26 август куни тонгда бошланган офат Тибетдаги Лхаса ва Непал пойтахти Катмандуни боғловчи, сайёҳлар ва зиёратчилар гавжум бўлган тоғли ҳудудни ювиб кетди. Полиция омон қолганларни қидириш ва узилиб қолган минглаб одамларга фавқулодда ёрдам юкларини ташлаш учун вертолётлардан фойдаланмоқда.

2026-08-27 10.31.47
Фото: AP

Бундан ташқари, қурбонлар сони 165 кишидан ҳам ошишини кутилмоқда. «Бу рақам ошади, чунки биз қидирув ишларини қайта тикладик ва яна кўплаб жасадлар топилиши кутилмоқда», дея полиция матбуот котиби Аби Нараяннинг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Полиция ва туризм расмийларининг таъкидлашича, Непалда бедарак йўқолган 826 кишининг қарийб 600 нафари хорижликлардир. Бедарак йўқолган сайёҳларнинг 177 нафари Ҳиндистондан, 63 нафари АҚШдан, 34 нафари Австралиядан, 33 нафари Британиядан ва 25 нафари Канададан экани айтилмоқда. Шунингдек, бедарак йўқолганлар орасида Малайзия, Украина ва Россия фуқаролари ҳам бор.

2026-08-27 10.31.26

Хитой давлат ОАВларининг хабар беришича, Тибетнинг Жирон округида яна 558 киши бедарак йўқолган, уларнинг 260 нафари чет эл фуқаролари экани айтилмоқда.

Тасдиқланган видеоларда Жирон чегара пункти атрофида ўнлаб одамларни улкан сув ва вайроналар оқими оқизиб кетаётгани, оқимнинг қуйи қисмидаги Непалда эса уйлар, йўллар ва энергетика иншоотлари ювиб кетилгани акс этган.

Непалнинг фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича расмийлари Planet Labs сунъий йўлдош тасвирларини дастлабки ўрганишлари натижасини эълон қилди. Унга кўра, муз ва тош кўчкиси Непал-Хитойнинг Расувагади чегара пунктидан 20 км шимоли-шарқда жойлашган Ленде дарёсига вайроналарни олиб келган тошқинни юзага келтирган.