Россия қўшинлари 8 ноябр, якшанба куни давомида Украинанинг бир нечта вилоятига кўплаб ҳужумлар уюштирди. Тинч аҳоли ва қутқарув хизматлари ходимлари орасида ҳалок бўлганлар ҳамда яраланганлар борлиги хабар қилинмоқда.

Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати (ФВДХ) маълум қилишича, Россия дронлари Запорижжя вилоятининг Камишеваха аҳоли пунктида ишлаётган қутқарувчилар бўлинмаларига уч марта ҳужум қилган.

Қутқарувчилар 2 ноябр куни Россия авиацияси томонидан гуманитар ёрдам тарқатиш пунктига берилган зарба оқибатларини бартараф этаётган эди.

Дронлар ФВДХ автомобилларини нишонга олган. Ҳужум оқибатида икки нафар ҳайдовчи яраланган.

Россия ҳарбийларининг дронлари Харкив шаҳридаги қутқарувчиларни ҳам нишонга олган.

Шаҳарнинг Киевский туманига учувчисиз учиш аппарати билан ҳужум қилинган. Оқибатда бир киши жабрланган, автомобил ёниб кетган. Шунингдек, кўп қаватли уйнинг деразалари ва атрофда тўхтаб турган автомобиллар шикастланган.

Ҳужум оқибатларини бартараф этиш ишлари давомида ФВДХ қутқарувчилари Россиянинг FPV-дрони билан такрорий ҳужумига учраган.

Хизмат маълумотига кўра, бу сафар қутқарувчилар орасида жабрланганлар бўлмаган.

Россия Днипропетровск вилоятига қарийб 40 марта ҳужум қилди

8 ноябр куни Россия қўшинлари Днипропетровск вилоятига дронлар, артиллерия ва авиация бомбалари ёрдамида қарийб 40 марта зарба берди.

Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжа маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумлар оқибатида икки киши ҳалок бўлган, яна етти нафар фуқаро яраланган.

Шунингдек, кўп қаватли ва хусусий турар жойлар, инфратузилма объектлари, омборхоналар, туман маркази биноси ҳамда автомобилларга зарар етган.

Полтава вилоятининг Кременчуг шаҳрида эса дронлар кўп қаватли бино ва меҳмонхонага зарба берган.

Ҳужум оқибатида 16 ёшли ўсмир оғир тан жароҳатлари олган ва шифохонага ётқизилган.