Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида камбағалликни қисқартириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Иқтисодий комплекснинг барча раҳбарлари президент топшириғи асосида Хоразмда қолиб, камбағаллик билан ишлаш тизимини ўзгартириш бўйича таҳлил ўтказди.
Икки ҳафта давомида вилоятдаги 81 минг камбағал аҳоли, яъни 19 минг оиланинг ҳолати ўрганилди. Ушбу оилаларда 12 минг ишсиз ва 10 минг даромади паст аҳоли борлиги аниқланди.
Айни пайтда Хоразмдаги тадбиркорлар қурилиш соҳасига 4 минг, хизматлар соҳасига 3 минг ва саноатга 2,5 минг ишчи изламоқда.
Масъулларга ишсиз ва кам даромадли аҳолини корхоналар талаби асосида касбга ўқитиб, иш билан таъминлаш имкониятларини ишга солиш вазифаси қўйилди.
Мавжуд бўш иш ўринлари ва касбга тайёрлаш имкониятларидан фойдаланиш орқали камбағал оилалардаги 10-15 минг нафар аҳоли даромадини ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Хоразмда ўрганилган камбағал оилаларда 48 минг нафар бола борлиги қайд этилди. Бироқ масъулларда ушбу ёшлар билан алоҳида шуғулланиш ва уларни ҳозирдан касб-ҳунарга жалб этиш бўйича махсус дастур мавжуд эмас.
Вилоятнинг ҳар бир туманида камида 1-2 тадан техникум ва 4-5 тадан ўқув маркази фаолият юритяпти. Ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаолларига мактаб, техникум ва ўқув марказларида камбағал оилалар фарзандлари учун қўшимча тўгараклар ташкил этиш вазифаси белгиланди.
Хоразмда камбағал оилалардаги 10 мингдан зиёд аёл бола парвариши билан банд. Бундай оилалар фарзандларининг боғча қамрови 75 фоизга ҳам етмаслиги кўрсатиб ўтилди.
646 нафар коллеж ўқувчиси ҳамда олийгоҳ талабасининг ҳудуддаги янги лойиҳалардан келиб чиқиб, дуал таълим асосида касбий кўникмаларини ошириш имконияти бор.
Шунингдек, камбағал оилалардаги пенсия ёшидаги ва ногиронлиги бўлган 526 нафар инсонга ижтимоий ёрдамни кучайтириш орқали парвариш билан банд оила аъзоларига даромадли меҳнат билан шуғулланиш учун имконият яратиш мумкинлиги таъкидланди.

Хоразм мисолидаги таҳлиллар барча вилоятларга тааллуқли экани қайд этилиб, камбағаллик билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши белгиланди.









