Наина Ельцина: Никита Михалков мамлакатимиз ривожи учун ишлаган кишиларни ҳақорат қилмоқда
Россия биринчи президентининг рафиқаси Наина Ельцина режиссёр Никита Михалковнинг “Борис Ельцин номидаги президентлик маркази”ни (Ельцин-марказ) болаларнинг миллий ўзлигини англашига ҳалал бераётгани ҳақидаги танқидига жавоб қайтарди. Унинг сўзлари yeltsin.ru сайтида келтирилган.
«Унинг бир неча ойлар давомида Россиянинг биринчи президенти музейида мамлакат тарихи қандай тақдим этилгани борасида ёлғон тарқатишидан ҳайратдаман. У ўша йилларда мамлакатимиз ривожи учун ишлаган кишиларни тўғридан-тўғри ҳақорат қилмоқда», - деб ёзган Ельцина.
Унинг таъкидлашича, Михалков Ельцин-марказга бирон марта ҳам келмаган, ва ушбу муассасанинг фаолияти ҳақида ўз фикринини билдиришга ҳақли эмас.
Аввалроқ, таниқли режиссёр Ельцин-марказни танқид қилиб чиққанди. Унинг сўзларига кўра, муассаса ҳар куни болаларнинг ўзини-ўзи англашига ҳалақит бермоқда, сабаби Россия тарихи борасида нохолис баҳо беради.
Маълумот учун, «Борис Ельцин номидаги президентлик маркази» Екатеринбургда 2015 йилнинг ноябрида очилган. У Россияда президентлик институтини ўрганиш ва уни ривожлантириш, ҳуқуқий давлат қуришга кўмаклашувчи ташкилот сифатида танилган бўлиб, ўз ичига музей, кутубхона, архив, таълим ва болалар маркази, шунингдек кўргазма залларини қамраб олади.