Исроилда янги ҳукумат тузиш жараёни 8 ноябр куни расмий босқичга ўтди. Шу куни Исроил президенти Исхак Ҳерцог «Яшар» партияси раҳбари Гади Айзенкотга ҳукумат тузиш ваколатини топширди.

Айзенкот барча исроилликлар учун ҳукумат тузишга ваъда берди. «Миллий фавқулодда ҳукумат тузишимиз керак. Ижодий ва ноанъанавий сиёсий қадамлар талаб этилади», деди у. 4–5 ноябр кунлари Исроил президенти партиялар билан маслаҳатлашув ўтказганди. Унда 67 депутат Айзенкотни, 46 депутат эса Исроилнинг амалдаги бош вазири Бинямин Нетаняҳуни тавсия қилди. Ултраортодокс «Бирлашган Таврот иудаизми» партиясининг 7 депутати ҳеч кимни тавсия қилмади. New York Times’га кўра, ушбу партия Айзенкот билан муросага тайёр бўлиши мумкин.

Айзенкотни икки араб партияси – «Қўшма рўйхат» ва «Раъам» ҳам тавсия қилди, аммо бу уларни коалицияга киришга мажбур қилмайди. Ликуд энг кўп ўрин олган бўлса-да, қонунга кўра президент ҳукумат тузиш имконияти юқорироқ номзодни танлайди.

Сайлов натижалари

Айзенкотнинг вазифасини сайлов натижалари мураккаблаштирмоқда. Марказий сайлов комиссияси 4 ноябр куни тасдиқлаган расмий натижаларга кўра, ҳеч бир блок 120 ўринли парламент – Кнессетда 61 ўринга ета олмади.

Image

Нетаняҳу бошчилигидаги ўнг ва диний партиялар блоки 53 ўрин олди. Айзенкот атрофидаги тўрт яҳудий мухолифат партияси 48 ўринни, араб партиялари эса рекорд даражадаги 19 ўринни қўлга киритди. Ликуд 27 ўрин билан энг йирик партия бўлиб қолди, «Яшар» эса 21 ўрин билан иккинчи бўлди. Сайловчиларнинг қарийб 78 фоизи овоз берди.

Айзенкот ким?

Гади Айзенкот Исроилда яхши танилган ҳарбий, сиёсатга 2022 йилда кирган. NYT’га кўра, 66 ёшли собиқ генерал марокашлик муҳожирлар оиласида туғилган ва мамлакат жанубидаги Эйлат шаҳрида улғайган.