Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Навоий кўчасида айрим кўп қаватли уйлар анъанавий бошқарув компаниялари хизматидан воз кечиб, ўзини ўзи бошқариш тизимига ўтган. Kun.uz Навоий кўчасидаги 35- ва 41-уйларнинг ўзини ўзи бошқариш кенгашлари раислари Абдураззоқ Хўжабеков ва Бахтиёр Қодиров билан суҳбатлашиб, бундай қарорга келиш сабаблари, тизимнинг афзалликлари ва ҳозирда дуч келаётган муаммолар ҳақида сўради.
— Бу уй ўзини ўзи бошқараётган уйлардан бири. Бундай қарорга қандай келдингизлар?
Абдураззоқ Хўжабеков, Навоий кўчасидаги 35-уйнинг ўзини ўзи бошқариш кенгаши раиси:
— 35-уй 2024 йил сентябрь ойида ўзини ўзи бошқаришга ўтган. Бундай қарорга келишимизга аввалги бошқарув тизимида хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлди.
Хусусан, молиявий муаммолар туфайли уч ой давомида уйга иссиқ сув етказиб беришда қийинчиликлар бўлган. Кўрсатилаётган хизматлар сифатида ҳам камчиликлар бор эди. Шунинг учун аҳоли билан маслаҳатлашиб, уйни ўзимиз бошқаришга қарор қилдик.
— Ўзини ўзи бошқариш тизими маъқул бўлдими сизларга?
— Бошида жуда қийин бўлди. Аввалги ҳисоб-китоблардаги чалкашликлар сабаб айрим қарзларни иккинчи марта тўлашга ҳам тўғри келди.
Амалда ишни деярли нолдан бошладик. Маъмурий ишлар, сантехник, электрик ва бошқа хизматларни бажарадиган ходимлар билан алоҳида шартномалар туздик. Хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан бевосита ишлай бошладик, зарур жойларда олдиндан тўловларни амалга оширдик. Биллинг тизимига ҳам кирдик.
Биринчи йил анча мураккаб кечди. Лекин ҳозир уйда кенгаш бор, ички назорат бор. 40 та хонадон бўлса, ҳар бир хонадон битта овозга эга.
Аҳоли орасида турли соҳаларни яхши биладиган одамлар бор. Кимдир ўз тажрибаси, кимдир касбий билими билан ёрдам берди. Менимча, энг катта ютуғимиз – доимий мулоқот ва ахборот алмашинуви.
— Бундай тизим қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиши мумкин?
— Биринчидан, қарорларни бир киши ёки кичик гуруҳнинг ўзи қабул қилишига йўл қўйилмайди. Ички назорат кучаяди, аҳолининг ташаббуси ортади. Энг муҳими, қарорлар коллегиал тарзда қабул қилинади. Ҳамма нарса марказдан келадиган қарорга боғлиқ бўлиб қолмайди.
— Масалан, уйга янги ускуна ўрнатиш керак бўлса, сифатсиз маҳсулотни ўтказиш ёки маблағни нотўғри сарфлашнинг олдини олиш имкони ҳам ошадими?
— Албатта. Ҳар қандай уйда модернизация керак бўлади. Бу лифт, иситиш тизими, қувурлар ёки бошқа инфратузилма бўлиши мумкин.
Лекин буларнинг барчаси маблағга боғлиқ. Мавсум олдидан тайёргарлик қилиш, бюджетни тўғри режалаштириш ва маблағни самарали ишлатиш керак. Масалан, ҳозир уйимизда подъездларни электр энергияси билан таъминлаш учун қуёш панелларидан фойдаланиш имкониятини муҳокама қиляпмиз.
Бундай масалаларни уй аҳолиси муҳокама қилади. Кўпчилик рози бўлгандан кейингина қарор қабул қилинади. Шунинг учун кимдир бизга маълум бир маҳсулотни мажбуран ўтказиши анча қийин.
— Монополист сизларга ўз маҳсулотини ўтказа олмайди...
— Шундай. Бизга лифтларни алмаштириш бўйича таклиф бўлган. Таклифни ўргандик, таклиф қилинаётган лифтларни уйимиздаги мавжуд лифтлар билан солиштирдик. Аҳолининг кўпчилиги ҳозирги лифтларни алмаштиришга зарурат йўқ, деган фикрга келди. Шунинг учун бу таклифга қарши фикр билдирдик.
— Сизлар Kun.uz'га мурожаат қилдингизлар. Муаммо нимада?
— Жорий йил апрель ойида қурилиш ва уй-жой коммунал соҳаси назорати билан шуғулланувчи инспекция вакиллари келиб, фаолиятимизни мониторинг қилди.
Бизга ўндан ортиқ савол берилди. Биллинг тизими, тўловлар, лифт хизмати ва бошқа масалалар бўйича маълумот бердик. Шунда диспетчерлик хизмати масаласи кўтарилди.
Биз тушунтирдик: уйда бу вазифа масъул кишиларга юкланган. Аҳоли телефон орқали мурожаат қилади. Масалан, сантехника билан боғлиқ муаммо бўлса, масъул шахс хизмат кўрсатувчи сантехник билан боғланиб, масала ҳал қилинади.
Шунга қарамай, кейинчалик «диспетчерлик маркази фаолият кўрсатмаяпти» деган асос билан жарима расмийлаштирилди. Менинг фикрим тўлиқ эшитилмади. Кейин яна худди шу масала бўйича иккинчи марта жарима қўлланди.
4 августга келиб эса биллинг тизими орқали Навоий кўчасидаги 35-уйни биллинг тизимидан чиқариш мумкинлиги ҳақида хабарнома келди.
Бизга кетма-кет 6 млн сўмдан уч марта, жами 18 млн сўм жарима қўлланди.
— Бу жараёндан қандай хулосага келяпсиз?
— Менинг фикримча, мақсад – мана шундай ўзини ўзи бошқараётган тизимни «бўғиш». Жарималар орқали фаолларни бездириш, уларни бу ишдан воз кечишга мажбур қилиш ва охир-оқибат уйларни яна кўплаб биноларга бир вақтнинг ўзида хизмат кўрсатадиган бошқарув ташкилотларига бириктиришга олиб келиш мумкин.
Менинг тушунишимча, тизим қанчалик марказлашган бўлса, уни назорат қилиш ва қарорларни ўтказиш шунчалик осон бўлади. Лекин бу ерда жамоанинг қарори бор. Биз жамоа вакили сифатида чиқяпмиз.
Замонавий технологиялар бор: телефон, Telegram, WhatsApp, электрон почта орқали аҳоли билан доимий алоқада туриш мумкин. Нима учун албатта алоҳида бир жой қуриб, у ерда кимдир 24 соат телефон олдида ўтириши керак?
Муаммони ҳал қилишнинг бошқа самарали усуллари бўлса, улар ҳам тан олиниши керак. Ҳар бир уй учун ягона қолипдаги талабни қўллаш тўғри эмас, деб ҳисоблайман. Мен бу ёндашувни ўзини ўзи бошқарув тизимини бўғиш ва йўқотишга қаратилган ҳаракат, деб баҳолайман.
— 41-уйда ўзини ўзи бошқариш тизими қачондан бери ишлаяпти?
Бахтиёр Қодиров, Навоий кўчасидаги 41-уйнинг ўзини ўзи бошқариш кенгаши раиси:
— Бешинчи йилдирки, уйимизни ўзимиз бошқариб келяпмиз. Бу қарорга келишимизга аввалги ТЧСЖ фаолиятидан норозилигимиз сабаб бўлган.
Биз хизмат учун пул тўлардик, аммо газ, электр ва сув каби хизматлар бўйича белгиланган тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган ҳолатлар бўлган. Қишда ҳатто уч-тўрт кунлаб газсиз қолган пайтларимиз бўлди.
Шундан кейин аҳоли билан йиғилиб, уйни ўзимиз бошқаришга қарор қилдик. Бизга таклиф қилинган бошқарув шакллари орасидан ўзини ўзи бошқариш тизимини энг мақбул деб топдик.
Ҳозир бешинчи йил. Газ, электр, сув ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келяпмиз.
— Сизлар ҳам ҳозир қандайдир тўсиқларга дуч келяпсизларми?
— Ҳа. Айрим мутасаддилар томонидан бизни яна аввалги бошқарув шаклига қайтаришга уринишлар бўляпти, деб ҳисоблаймиз.
Бир ҳолатда уй аҳолиси гўё бошқа бошқарув ташкилотига қайта қўшилишга рози бўлгани ҳақида маълумот берилган. Шундан кейин мен хонадон эгаларини йиғиб, яна мажлис ўтказдим. Йиғилишда аҳоли бундай қарор қабул қилмаганини ва аввалги тизимга қайтишни истамаслигини билдирди.
Шунинг учун биз ўз танлаган бошқарув шаклимизни сақлаб қолишни хоҳлаймиз. Ҳатто бизнинг тажрибамизни бошқа уйлар учун намуна сифатида ўрганиш мумкин, деб ўйлайман.
— Ўзини ўзи бошқаришнинг аҳоли учун асосий афзаллиги нимада?
— Биринчидан, бир уйда яшайдиган одамлар катта бир оилага ўхшаб қолади. Уйимизни ўзимиз бошқарамиз. Коммунал тўловларни вақтида амалга ошириш ўз назоратимизда.
Иккинчидан, бошқарув тизимини анча ихчам қилганмиз. Алоҳида гуруҳимиз бор, кечаю кундуз алоқадамиз. Муаммо пайдо бўлса, тезкор равишда ҳал қилишга ҳаракат қиламиз.
Диспетчерлик вазифасини ҳам ўз имкониятимиздан келиб чиқиб ташкил қилганмиз. Бунинг учун уйга ортиқча харажат қилиб, катта штат ёки алоҳида диспетчерлик биноси ташкил қилишни зарур деб ҳисобламаймиз.
Учинчидан, ўз аҳолимиз орасидан ишга муҳтож одамларни иш билан таъминлаганмиз. Ҳозир уйимиздаги беш киши шу тизим доирасида ишлаб, маош оляпти.
Шунинг учун биз учун бу фақат коммунал хизматларни ташкил қилиш эмас. Бу – ўз уйимиз учун ўзимиз масъул бўлиш тизими.
Биз эски тизимга қайтишга рози эмасмиз.






