Шимон Перес вафоти: У барчаси тугагач, органларидан фойдаланишларига рози бўлган
«Шиба» шифохонаси тиббий ходимлари Исроилнинг собиқ президенти Шимон Переснинг ўлимолди оғриқларини, азобларини енгиллаштириш учун қўлларидан келган барча ишни қилишди. Лекин Перес 28 сентябрь куни, 93 ёшида оламдан ўтди. 2 ҳафта олдин унда инсульт қайд этилганди.
Сиёсатчининг ўзи кўнгилли равишда ўлимидан сўнг органларидан донорлик мақсадларида фойдаланишга рухсат берган. Бу ҳақда унинг шахсий шифокори Рафи Вальдман маълум қилди.
«Шимон Перес бизни азоб-уқубатларсиз тарк этди. «Шиба» клиникасининг ажойиб шифокорлари то сўнгги дақиқага қадар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашишди ва у ҳаётдан азоб-уқубатсиз кўз юмиши учун қўлларидан келганча ҳаракат қилишди», — деди Переснинг куёви ҳам ҳисобланадиган шахсий шифокори Рафи Вальдман.
Унинг қўшимча қилишича, собиқ президентнинг хоҳиш-иродасига кўра, қариндошлари унинг кўз гавҳарини трансплантация (даволаш мақсадида организмнинг бир жойини ёки бир қисмини кесиб олиб бошқа жойга ўрнатиш) орқали муҳтож беморга ўтказилишига рози бўлишган.
Переснинг вафоти муносабати билан Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ва АҚШ президенти Барак Обама ўз ҳамдардликларини билдиришди.
Америка етакчиси вафот этган сиёсатчини ўзининг дўсти ва “инсоният йўлини ўзгартиришга қодир” киши сифатида эътироф этган.
Исроил президенти Раввин Ривлин Украинага ташрифини муддатидан олдин тўхтатиб, Исроилга қайтган.
Исроил ҳукумати 28 сентябрь, маҳаллий вақт билан соат 10:00да сиёсатчини сўнгги йўлга кузатиш тадбирини ташкиллаштириш мақсадида махсус мажлис чақиртирди. Haaretz нашри тарқатган хабарга кўра, дафн этиш маросими 30 сентябрь куни бўлиб ўтади.
1923 йилнинг 2 августида ўша пайтда Польшанинг Новогруд воеводалигидаги Вишняваси (ҳозирги Беларуснинг Минск вилояти)да туғилган Шимон Перес Исроил давлатининг энг сўнгги асосчиларидан бири, унинг ҳарбий-саноат мажмуаси ва ядровий дастури яратувчиси ҳамда Яқин Шарқдаги тинчлик жараёни меъмори ҳисобланарди. Отаси ёғоч материаллар сотиб олиш билан шуғулланган, онаси эса рус тили ўқитувчиси бўлган. 1934 йилда Переснинг оиласи Фаластинга кўчиб ўтган.
Перес 1984 йилдан 1986 йилгача Исроилнинг тўққизинчи, 1995 йилдан 1996 йилгача ўн иккинчи бош вазири, 2007 йилдан 2014 йилгача президенти бўлган. 12та ҳукуматда турли вазирликлар раҳбарлари лавозимларини эгаллаган. Фаолияти 70 йил давом этган, Исроилнинг энг кекса сиёсатчиси ва давлат арбоби.
Перес 1994 йилда Ёсир Арофат ва Ицхак Рабин билан бирга тинчлик учун Нобель мукофоти билан тақдирланган.