Мен энг кўп қўрқадиган нарса — маданий тилдаги сиёсий тарғибот. Бу ўта даҳшатли қурол. Одамларнинг маънавий-ахлоқий ҳиссий ҳолатига таъсир этувчи тажовузкор ташвиқотдан-да ҳалокатли куч йўқ.  Пропаганда давлатнинг ўз халқига қилган ёвуз жиноятидан бошқа нарса эмас. Ташвиқот стандартларини қўллайдиган қурилмага айланиб қолган ҳукуматнинг ягона мақсади — муаммоларни бартараф этишга чоғланган одамларни ўз маслагидан чалғитишдир.

Александр Сокуров, кинорежиссёр, Россия халқ артисти.

Нега Европа дейишса одамлар тўтиқушдек фақат бир иллатни гапиради? Демократия, инсон ҳақ-ҳуқуқлари тушунчаси қачондан бошлаб ахлоқсизликка тенг бўлиб қолди? Нима учун юрт озодлигини, мустақиллигини асрашни  ўйламасдан нуқул қайсидир давлатга қарамлик ҳақидаги таъкидлар, ҳатто орзулар кучайди? Қачондан бошлаб нажотни ўзимиздан эмас, ўзгалардан излайдиган бўлиб қолдик? Ватан манфаати билан бир ҳовуч гуруҳ манфаати ўртасидаги тафовутни нега илғай олмаяпмиз? Нима учун сўзлашув луғатимизда «ўттизинчи йиллар»нинг совуқдан совуқ иборалари — «ватан хоини», «халқ душмани», «хорижий агент» каби жумлалар яна қайта тирилди? Нега халқ золим мустабидларга мубтало бўлади? Ўзини қон қақшатган қўлларни севади?

Борган сари миямиздаги занжирларнинг шақир-шуқур шовқини кучайиб бораётгандек. Ўзбекистон ОАВдаги узоқ йиллик қаттиқ цензура, зерикарли якранглик сабаб халқимиз ўзга давлат марказий телевидениесининг чин мухлисига айланди. Давлат ўз қўли, ўз ихтиёри билан халқини ғоявий жиҳатдан хавфли давлат мафкураси изнига топшириб қўйганини, майда-ички сиёсий амбициялар туфайли катта сиёсатда ютқазаётганини сезмай қолди.

Нарёқдагилар суҳбатларнинг «султони» ғийбатни шоу санъатига кўчиришни қойиллатарди. Бора-бора одамларнинг индивидуал истаклари, шахсий танловлари, парда орти сирларига банди издиҳом «биз сиёсатни тушунмаймиз», «катталар нима қилаётганини ўзи яхши билади» деган догмада қотди қолди. Дарвоқе, у шоуларда ноодатий ҳаёт тарзи ҳақидаги гаплар ҳам сиздирилар, баҳонада устамонлик билан Ғарб дунёси томон шағалча отиб қўйиларди. Бора-бора ўша шағалча харсанг тошга, харсанг тош эса ракетаю танкларга айланди.

Эсимда, 2015 йилда Андрей Малаховнинг кўрсатувига СССР халқ артисти Малика Каландарова эндиликда қиз бола андомига кирган «ўғли» билан иштирок этди. Тожикистонлик машҳур раққоса узоқ йиллар олдин оиласи билан Америкага кўчиб кетганди. Унинг ўғли ҳаётидаги энг зиддиятли, қалтис қарорни ўша ерда қабул қилади. Қиссадан ҳисса шуки, туппа-тузук шарқнинг боласи Ғарбга бориб айнийди! Осонгина чиқарилган бундай хулосанинг олдида каландаровалар оиласининг кулфати атрофида айланаётган гап-сўзлар бир пул. Албатта, ўз ишининг устаси бўлган Малахов ҳеч қачон ҳукмфармо таъкид оҳангида гапирмайди, у касб этикаси ҳадисини олган журналист. Лекин томошабиннинг ўзи  шу фикрга эмаклаб келиши учун дарча очиб қўяди.