Тадбирда Жамият тизимидаги “Гидропроект” АЖ ҳамда бошқа ташкилотларнинг масъул раҳбарлари, “Turonbank” АТБ мутасаддилари, шунингдек, 20 нафарга яқин тадбиркорлар иштирок этди.

Мулоқот аввалида Президентимиз ташаббуси ҳамда қўллаб-қувватлови остида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, истиқболли лойиҳалар, кичик ва микро ГЭСлар қурилиши, маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамда тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар юзасидан батафсил тақдимот ўтказилди. Жумладан, тадбиркорларга кичик ва микро ГЭСлар учун мақбул ҳудуд ва локацияларни аниқлаш, лойиҳалаштириш, техник ечим ва зарур гидроагрегат, турбина, генератор ҳамда бошқа ускуналарни танлаш, етказиб бериш, қурилиш-монтаж ишларини ташкил этиш ва объектларни ишга туширишга қадар бўлган жараёнлар бўйича батафсил амалий тушунтиришлар берилди.

Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар ўз лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида дуч келаётган масалалар юзасидан соҳа мутасаддилари билан бевосита зарурий ахборот алмашдилар.

Мутахассислар томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, техник талаблар, ускуналарни танлаш ва етказиб бериш, қурилиш-монтаж ишлари, объектларни ишга тушириш, шунингдек, лойиҳаларни молиялаштириш масалалари юзасидан саволларга аниқ ва амалий жавоблар берилди. Шунингдек, “Turonbank” мутасаддилари томонидан имтиёзли кредитлардан фойдаланиш имкониятлари, молиялаштириш шартлари ва зарур тартиб-таомиллар бўйича тушунтиришлар берилди.

Жамият хусусий сектор вакилларининг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларни нолдан бошлаб, уларни тўлиқ ишга туширишга қадар бўлган барча босқичларда зарур ташкилий, техник ва амалий кўмакни кўрсатиш бўйича қатъий позициясини билдирди. Бунда тадбиркорларнинг ҳар бир ташаббусини қўллаб-қувватлаш, юзага келаётган масалаларни жойида ўрганиш ва уларга амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Тадбирда миллий саноатни ривожлантириш ва маҳаллийлаштириш йўналишида фаолият олиб бораётган “UzHydroPower” заводининг имкониятлари ҳам алоҳида таъкидланди. Хитойнинг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур қўшма корхона қуввати 1 кВтдан 40 МВтгача бўлган замонавий гидроагрегатлар, турбиналар, генераторлар, сув насос агрегатлари ҳамда сув омборлари учун металл конструкциялар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Заводнинг мавжуд ишлаб чиқариш салоҳияти кичик ва микро ГЭС лойиҳаларини амалга оширишда маҳаллийлаштирилган, замонавий ва рақобатбардош ускуналар билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиради.

Мулоқот якунида тадбиркорлар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилиб, кўтарилган масалалар бўйича амалий ечимлар белгилаб олинди ҳамда масъулларга тегишли вазифалар юклатилди. Мазкур очиқ мулоқот гидроэнергетика соҳасида тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри ва тизимли ҳамкорликни кучайтириш, уларга яратилган имкониятларни кенг тарғиб этиш, лойиҳаларни молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда кичик ва микро ГЭСлар қурилишида хусусий сектор фаоллигини янада оширишга хизмат қилади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Матбуот хизмати