Жамият | 00:14 / 17.08.2016
7964
2 дақиқада ўқилади

Актёр Жонни Деппнинг рафиқаси унинг устидан судга берган даъво аризасини қайтариб олди

Фото: © EPA

Актёр Жонни Деппнинг рафиқаси актриса Эмбер Херд турмуш ўртоғини уни калтаклашда айблаб судга берган даъво аризасини қайтиб олди.

People журналининг электрон версиясида айтилишича, жуфтлик ўзаро эътирозларини судгача тартибда ҳал қилишди.
Журнал маълумотларига кўра, Херд вақтинчалик қўриқлаш ордери тақдим қилиш ҳақидаги илтимосномасини қайтиб олган. Аввалроқ суд Деппга рафиқасига 100 ярдга (91 метр) яқинроқ келишни тақиқлаб қўйганди. Маълум қилинишича, актёр ва актриса ажрашишлари бўйича ишни ҳам тинчлик билан ҳал қилишган. Нашр маълумотларига кўра, Депп рафиқасига 7 млн доллар беришга рози бўлган.  

"Бизни доимо эҳтиросли, баъзида ўзгарувчан, бироқ муҳаббатга йўғрилган муносабатлар бирлаштириб турган. Бизлар ҳеч қачон бир-биримизни молиявий фойда учун айбламаганмиз ҳамда атайлаб жисмоний ёки ҳиссий оғриқ етказишни истамаганмиз", деб жуфтликнинг баёнотини келтириб ўтди журнал.

Баёнотда, шунингдек, Херд Деппдан олинган пулларни хайрия ишларига сарфлаши айтилган. 
Май ойида Херд қасамёд остида Депп унга мобиль телефон улоқтиргани ва юзига тарсаки туширганини айтган. Актриса судга юзидаги тирналиш ва маматалоқ излари бўлган суратни тақдим қилган. Ушбу иш бўйича суд жараёни 17 августда бошланиши керак эди. 
52 ёшли Депп ва 30 ёшли Херд 2015 йил февралда никоҳ қуришганди.