Нью-Йорк (АҚШ) Таълим департаменти кичик ва ўрта мактаб ўқувчиларига ўқув жараёнида сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланишни тақиқлайди. Бу ҳақда Американинг Politico, The Daily News ва The New York Times каби оммавий ахборот воситалари ёзди.

Уларнинг маълумотларига кўра, департамент тақиқни 2 сентябрь куни эълон қилади ва у келаси ҳафтадан кучга киради. Айрим топшириқларни тайёрлашда сунъий интеллектдан фойдаланишга фақат 9-синфдан, яъни тахминан 13–14 ёшдан бошлаб рухсат этилади.

Манбаларнинг хабар беришича, янги қоидалар, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва бошланғич синф ўқувчилари учун таълим даргоҳларида гаджетлардан фойдаланишни ҳам чеклайди. Юқори синф ўқувчиларига ҳам ўқишда сунъий интеллектдан фақат «чекланган» даражада фойдаланишга рухсат берилади, бироқ улар айрим курсларда ва баъзи топшириқларни бажаришда ундан фойдаланиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, қоидаларда ўқувчиларнинг сунъий интеллектдан фойдаланиши қандай назорат қилиниши кўрсатилмаган.

Аввалроқ Нью-Йорк ҳукумати ўқувчиларга бир қатор топшириқларни, жумладан, тадқиқот ва ижодий лойиҳаларни тайёрлашда сунъий интеллектдан фойдаланишга рухсат берувчи ҳужжатни тақдим этган эди. ОАВ ёзишича, бу кўплаб ота-оналар ва жамоатчилик танқидига сабаб бўлган.