Microsoft асосчиси Билл Гейтс сунъий интеллект токенлари ва роботларга махсус солиқ жорий этиш таклифи билан чиқди. Миллиардер ўзининг шахсий блогида эълон қилган янги мақоласида ушбу ташаббусни илгари суриб, технологияларнинг кескин ривожланиши меҳнат бозорида жиддий инқирозларни келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ҳозирда иш берувчи ходим ёлласа, унинг маошидан даромад ва ижтимоий солиқлар тўлайди. Агар компания робот ёки СИ тизимини сотиб олса, буни бизнес харажати сифатида солиқдан чегириб ташлаши мумкин. Бу тизим компанияларни одамлар ўрнига машиналардан фойдаланишга ундаяпти
Автоматлаштириш туфайли келгуси ўн йилликда мижозларни қўллаб-қувватлаш, дастурлаш ва юридик ёрдамчи каби кўплаб соҳаларда инсон меҳнатига эҳтиёж қолмаслиги мумкин. Одамлар ишини йўқотса, давлатга тўланадиган даромад солиқлари ҳажми камаяди. Шу билан бирга, ишсизларни қайта ўқитиш ва ижтимоий нафақалар учун харажатлар кескин ошади.
Билл Гейтснинг таъкидлашича, робот ва СИ солиғидан йиғилган маблағлар қуйидаги мақсадларга йўналтирилиши зарур:
Ишидан айрилган инсонларни янги касбларга қайта ўқитиш;
Жамиятда ижтимоий ҳимоя тизими ва хавфсизлик тармоқларини кучайтириш;
Тиббиёт ва таълим каби СИ хизматларини арзонлаштиришга қаратилган соф фойдали лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш.
Гейтс, солиқ солишдан ташқари, айрим соҳаларни қонуний равишда фақат инсонлар меҳнати учун сақлаб қолишни таклиф қилди. Унинг фикрича, болалар парвариши, кексалар ва беморларни парвариш қилиш, таълим ҳамда руҳий саломатлик каби инсоний ҳамдардлик ва мулоқот талаб этиладиган касбларда роботлар одамларнинг ўрнини босмаслиги керак.









