Эрон таслим бўлмади, Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатновида ҳамон жиддий узилишлар бор. Трамп бир вақтлар тўрт ҳафтада якунланишини башорат қилган ушбу можарони тугатишнинг аниқ йўли эса йўқ.
Кейинги ҳарбий зарбалар Эронни ён беришга мажбур қила олмаслигини тан олган АҚШ Теҳрон ҳокимиятини заифлаштириш умидида иқтисодий босим кампаниясига қайтмоқда. Давлат котиби Марко Рубио иттифоқчиларга АҚШ «ҳозирча» янги ҳужумлар уюштириши даргумон эканлигини айтди. Кейин нима бўлиши ноаниқ. Бироқ урушнинг эҳтимолий узоқ муддатли кўплаб оқибатлари — Қўшма Штатлар, Эрон ва жаҳон иқтисодиёти учун аллақачон намоён бўлмоқда.
Уруш бошиданоқ оммабоп эмас эди ва бориб-бориб янада нохуш тус олди. «Reuters/Ipsos» сўровномасига кўра, можаро бошланганидан бери Трампнинг рейтинги 40 фоиздан 33 фоизга тушиб кетган. Чунки ёқилғи нархининг ошиши – у сайловолди кампаниясида америкаликлар учун харажатларни камайтириш ҳақида берган ваъдани йўққа чиқарди.
Бундан ташқари, Трамп америкалик аскарларни хориждаги урушларга жалб қилмаслик, мавжуд урушларни тугатиш ваъдаси билан сайловолди ташвиқотини олиб борганди. Лекин, Нетаняҳунинг гапига кирган Трамп Эроннинг ракеталар кўпайтириши ва ядровий амбициялари чора кўришни талаб қилганини таъкидлаб, уруш бошлади. Бироқ у кўпчилик сайловчиларни бунга ишонтира олмади.
Фото: Reuters
Сўровномага кўра, мамлакатнинг бор-йўғи 31 фоизи можарони қўллаб-қувватлайди. Бу АҚШнинг Афғонистондаги урушига нисбатан ҳам пастроқ кўрсаткич.
Сайловчиларнинг юқори нархлардан ғазабланиши ноябрь ойидаги оралиқ сайловлар олдидан Трампнинг Республикачилар партияси учун ҳам муаммо туғдиради. Ушбу сайловларда улар Конгресснинг иккала палатасидаги кичик устунлигини сақлаб қолиши керак. Ушбу можаро, шунингдек, тезроқ якунланишини кўришни истайдиган яккаланиш (изоляция) тарафдори бўлган республикачилар ва Трамп Теҳронга ҳарбий босимни давом эттириши керак деб ҳисоблайдиган республикачи қонунчилар ўртасидаги зиддиятни янада чуқурлаштирди.
Уруш жаҳон иқтисодиётини ларзага келтирди — лекин хавфлар кутилганидан камроқ
Мавзуга оид
АҚШ ва Исроилнинг ҳужумлари иқтисодчиларда дарҳол хавотир уйғотганди. Чунки Эрон ва Ўмон ўртасида кенглиги 34 кмгача тораядиган Ҳўрмуз бўғози орқали урушгача дунё энергия таъминотининг тахминан бешдан бир қисми ўтиб келган. Узилишлар нефть нархининг кескин ошишига олиб келди ва глобал пасайиш қўрқувини келтириб чиқарди.
Нашрнинг ёзишича, зарар — сезиларли бўлди, аммо кўплаб иқтисодчилар дастлаб қўрққанидан кўра енгилроқ кечди. Халқаро валюта фонди уруш бошланганидан бери ўзининг глобал иқтисодий ўсиш прогнозини икки марта пасайтирди ва эндиликда январь ойидаги 3,3 фоизлик прогнозга қараганда, жорий йилда жаҳон иқтисодиёти 3,0 фоизга ўсишини кутмоқда.
Шунга қарамай, жаҳон иқтисодиёти 1970 йиллардаги нефть инқирозларига қараганда анча чидамлироқ эканини исботлади. Йирик иқтисодиётлар ўша вақтдагидан кўра камроқ энергия талаб қиладиган ҳолатда. Кучли харажатлар ва инвестициялар эса зарба таъсирини юмшатишга ёрдам берди.
Эрон яраланган, аммо мағлуб эмас
Эрон армияси ва иқтисодиёти жиддий зарар кўрди, аммо Теҳрон ҳамон ҳужумлар уюштириши ва Ҳўрмуз бўғозини ёпиқ сақлаб қолиши мумкин.
Май ойида АҚШнинг Яқин Шарқдаги бош ҳарбий қўмондони адмирал Бред Купер Конгрессга улар Эроннинг 161 та ҳарбий-денгиз кемасини йўқ қилгани ва унинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг 82 фоизини ишдан чиқарганини айтди. Унинг сўзларига кўра, аввалроқ кунига 100 тагача парвозни амалга оширган Эрон ҳаво кучлари энди бундай жанговар миссияларни бажармаяпти.
Шундай бўлса ҳам, Эрон дронлар ва ракеталарни ўзида сақлаб қолган. У минтақа бўйлаб юк ташиш кемаларига, Исроилга ва АҚШнинг ҳарбий объектларига муваффақиятли ҳужум қила олади.
Ҳўрмуз бўйидаги рамзий ҳайкал / Фото: Reuters
Уруш минглаб одамларнинг ёстиғини қуритди. Шу билан бирга Эронда иқтисодий инқироз чуқурлашди. Натижада инфляция янада ёмонлашган, савдо ҳам издан чиқа бошлади.
Эрон Статистика маркази маълумотларига кўра, июль ойида озиқ-овқат инфляцияси йиллик кесимда 128 фоизни ташкил этди. Бу эса Эрон ичидаги мухолиф фикрлилар ва қўзғолонларга яна туртки бериши мумкин.
Яқин Шарқ беқарорлашди ва бу АҚШ иттифоқчиларини хавф остида қолдирди
АҚШ-Исроил бошлаган уруш Эронни Яқин Шарқ учун хавф сифатида йўқ қилишга қаратилган эди. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бунинг ўрнига уруш Теҳронни дадиллаштирди ва минтақани хавфсизлик даражаси пастроқ ҳолатга тушириб қўйди.
Эроннинг Форс кўрфазидаги араб давлатларига ракета ва дрон ҳужумлари АҚШнинг ҳарбий ҳамда дипломатик объектларига зарба берди ва ҳаво қатновларини издан чиқарди. Эроннинг денгиз кемаларига ҳужумлари ва ҳусийларнинг Қизил денгизда ҳаракатлари бутун минтақа бўйлаб суғурта ва транспорт харажатларини ошириб юборди.
БААда Эрон ҳужуми оқибати / Фото: Reuters
Бунинг таъсири таъминот занжирларини издан чиқа бошлади ва Форс кўрфази иқтисодиётлари учун ноаниқликни янада оширди.
Май ойидаги АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Эроннинг тахминий ядровий «яратиш вақти» (breakout time) – олти ойлик муддатдан бир йилгача узайтирилган. Бу давр – бомба ясаш учун етарли миқдорда парчаланувчи модда ишлаб чиқариш учун кетадиган вақтни назарда тутади.
Эроннинг ядро қуролига эга бўлишининг олдини олиш – Трампнинг урушдаги энг асосий кўзланган мақсади эди. Аммо Эрон ядро дастурининг ҳақиқий ҳолати ноаниқ. Чунки БМТ инспекторлари Эроннинг ядровий объектларига қайтмаган. Халқаро Атом энергияси агентлиги (MAGATE) Эроннинг 60 фоизгача бойитилган қарийб 440 кг урани қаерда эканлигини тасдиқлай олмади. Бу уран 2025 йил июнь ойидаги АҚШ зарбаларидан олдин ёки кейин яшириб қўйилган.
Ушбу захира махфий иншоотда қурол даражасигача яна бойитилиши мумкин. Аммо, Эроннинг ўзи ядро бомбасини яратишга интилаётганини узоқ вақтдан бери инкор этиб келади.
АҚШ ҳарбий шайлиги сусайди
Уруш бошланганидан бери АҚШнинг 18 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди ва 750 дан ортиғи жароҳат олди.
Шунингдек, АҚШ армияси Эрон ўққа тутиши ҳамда бахтсиз ҳодисалар туфайли дрон ва самолётларини йўқотди. Май ойидаги Конгресс тадқиқот хизмати ҳисоботига кўра, ўзи бошлаган урушда АҚШнинг 42 та ҳарбий самолёти йўқ қилинган.
Ўқ-дорилар — асосий хавотирли муаммодир. Нашрнинг аввалги ҳисоботларига кўра, АҚШ армияси аниқ мўлжалга олувчи ва узоқ масофага учувчи ATACMS ракеталарининг глобал захирасидан «деярли тўлиқ» фойдаланиб бўлган.
Фото: Reuters
Стратегик тадқиқотлар марказининг ҳисоб-китобларига кўра, июль ойига келиб Қўшма Штатлар ўзининг «Patriot» ракетага қарши мудофаа тизими – ракета тутувчиларнинг қарийб 65 фоизини ишлатган. THAAD тутқичларининг захираси эса камида 38 фоизга қисқариб кетган.
Бундан ташқари, АҚШ ўзининг қирувчи самолётлари, ҳарбий кемалари ва бошқа техникаларини Европадан, Осиё-Тинч океани минтақасидан Яқин Шарққа кўчиришга мажбур бўлди. Бу ўз навбатида бошқа ҳудудлардаги АҚШнинг мавжудлиги ва ҳарбий шайлиги борасида саволларни туғдирмоқда.
Уруш туфайли «USS Gerald R. Ford» кемаси бир йилдан ортиқ вақт давомида хизматда бўлди. Бу Ҳарбий денгиз флотида Вьетнам урушидан бери ҳарбий кеманинг энг узоқ муддатли жойлаштирилишидир.
Айни пайтда америкалик сиёсатчилар «USS Abraham Lincoln» кемаси денгизда кетма-кет 200 кун бўлганидан сўнг, унинг бортидаги шароитлар юзасидан хавотир билдирмоқда. Ушбу авиаташувчи ўтган ҳафтада Тинч океанидаги бошқа авиаташувчига алмаштирилди.
Буларнинг барчаси, Трамп ва Нетаняҳу 6 ой аввал бошлаган уруш – АҚШнинг ресурсларини қанчалик зўриқтираётганини кўрсатмоқда.