ФА Энергетика ва автоматика институти тугатилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 июлдаги қарори билан Ўзбекистон Фанлар академияси Энергетика ва автоматика институти тугатилмоқда, деб хабар қилмоқда Газета.уз
Институт базасида «Ўзбекэнерго» АЖ Илмий-техника маркази ташкил этилиб, тугатилган муассасанинг аттестациядан ўтган илмий ва муҳандис ходимлари ишга қабул қилинади.
Қарорда таъкидланишича, қайта ташкил этиш электр энергетика соҳасида илмий-техникавий ривожланиш даражасини тубдан ошириш ва замонавий юқори самарали технологияларни жорий этиш, электр энергетика корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашнинг стратегик дастурлари амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, бунинг учун зарур бўлган замонавий илмий-тадқиқот ва лаборатория базаларини шакллантиришга йўналтирилган.
58 штат бирлигига эга марказ электр энергетикани ривожлантиришнинг долзарб илмий-технологик вазифаларини ҳал этишга йўналтирилган ишланмалар ва амалий илмий-тадқиқотларни олиб бориш, шунингдек, мазкур соҳадаги истиқболли маҳаллий ишланмаларни, илғор хорижий технологиялар ва ускуналарни апробация қилиш, синаб кўриш ва амалий татбиқ этиш ишларини олиб боради.
Марказ вазифалари қаторига республикада электр энергетикасини янада барқарор ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва бунинг асосида электр энергетикани, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни жадал кенгайтириш ҳисобига ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган модернизациялаш ва ривожлантириш дастурларининг лойиҳаларини тайёрлаш ҳам киритилган.
Энергетика ва автоматика институти сайти маълумотларига кўра, муассаса 1941 йилда ташкил этилган. Унинг асосий фаолияти энергетик муаммоларни тадқиқ қилишга қаратилган.
Давлат раҳбари қарори билан «Ўзбекэнерго» ташкилий тузилмаси ва ижро аппарати тузилишини янгилаш ҳам белгиланган. Истиқболли ривожланиш ва инвестициялар бўйича раис ўринбосари лавозими қўшилиши муносабати билан АЖ раиси ўринбосарлари сони бештадан олтитага оширилди.