Кузатишлар шуни кўрсатяптики, кўпгина корхоналардаги сифат муаммоларининг асосий сабаби инсон омили экан. Булар – стандартлаштирилган ишни бажаришдаги хатолик, ишдаги бир ёки бир неча элементни ёки умумий тартиб-қоидаларни бажаришни инкор қилиш. Ишлаб чиқариш саноатида мураккаб операциялар учун хато юз беришига йўл қўймайдиган воситалар ўрнатилади. Шундай воситани кадрлар тайёрлашда ишлатса бўладими? Бу маколада мен ходимларни тайёрлаш жараёнига «хатолардан химоя қилиш воситаси» ни тадбиқ қилишни муҳокамага қўймоқчиман.

Хитой саноати арзон нархларларга асосланган рақобатбардошлиги билан бутун жаҳонга ўзини билдириб турган вақтда, европа саноати маҳсулотнинг рақобатбардош таннархи энди арзон ишчи кучи билан таъминлана олмаслигини, ва иқтисоднинг рентабеллиги унда албатта илмий-изланиш ва тажриба-конструкторлик ишлари бўлишига ва ходимларнинг мураккаб технологик вазифаларни еча олиш қобилиятига қараб белгиланишини таъкидламоқда.

Бу қуруқ гап эмас, балки бир асосли далил, ва тафовут таълим тизими ва ходимларни тайёрлаш сифатидадир. Буни кўрсатишни таққослашсиз иложи йўқ, ва бунда менга япон таълим тизими билан танишлигим ёрдам беради.
Мен 2007-2009 йиллари у ерда магистратурада ўкиганимда, фарзандларим 2008 йил июлидан 2009 йил ноябригача умумий болалар боғчаси (койху-эн), бошланғич мактаб (шё-гакко) ва бошланғич ўрта мактаб (чью-гакко) ларга боришди. Хусусий болалар боғчалари ва мактаблари ҳам бор, ва уларда таълим интеллектуал ўйинлар асосида ташкил килинган. Мен ўкиган Тойохаши Технология Университети профессори жаноб Ямаданинг тушунтиришича, бундай таълим методологик таълим деб аталади, ва у тез орада умумий болалар боғчалари ва мактабларида ҳам кўлланилинишни бошлайди.

Япон болалар боғчасида болаларга нимани ўргатишади? Ходимларни тайёрлашнинг дастлабки босқичи.

Японлар денгиз махсулотларини кўп истеъмол килганлари учун фан ва технологияда илгор, - деган гап бор. Мен эса, японларнинг муваффакияти уларнинг таълим тизимига ва болалар боғчасидан бошланадиган ходимларни тайёрлашнинг узлуксиз жараёнига боғлик, деб ҳисоблайман. Фарзандларини боғчага жойлаш учун ота-оналар маҳаллий муниципалитетнинг таълим бўлимига мўлжалларидаги муддатдан 6 ой олдин ариза топширишлари шарт. Хамма болалар яшаш жойларидаги болалар боғчасига бориши лозим. Иложсиз ҳолларда болалар оналарининг иш жойига яқин боғчага жойланиши мумкин. Биринчи куниёқ болалар боғчага рюкзаклари, устки ва ички кийимлари, пойафзаллари, идишлари, фартуклари, қалам ва бошка буюмларига исми-шарифи ёзилган ёрлиқлари (яъни, маркировка) билан келишлари шарт. Ёрлиқлар сувга чидамли ёзув билан бажарилади. Кичик гуруҳ тарбияланувчилари қизил рангдаги ва катта гуруҳ тарбияланувчилари яшил рангдаги, болани қош қорайган вақтдаги серқатнов ҳаракатда ҳам сезиларли қиладиган нур қайтарувчи тасма қадалган панамачаларни кийишлари мажбурийдир.