаймиз».
Ғалабанинг аҳамияти
Ал-Саиднинг ғалабаси Демократик партиянинг прогрессив қаноти учун муҳим ютуқ бўлди. Мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Америка-ислом муносабатлари кенгаши (CAIR) натижани – «чексиз исломофобик ҳужумларга қарамай» қўлга киритилган «тарихий ғалаба» деб атади.
Фото: Reuters
Бу ғалаба прогрессивларни руҳлантиради, чунки у рақобатли штатда ҳам улар юта олишини кўрсатди. New York Times’га кўра эса Ал-Саид демократлар учун ўзига хос синовга айланган эди: прогрессивлар унинг қатъий чап сиёсатини партия келажаги деб билган, мўътадил демократлар эса рақобатли штатда буни ортиқча таваккал деб ҳисоблаган.