Бишкекда ўтган «ШҲТ+» саммити майдонида аъзо давлат лидерлари ўзаро учрашувлар ҳам ўтказди. Россия президенти Путин ва Арманистон бош вазири Пашинян ОАВ учун очиқ учрашув давомида тортишиб қолди. Албатта, тортишув маданият чегарасидан чиқмади, лекин баёнотлар бир-бирини кескин рад этарди...
Референдум масаласи
Пашинян ва Путин камералар қаршисида 15 дақиқа очиқ учрашув ўтказди. Биринчи бўлиб Россия президенти сўз олди ва Арманистон иқтисодиёти Москвага қанчалик боғлиқ экани ҳақида фактлар келтирди. Хусусан, Россиянинг Арманистон иқтисодидаги ҳиссаси 30 фоизни ташкил этиши, бу борада энг асосий ҳамкор экани, ўзаро товар айланмаси йил бошидан буён 2,5 миллиард долларни ташкил этгани ҳақида гапирди.
Шунингдек, Путин «Арманистондаги энг йирик солиқ тўловчи корхоналар Россия компаниялари эканини» эслатди. Россия президенти Арманистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилганидан кейин мамлакат ялпи ички маҳсулоти уч бараварга кўпайиб, 29 миллиард доллардан ошганига ҳам эътибор қаратди.
Путиннинг нутқидаги асосий мавзу эса табиийки Арманистоннинг Европа Иттифоқига интилиши бўлди. Путин олдинроқ Европага юз тутган Арманистонга Украинанинг тақдирини эслатганди. Ўзаро учрашувда Путин Арманистон Европа Иттифоқига қўшилишига қарши эмаслиги, лекин арманларнинг Россия бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги тақдири мужмал бўлиб қолишини айтди. Яъни, Путин Пашинянга навбатдаги марта аниқ қилиб айтди: танланг, ё биз ёки Европа!
Россия президенти бу масалани референдум билан ҳал қилиш тўғрилиги, Пашинян ўзаро суҳбат вақтида бунга қарши эмаслиги ҳақида гапирганини эслатди. Пашинян эса Арманистон Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш тўғрисида қонун қабул қилиш орқали референдумга эҳтиёж қолдирмаганини айтди: «Биз бу қонунни жамоатчилик ташаббуси билан қабул қилдик. Ўша пайтдаёқ қонунни қабул қилиш орқали амалда референдум ғоясидан воз кечиб бўлгандик».
«Бу Россияга қарши иш эмас»
Пашинян Арманистоннинг ЕИга интилиши мамлакат ЕОИИ таркибида бўлишига халақит берадиган ҳеч қандай омил кўрмаётганини айтди: «Биз Арманистоннинг Россия ва ЕОИИдаги шериклари билан келишувлар базасини ўрганиб чиқиб, ЕИга интилишимиз бу келишувларга ҳеч қандай даҳл қилмаслигини таҳлил қилдик. ЕОИИ ташкил этилиши тўғрисида келишувда ҳам аъзо давлат уни тарк этмоқчи бўлса, нима қилиши кераклиги аниқ келтирилган. Бу келишувда аъзо давлатни четлатиш ҳақида гап йўқ. Иттифоқни тарк этмоқчи бўлган давлат олти ой аввал ҳамкорларни бу ҳақда огоҳлантириши айтилган холос».






